Ўзбекистон терма жамоаси «Strandja»да Қозоғистон боксчиларига биринчиликни бериб қўйди

12:49 03 Март 2025 Спорт
212 0

22 февраль – 2 март кунлари Болгариянинг София шаҳрида 76 марта анъанавий «Strandja» халқаро бокс турнири бўлиб ўтди. Ушбу мусобақа жаҳон чемпионати даражасига тенглаштирилгани билан аҳамиятли ҳисобланади.

Ўзбекистон терма жамоаси мусобақада 5 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади. Биринчи ўрин Қозоғистон терма жамоасига насиб этди, улар ҳам 5 та олтин медалга эга бўлишди, аммо кумуш медаллар сони бўйича устунлик қилди.

Мусобақада Қозоғистон 26 нафар, Ўзбекистон эса 17 нафар боксчи билан иштирок этди. Шунингдек, терма жамоамизнинг етакчи спортчиларидан бири, Олимпиада чемпиони Асадхўжа Мўйдинхўжаев жароҳат сабаб иштирок эта олмади. Абдумалик Халоков эса профессионал боксдаги жанги туфайли мазкур мусобақада қатнашмади. Бу ҳолатлар умумий натижаларга таъсир ўтказган бўлиши мумкин.

«Strandja» турнирида Ўзбекистон терма жамоаси 8 нафар совриндор боксчи билан муваффақиятли иштирок этди. Улар орасидан Шаҳзод Музаффаров (54 кг), Хўжаназар Нортожиев (57 кг), Фазлиддин Эркинбоев (80 кг), Тўрабек Хабибуллаев (92 кг) ва Жаҳонгир Зокиров (+92 кг) ўз вазн тоифаларида олтин медаль соҳиблари бўлишди.

Шунингдек, Беҳруз Холдоров (48 кг) мусобақада муносиб иштирок этиб, кумуш медальни қўлга киритди. Бронза медали эса Асилбек Жалилов (51 кг) ва Жавоҳир Умматалиев (75 кг)га насиб этди.

Биринчиликни қўлга киритган қўшниларимиз 5 олтин, 9 та кумуш ва 4 та бронзага эга чиқишган.

Терма жамоамиз учун ушбу турнир Олимпиадага тайёргарликда муҳим қадам бўлди ва спортчиларимиз ўз кучини яна бир бор намойиш этишди. Ушбу мусобақада терма жамоамиз юқори савиядаги тайёргарликка эга эканини яна бир бор исботлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?