Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо айланмаси ҳажмини 10 млрд долларга етказиш кўзда тутилмоқда
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегациясининг Россия Федерациясига ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ва Россия Федерацияси Ҳукумати Раисининг ўринбосари А.Оверчук ўртасида бўлиб ўтган учрашувда маълум қилинди.
15 март куни ташкил этилган мулоқотда икки томонлама савдо-иқтисодий, инвестициявий, саноат, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг муҳим масалалари юзасидан фикр алмашилди. Икки томонлама муносабатлар ривожланишининг юқори динамикаси ва икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик изчил мустаҳкамланаётганлиги таъкидланди.
Учрашув давомида пандемия ва ковиддан кейинги даврда икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг интенсивлиги қайд этилди. Жумладан, Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши, видеоконференция шаклида икки томонлама музокаралар ҳамда турли даражадаги бир қатор ўзаро ташрифлар ташкил этилган.
Учрашув чоғида савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш борасида биргаликда олиб борилаётган ишларнинг истиқболлари ва жорий ҳолати кўриб чиқилди. Томонлар яқин келажакда икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси ҳажмини 10 млрд долларга етказиш мақсадида уни ошириш бўйича биргаликда амалий чора-тадбирларни кўришга содиқлигини билдирдилар. Шу нуқтаи назардан икки мамлакат божхона органларининг икки давлат ҳудудлари орқали юк ташишни амалга оширишда божхона тартибини соддалаштиришга қаратилган муваффақиятли ҳамкорлиги қайд этилди.
Инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди — икки мамлакат ҳукуматлари томонидан қўшма инвестиция лойиҳаларининг йирик тўпламини жорий этиш устида иш олиб борилмоқда. Келишилган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишни жадаллаштириш мақсадида икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари даражасида яқин ҳамкорликни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, олдиндан режалаштирилган икки томонлама тадбирлар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Ҳукуматлари раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг йиғилиши ҳамда Тошкент шаҳрида «Иннопром. Ўзбекистонда катта саноат ҳафталиги» халқаро саноат кўргазмасини ўтказиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистоннинг солиқ ва кадастр тизимини ислоҳ қилиш, шунингдек стандартлаштириш соҳасида миллий қонунчиликни халқаро меъёрлар билан уйғунлаштиришга қаратилган қатор лойиҳаларни амалга ошириш учун Россия Федерациясининг техник ёрдамини жалб этишга келишилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон — Россия кўп қиррали муносабатларини янада чуқурлаштириш ва ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашга оид қатор келишувларга эришилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг