Ўзбекистон-Япония алоқалари янги даражага кўтарилди
Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Япония Бош вазири Санаэ Такаичининг таклифига биноан 18-20 декабрь кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди. Ташриф доирасида Президентимиз «Марказий Осиё — Япония» форматидаги биринчи саммитда ҳам иштирок этди. Токиога ташриф якунида Ўзбекистон-Япония муносабатлари кенгайтирилган стратегик шериклик даражасига кўтарилди.
Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга расмий ташрифи икки томонлама муносабатлар ривожида сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб берди. Ушбу мамлакат Императори, Бош вазири, Парламентнинг иккала палатаси раҳбарияти, Ҳукумат аъзолари, шунингдек, ишбилармон доиралар ва академик ҳамжамият вакиллари билан ўтказилган музокара ва учрашувлар икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик анъанавий формат доирасидан чиқиб, узоқ муддатли стратегик ўлчов касб этганини яққол намоён этди.
Ташрифнинг асосий хусусияти иқтисодий шерикликни амалий мазмун билан бойитишга йўналтирилганидадир. Кўп йиллар давомида Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги муносабатлар асосан гуманитар ҳамкорлик ва техник кўмак лойиҳаларига таянган эди. Бугун эса Ўзбекистон Президентининг прагматик ва изчил сиёсати натижасида икки томонлама кун тартиби қайта шакллантирилиб, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг барча йўналишларини қамраб олди.
Бунга ёрқин далил сифатида қиймати 12 миллиард доллардан ортиқ бўлган янги кооперация лойиҳалари портфелининг шакллантирилганини келтириш мумкин. Ушбу келишувлар таълим, соғлиқни сақлаш, экология ва сув ресурслари, транспорт ва шаҳарсозлик, туризм, қишлоқ хўжалиги, шунингдек, табиий офатлар хавфини бошқариш соҳаларини қамраб олади. «Яшил» энергетика, энергияни сақлаш тизимлари ва саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича қўшма лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, етакчи япон корпорациялари билан узоқ муддатли ҳамкорлик дастурларини қабул қилиш таклиф этилди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон Президентининг «Марказий Осиё + Япония» мулоқотининг илк саммитида иштирок этгани ҳам муҳим воқеа бўлди. Ҳудудий ўзаро боғлиқликни чуқурлаштириш, «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш, инвестициявий ва рақамли шерикликни кенгайтириш, инсон капитали салоҳиятини оширишга қаратилган ташаббуслар Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда янги ҳамкорлик архитектурасини шакллантиришда фаол иштирок этишга интилаётганини акс эттиради. Саммит якунида Токио декларациясининг қабул қилиниши ушбу ёндашувни кўп томонлама даражада мустаҳкамлади.
Умуман олганда, Японияга расмий ташриф натижалари Ўзбекистоннинг дунёдаги етакчи технология ва инвестиция марказларидан бири билан тўлақонли стратегик шерикликка босқичма-босқич ўтаётганини кўрсатади. Бу эса мамлакатимизнинг илғор технологияларни жалб этиш, йирик инфратузилмавий ва саноат лойиҳаларини амалга ошириш, минтақавий ва глобал иқтисодий жараёнларда ўз мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган стратегик сиёсатини тасдиқлайди.
Япониядаги тадбирлар якунланганидан сўнг давлатимиз раҳбари амалий ташриф билан Россия Федерациясига келди. Санкт-Петербург шаҳрида муҳим кун тартибига эга тадбирлар – Евроосиё Олий иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилиши ҳамда МДҲ давлат раҳбарларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда нақд пулга уй-жой ва машина олди-сотдиси бекор қилинади
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Электрон рецепт» тизими бўйича расмий баёнот берди
- “Реал Мадрид” аламли тарзда мағлубиятга учради
- Остонадаги кинотеатрда йирик ёнғин юз берди (+видео)
- Инсон ҳаётидаги босқичли даврлар. Қариш жараёни бир текис кечмаслиги маълум бўлди
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг