Ўзбекистон темир йўллари локомотивлар парки янгиланмоқда

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Жорий йил 17 декабрь куни Тошкент марказий вокзалида Хитойдан Халқ Республикасидан Ўзбекистонга олиб келинган 4 та замонавий ва юқори қувватга эга бўлган юк ва йўловчи локомотивларининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раҳбарияти ва соҳа ходимлари ҳамда Хитой Халқ Республикасидан мазкур электровозларни ишлаб чиқарган корхона мутахассислари, шунингдек, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтган мазкур тадбирда, тизимда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Таъкидланишича Осиё тараққиёт банки иштирокида “Локомотивларни сотиб олиш йўли билан локомотивлар паркини янгилаш” лойиҳаси доирасида жами мамлакатимизга 30 та замонавий электровозлар ва улар учун керакли бўлган эҳтиёт қисмларни олиб келиш режалаштирилган. Янги олиб келинаётган локомотивлар йўловчилар ва юкларни ташиш учун мўлжалланган бўлиб, шу жумладан мураккаб тоғли ҳудудларда оғир юкларни ташиш қувватига ҳам эга. Электровозлар экологик хавфсизлик жиҳатидан халқаро талабларга тўлиқ жавоб беради ва асинхрон тортиш электр двигателлари билан жиҳозланган. Локомотивларда қўлланиладиган замонавий технологиялар электр энергиясини тежаш билан бирга ёқилғи сарфини камайтириш имконини беради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 6 мартдаги ПҚ-2313-сонли “2015-2019 йиллар учун муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва замонавийлаштириш дастури тўғрисида”ги қарори билан “Локомотивлар паркига 24 дона локомотив сотиб олиш йўли билан янгилаш” лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Осиё тараққиёт банкининг (ОТБ) маблағларини жалб қилиш билан Ўзбекистон Республикаси ва Осиё тараққиёт банки ўртасидаги ҳамкорлик дастури доирасида “Локомотив паркини янгилаш” лойиҳасини амалга ошириш маъқулланди. 2019 йил 30 августда ОТБ билан лойиҳа учун 170 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит шартномаси имзоланди.
2019 йил 17 июлда бўлиб ўтган халқаро тендер натижалари бўйича CNTIC-CRRC-DRLOCO консорциуми билан иккита кузовли 24 та электровозни (16 та юк ва 8 та юк-йўловчи) олиб келиш бўйича 134,6 миллион АҚШ доллари миқдорида шартнома имзоланди. Электровозларни шартномага мувофиқ етказиб бериш муддати 2021-2022 йилларда амалга ошириш белгиланди. Шу билан бирга, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг юк электровозларига бўлган эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда, 2020 йил январь ойида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан биргаликда лойиҳага ажратилган суммадан тежалган 35,37 миллион АҚШ доллар эвазига ОТБга қўшимча 6 та электровоз ва эҳтиёт қисмларни олиб келиш бўйича қўшимча битимни имзолашни маъқуллаш тўғрисида мурожаат қилишди. ОТБ ушбу мурожаатни 2020 йил февраль ойида маъқуллади.

Шу кунларда лойиҳада белгиланган электровозларнинг биринчи партияси, яъни 3та юк ва 1та юк-йўловчи локомотиви ҳамда уларнинг эҳтиёт қисмлари олиб келинди. Яқин кунларда янги электровозларнинг 2-партиясида яна 5 дона (3 юк ва 2 юк-йўловчи) электровозларини олиб келиш кутилмоқда. 2020 йил охирига қадар электровозларнинг 3-партиясини, яъни 3 та юк электровозларни олиб келиш режалаштирилган. 2021 йилда эса, шартнома белгиланган қолган 13 та юк ва 5 та юк-йўловчи электровозлар олиб келинади.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, мазкур замонавий юк электровозлари тоғли ҳудудларда 4 минг тонна, текис жойларда эса 6 минг тоннагача юкли вагонларни бемалол торта олади. Ушбу замонавий электровозлар бугундан бошлаб, бир ҳафта мобайнида юк вагонларини тортиб синовдан ўтказилади ва сўнгра тўлиқ фойдаланишга топширилади.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг локомотив паркида мавжуд бўлган локомотивларнинг 50 фоиздан ортиғи янгиланган.
М.Муротов
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг