Ўзбекистон замонамизнинг долзарб муаммосига айланган сув масаласига бефарқ эмас
Архив сурат
БМТ маълумотига кўра, ҳозир дунё миқёсида 2 миллиард киши тоза ичимлик сувидан фойдалана олмайди, 3,6 миллиард инсон хавфсиз санитария шароитига эга эмас.
Бу ҳақда 22 — 24 март кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида тузилманинг Сув масалалари бўйича конференциясида маълум қилинди.
Унда 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш мақсадлари йўлида обиҳаёт орқали дунёни бирлаштириш, сайёрамиз фаровонлигида денгиз ва океанларнинг аҳамияти, бу борадаги глобал ташаббуслар БМТга аъзо барча мамлакатлар, ихтисослаштирилган идоралар томонидан нуфузли спикерлар иштирокида кўриб чиқилди. Бу бежиз эмас. Зеро, сўнгги 40 йил ичида сув истеъмоли ҳар йили қарийб 1 фоиз кўпаяди ва ўсишда давом этади, дейишяпти ташкилот экспертлари. 2030 йилга бориб аҳолининг тоза ва оқова сув билан таъминланишини қўллаб-қувватлаш учун БМТга ҳар йили 600 миллиарддан 1 триллион долларгача маблағ зарур бўлади.
Чинданам, сув ресурслари муаммоси бугун ҳар бир мамлакат, ҳар бир алоҳида олинган шахсга тааллуқли масалага айланиб бормоқда. Сайёрамизда аҳоли сонининг муттасил кўпаяётгани, иқлим ўзгариши, озиқ-овқатга бўлган талабнинг ошиб бораётгани ҳам обиҳаётнинг қадри нечоғли аҳамиятга эга эканлигини намойиш этяпти. Ҳаттоки АҚШ разведкаси тайёрлаган «Сув ресурсларининг глобал хавфсизлиги» маърузасида таъкидланишича, яқин йилларда «жаҳонда сув беқарорлиги» юзага келиши, обиҳаёт манбалари эса босим қуролига айланиши мумкин. Британия Мудофаа вазирлиги эса 2006 йилдаёқ ҳукуматини иқлим ўзгариши ва сув етишмовчилиги оқибатида сайёрамизда юз бериши мумкин бўлган катта-кичик урушларга тайёр туриш кераклигидан огоҳлантирган.
Халқаро ҳамжамият 45 йиллик танаффусдан сўнг Нью-Йоркда илк маротаба муҳим халқаро конференцияда жам бўлди. Чунки масала ниҳоятда долзарб: 2050 йилга бориб сайёрамиз аҳолисининг 5 миллиард кишиси сув танқислигидан азият чекиши мумкин. Ўзбекистоннинг ҳам бу борада айтар сўзи ва таклифлари, салмоқли тажрибаси бор. Чунки бир томондан, катталиги бўйича ўз вақтида дунёда 4-ўринда бўлган Орол денгизи Ўзбекистонда жойлашган ва унинг бугунги тақдири фақат бизгагина эмас, балки бутун халқаро ҳамжамиятга дахлдор масала, иккинчи томондан, Марказий Осиёга ҳам сув танқислиги келажакда хавф солиши мумкин.
Қолаверса, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳар гал Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг олий даражадаги йиғилишларида иштирок этар экан, айнан шу муаммони кўтарди ва бу йўналишда муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Конференция ишида тузилмага аъзо 198 мамлакат қаторида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди. 23 март куни конференциянинг юқори даражадаги ялпи мажлисида Саида Мирзиёева нутқ сўзлаб, БМТ минбаридан Орол денгизи фожиасининг оқибатлари, уларни юмшатиш бўйича Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ва бу борадаги халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда мамлакатимизнинг етакчилиги хусусида сўз юритди.
Ўзбекистон делегацияси аъзоси Оролбўйидаги Мўйноқ илгари йирик ишлаб чиқариш қувватларига эга порт шаҳар бўлгани, кейинчалик мувозанат бузилиб, денгизнинг ўлик қирғоқлари «кемалар қабристони»га айланганини таъкидлади. Орол денгизининг инқирози — инсониятнинг атроф-муҳитга эътиборсизлиги оқибатлари ҳақида даҳшатли эслатмадир.
Бироқ Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари туфайли у яна умид ва янгиланиш рамзига айланаётгани ҳам айни ҳақиқат.
Шу ўринда Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар халқаро даражада қўллаб-қувватланиб, 2021 йилда БМТ Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюция қабул килгани, сал аввалроқ — 2018 йилда Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фондига асос солинганини таъкидламоқ жоиз.
Давлатимиз амалга ошираётган чора-тадбирлар ҳақида сўз борганда, минтақани молиялаштириш, иқтисодий салоҳиятини ошириш, асосийси, матонатли қорақалпоқ элининг саломатлигини тиклаш, ҳудудда яшил боғларни яратиш учун 14 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратилганини эслаш кифоя. Боз устига 2016 йилда Президентимизнинг «Маданиятни Мўйноқдан бошлаймиз», деган чақириғи ҳозир амалда намоён бўлиб турибди. Мўйноқ тубдан янгидан қурилди. Ҳудудга самолёт қатнови йўлга қўйилди. Оролнинг қуриган майдонида 1,5 миллион гектардан зиёд яшил макон пайдо бўлди. Янгидан Тахиатош, Бўзатов туманлари ташкил этилди. Ўзбекистоннинг ҳар бир вилояти туманларга ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида бириктирилди ва бунинг самарасини халқимиз ҳис қилмоқда. Президентнинг алоҳида Фармон ва қарорлари билан ҳар бир туманда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари тасдиқланди.
Президентимизнинг «Биз учун Қорақалпоғистон ютуғи — Ўзбекистон ютуғи, Қорақалпоғистон ташвиши бу — бутун Ўзбекистон ташвиши», деган гаплари ҳамиша амалий ҳаракат дастури бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Эзгу мақсад эса янги Ўзбекистонда ҳар томонлама ривожланган, обод ва фаровон янги Қорақалпоғистонни бунёд этишга қаратилган.
БМТ минбарида Саида Мирзиёеванинг халқаро ҳамжамиятни глобал сув масалалари билан чамбарчас боғлиқ бўлган Орол фожиаси оқибатларини юмшатишда Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашни давом эттиришга чақириғи ҳам дунёни Орол фожиасини унутмасликка даъват ўлароқ янгради. Зеро, халқаро кўмаксиз Орол дардини юмшатишнинг ўзи бўлмайди. Ҳаммамиз яхши тушунамиз, чанг-туз бўронлари сони ва зарар кўламининг кескин ортиши ортидан кўз касалликлари, ошқозон-ичак тракти хасталиклари, тери касалликлари сингари дардлар тез-тез учрайдиган бўлиб қолди. Ер ости сувлари даражаси пасайиб, ҳудуднинг чўлланиш жараёни тезлашди. Бутун бошли улкан бандаргоҳ катта-кичик «кемалар қабристони»га айланганди.
Минг афсуслар бўлсинки, Орол денгизининг қуриши бизга жуда қимматга тушди ва ҳамон бунинг ортидан келаётган азиятлар давом этяпти. Ваҳоланки, яшаётган маҳалламиз ёки қишлоғимиздаги кичкинагина ариқдан сув оқмай қолса, қанчалар ташвишга тушамиз. Уни асраб қолишдаги чорасизлик эса ундан ҳам ёмон. Сув — бизнинг ҳаёт-мамотимиз. Бугунимиз, эртамиз мана шу обиҳаётга, сувга боғлиқ. Давлатимиз раҳбари халқнинг айни масаладаги дардини ҳис қила билди, фожиа кўламини камайтиришга бел боғлади. Айниқса, Қорақалпоғистоннинг энг оғир нуқтаси — Мўйноққа ҳаётни қайтарди. 2018 йилнинг 27 ноябрида БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фонди фаолият бошлади. Шу муносабат билан Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги тадбирда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бу фондни ташкил этиш ташаббусини юксак баҳолаб, халқаро жамоатчиликни мазкур тузилмани молиялаштиришда фаол қатнашишга чақирганди.
Траст фонди Орол денгизининг маркази бўлган ва кўп талафот чеккан Мўйноқ шаҳрини мутлақо янгидан тиклашга, саноат корхоналари, кўп қаватли уйлар, замонавий хизмат кўрсатиш бинолари, мактаблар, таълим муассасалари ва бошқа соҳаларни ривожлантиришга йўналтирилди. 2018 йилнинг декабрь ойларидан бошлаб денгизнинг қуриган ҳудудида 500 минг гектарлик ўрмон барпо этиш жараёнига киришилди. Мазкур ишга Оролбўйидаги барча ўрмон хўжаликлари, мингдан зиёд мутахассис ишчилар жалб этилди. Шу ернинг ўзида яшаш учун барча шароит ташкил этилди. Яшил ўрмонлар яратиш учун катта техника жалб қилинди.
Ҳақиқатан ҳам, бугун мамлакатимиз аҳолиси Орол денгизининг қуриган тубида «яшил қопламалар» — ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш ишларида астойдил меҳнат қилмоқда ва бунинг натижалари бугун кўзга кўринмоқда. Йиллар давомида ўз ҳолига ташлаб қўйилган, эътибор ва рағбатдан мутлақо четда қолган халқнинг томирларида қайтадан ҳаёт дарёси оқа бошлади.
Бугун Орол денгизини тиклаш ҳақида эмас, балки денгиз қуришининг одамлар соғлиғига таъсирини енгиб ўтиш, ушбу кенг кўламли экологик ҳалокатнинг таъсирини камайтириш ҳақида сўз бормоқда. Орол ҳалокатининг сабабчиси инсон, аммо -айнан инсонгина бу ҳудудга ҳаётни қайтаришга қодир. Денгизнинг қуриган тубида униб-ўсаётган дарахтлар бунга ишонч уйғотмоқда.
Кўз ўнгимизда бутун минтақа ўзгариб бормоқда, одамлар тоза ичимлик суви билан таъминланмоқда, замонавий уйлар, йўллар, мактаблар, шифохоналар барпо қилинмоқда. Бу ерларга хорижий инвесторлар етиб келди, дунёнинг турли бурчакларидан сайёҳлар ташрифи ортмоқда. Буларнинг барчаси Оролбўйи тикланаётганидан ва унинг истиқболи порлоқ эканидан далолат беради.
Нью-Йоркдаги халқаро анжуманда дунё ҳамжамияти эътиборини Ўзбекистонга ва унинг ташаббусларига қаратилишининг яна бир сабаби бор. Экспертларнинг фикрича, ичимлик суви етишмовчилиги муаммоси глобал иқлим ўзгариши ҳамда ўсиб бораётган дунё аҳолисининг озиқ-овқат ва гигиена воситаларига бўлган катта эҳтиёжи туфайли чуқурлашаётир. Албатта, бунда ичимлик сувининг қитъалар бўйича тенг тақсимланмаганлиги ҳисобга олинмаяпти. Олайлик, Осиё қитъасида сайёрамизнинг 60 фоиз аҳолиси истиқомат қилаётгани ҳолда минтақада мавжуд сув ресурсларининг атиги учдан бир қисми жойлашган холос.
Маълумки, ХХ асрда аҳоли сони уч карра ошган бўлсада, сув истеъмоли етти баробарга кўпайди. Бундан ташқари, жаҳоннинг 40 га яқин давлатлари сув етишмайдиган ҳудудларда жойлашган. Улар четдан келадиган сувга қарамдир. Шу боис сезиларли сув захираларига эга бўлган давлатларнинг роли ва аҳамияти ошиб бораверади. Демак, улар сув танқислигидан азият чекаётган давлатларга нисбатан кучли иқтисодий ва сиёсий босим воситасига эгадирлар.
БМТ маълумотларида қайд этилишича, дунёда сабаби сувга бориб тақаладиган 300 га яқин катта-кичик келишмовчиликлар мавжуд. Сўнгги ярим аср мобайнида дунёда сув ресурслари билан боғлиқ 500 дан ортиқ баҳсли ҳолатлар юзага келган бўлиб, уларнинг 20 таси ҳарбий ҳаракатлар билан якун топган.
Сув тақсимоти муаммоси Амударё ва Сирдарё ўзанида жойлашган Марказий Осиё давлатлари учун ҳам бегона эмас. Бироқ улар барча муаммоларни мулоқотлар йўли орқали ҳал қилишди. Ўзбекистон Президентининг Қирғизистонга ташрифи арафасида икки давлат ўртасида Жалолобод вилоятида «Қамбарота-1» ГEС қурилиши бўйича инвестиция шартномаси имзоланди. Лойиҳанинг асосий уч томонлама битими июль ойида имзоланиши режалаштирилган. Лойиҳа доирасида 5,4 миллиард куб метрга тенг сув омбори ва 1860 МВт қувватли гидроэлектростанция ишга туширилади. Натижада йилига ўртача 5,6 миллиард кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади.
2022 йилда Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари ёзда Роғун гидроэлектростанцияси томонидан ишлаб чиқариладиган электр энергияни экспорт қилиш мақсадлари акс этган меморандумни имзолади. Ваҳоланки, 2016 йилгача Тожикистон ва Қирғизистоннинг ГEСлар қуриш режаси минтақа давлатлари ўртасидаги тарангликка сабаб бўлганди. Айнан давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан муаммо узил-кесил ҳал қилинди.
Ўзбекистон денгизга чиқиш йўли бўлмаган яримқурғоқчил мамлакатдир. Бу ўлкада ҳайдаладиган ерларнинг 10 фоиздан кам қисми дарё водийлари ва воҳаларда жойлашган, қолган қисми эса чўл ва тоғлар билан ўралган. Ўзбекистонда сув ресурсларига бўлган умумий эҳтиёж йилига 50 — 60 км.ни ташкил этади, шундан атиги 12,2 км. республика ҳудудида шаклланади, қолган сув ҳажми эса ташқаридан — ёзда қор ва музликларнинг эриши натижасида Тян-Шан ва Помир-Олтой тоғларидан оқиб келади. Ҳавзанинг иккита йирик дарёси инсон саломатлиги, экотизимлар, қишлоқ хўжалиги, гидроэнергетика ва бошқалар учун зарур бўлган сув билан таъминлайди. Ўзбекистон аҳоли жон бошига сув олиш бўйича етакчи давлатлар қаторига кирсада, мамлакатда ички чучук сув ресурслари жуда оз. 2018 йилда Ўзбекистон аҳоли жон бошига 495,81 куб метр қайта тикланадиган ички чучук сув ресурслари билан 180 та давлат орасида 154-ўринни эгаллади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ХХI асрнинг охирига келиб инсоният Ҳимолай музликларининг учдан икки қисмидан кўпроғини йўқотиши мумкин. Худди шундай вазият Помир музликларида ҳам юзага келмоқда — Федченко номи билан юритиладиган узунлиги 75 километрдан ошадиган дунёдаги энг йирик континентал музликнинг эриш жараёни кузатилмоқда ва бу бугунги куннинг энг катта хавфларидан бирига айланган. Глобал исиш оқибатида Тян-Шандаги музликларнинг эриши тезлашмоқда. Минтақадаги музликларнинг энг катта қисми Тожикистон ҳудудига тўғри келади. Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон мамлакатдаги музликларнинг эриши Марказий Осиё учун катта хавф туғдиришини таъкидлади. «Музнинг сув юзасида ҳам, қуруқликда ҳам тез орада эриши яқин келажакда ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин. Бу жараённинг ёрқин мисоли Тожикистонда музликларнинг тез эриши булиб, Марказий Осиё сув ресурсларининг 60 фоизигача бўлган қисмини ташкил этади». Унинг таъкидлашича, бугунги кунда Тожикистонда минглаб кичик ва ўрта музликлар бутунлай эриб кетган. Бу вазият нафақат республика ичида, балки минтақанинг бошқа давлатларига ҳам салбий таъсир қилади.
Жаҳон банки баҳолашларига кўра, 2050 йилга бориб Марказий Осиёда аҳоли сони 90 миллион кишигача етиши билан кечадиган демографик ўсиш шароитида сув танқислиги 25 — 30 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Шунингдек, минтақада исиш даражаси жаҳондаги ўртача кўрсаткичлардан ошиб, 2100 йилга бориб ҳаво ҳарорати ўртача 5-6 даражага кўтарилади. Ниҳоятда юқори ҳарорат қорнинг эрта эришига, сувга бўлган талабнинг ортишига, энг юқори оқиб келиш баҳорга кўчишига ва суғориш мавсумида оқимларнинг камайишига олиб келади. Бундан ташқари, Сирдарё ҳавзасида сув оқими 2 — 5, Амударё ҳавзасида эса 10 — 15 фоизга камайиши ва натижада сув танқислиги кучайиши мумкин. Бу нафақат қишлоқ хўжалигига, балки гидроэнергетикага ҳам салбий таъсир кўрсатади, чунки 2050 йилга бориб минтақанинг айрим ҳудудларида гидроэлектростанцияларнинг иш самарадорлиги 20 фоизгача камайиши кутилмоқда.
Шунингдек, европалик олимларнинг фикрича, сувдан самарали фойдаланиш бўйича шошилинч чоралар кўрилмаса, 2050 йилга бориб экологик қочқинлар сони беш баравар ортиши мумкин.
Демак, обиҳаётнинг ҳар бир томчиси тиллага тенг бўлиб бораётган экан, ундан жуда самарали фойдаланишимиз, суғориш тармоқларини бетонлаштириш, қувурли тизимларга ўтиш орқали сув исрофгарчилигини кескин камайтириш, сув ва энергия ресурсларини тежовчи технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда сувни рақамлаштириш ва автоматизациялаш орқали илмий асосланган замонавий бошқарувга ўтишимиз зарур. Кези келганда таъкидлаш жоизки, минтақамизда қишлоқ хўжалигида сув исрофгарчилиги юқори. Шундай экан, сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини ўрганишимиз керак. Давлатимиз раҳбарининг томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш тажрибасидан кенг фойдаланиш борасидаги чақириқлари, Фармон ва қарорларининг қабул қилинаётгани ортида ҳам сувдан тежаб-тергаб фойдаланиш истаги ётибди. Шулардан келиб чиқиб, биз Сув хўжалиги вазирлиги тизимида кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш вазифаларига ҳам алоҳида эътибор қаратишимиз зарур.
Мамлакатимиз Президенти 2017 йилдаёқ БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида умумий сув ресурслари муаммоси Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш учун муҳим масала эканлигини бежиз таъкидламади. Демакки, Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари ўртасида ҳамфикрлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, сув муносабатларида очиқликни таъминлаш мақсадида минтақада сув ресурсларидан оқилона ва адолатли фойдаланиш масаласини ҳал этиш учун ўзаро мақбул ҳамда манфаатли ечимларни топиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга ошириш мақсадга мувофиқдир.
БМТнинг сув муаммоларига бағишланган халқаро анжуманида Ўзбекистон делегацияси илгари сурган ташаббуслар ана шу ҳамжиҳатлик йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Шавкат ҲАМРОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг