Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия киноижодкорлари томонидан Хўжа Насриддин ҳақидаги мультфильм суратга олинади

16:41 01 Октябр 2021 Маданият
670 0

Фото: https://t.me/uzbekkinopress

Шарқ қаҳрамони Хўжа Насриддин саргузаштлари ҳақидаги Тимур Бекмамбетовнинг янги анимацион лойиҳаси Ўзбекистон ва Қозоғистонда намойиш этилади. Бу ҳақда Кинематография агентлиги Ахборот хизмати маълум қилди.

Хабарда таъкидланишича, Тимур Бекмамбетовнинг "Базелевс" кинокомпанияси Ўзбекистон Кинематография агентлиги ва "Қозоқфильм" киностудияси билан ҳамкорликда республикаларда анимацион мактаблар очади, улар кейинчалик тўлақонли студияларга айланиши керак. Улар "Хўжа Насриддин" мультфильмини ишлаб чиқариш жараёнида ва бошқа анимацион лойиҳаларда иштирок этишади.

Томонлар бу борада "Ипак йўли дурдонаси" Тошкент халқаро кинофестивали давомида келишиб олдилар. Тегишли шартнома Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги копродукцион лойиҳаларга бағишланган панель сессияси доирасида имзоланди.

— "Марказий Осиё мамлакатларида Хўжа Насриддинни ҳурмат қилишади ва севишади, унинг ватани шу ерда деб ишонишади. Севимли эртак ва масал қаҳрамонининг саргузаштлари ҳақидаги анимацион фильм устида биргаликда ишлаш имконияти пайдо бўлганидан хурсандман. Ушбу лойиҳа айнан Шарқда, Ўрта Осиёда, шунингдек, маҳаллий рассомлар иштирокида яратилиши эътиборга лойиқ", — деб изоҳ берди Тимур Бекмамбетов.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер