Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлигини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди

13:30 27 Январь 2023 Сиёсат
1222 0

Фото: Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров музокараларни икки мамлакат расмий делегациялари аъзолари, қатор вазирлик ва вилоятлари раҳбарлари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар.

Давлатимиз раҳбари яна бир бор самимий қабул ва меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорлик билдириб, Президент Садир Жапаров раҳбарлигида Қирғизистонда амалга оширилаётган муваффақиятли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар Ўзбекистонни қувонтираётганини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Олий даражадаги мулоқотлар тизимли ва фаол тус олгани ҳамкорликни салмоқли даражада мустаҳкамлаш, янги ўсиш нуқталарини аниқлаш ва амалий шерикликни кенгайтиришга хизмат қилди.

Томонлар ўзаро стратегик шерикликни чуқурлаштириш борасида биргаликда ишлашга қатъий интилишини билдирдилар. Мамлакатларимиз ўртасида тузилган Чегара тўғрисидаги шартнома қардош халқларимиз томонидан кўтаринки руҳ билан қабул қилингани таъкидланди.

Музокаралар чоғида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган йил якуни билан ўзаро товар айирбошлаш 1,3 миллиард долларга етгани, 300 дан зиёд қўшма корхона ташкил этилгани таъкидланди. Иқтисодиётнинг турли тармоқларида саноат кооперацияси лойиҳалари амалга оширилмоқда. Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт фонди аниқ лойиҳаларни молиялаштиришни бошлади.

Куни кеча ўтган бизнес-форум доирасида умумий қиймати 1,6 миллиард долларлик салмоқли шартномалар тўплами имзоланди.

Президент Шавкат Мирзиёев ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг асосий устувор йўналишларини қайд этди. Бу, биринчи навбатда, ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва номенклатурасини кенгайтиришдир.

Шу мақсадда томонлар учинчи мамлакатлардан импорт ўрнини ўз ишлаб чиқарувчиларимизнинг арзон маҳсулотлари билан тўлдириш, шунингдек, икки мамлакат пойтахтларида савдо марказларини ташкил этиш масалаларини ўрганишга келишиб олдилар.

Саноат кооперацияси доирасида қарийб 500 миллион долларлик янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш таклиф қилинди. Автомобиллар, замонавий маиший техника, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, фойдали қазилмаларни биргаликда қазиб олиш ва қайта ишлаш шулар жумласидан.

Мамлакатимиз етакчиси озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш доирасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашни ҳамкорликнинг муҳим йўналиши сифатида қайд этди.

Интенсив боғлар ва иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш, картошка, мева-сабзавот ва чорвачилик маҳсулотларини етказиб бериш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва бошқа қўшма лойиҳаларни ишга туширишга қаратилган агрокооперация дастурини амалга ошириш шу мақсадларга хизмат қилади.

Ўзбекистон Президенти икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги шериклик ва тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик стратегик аҳамиятга эга экани қайд этилди. «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўлини қуриш бўйича ишларни фаоллаштириш, «Андижон-Ўш-Иркиштом» автомобиль йўлининг салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, шу мақсадда қўшма транспорт-логистика компаниясини ташкил этишга келишиб олинди.

Музокараларда энергетика соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Гидроэнергетикадаги лойиҳаларни амалга ошириш, шу жумладан Қамбарота ГEС-1 қурилиши борасидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатларни жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари, шунингдек, маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини кўрсатиб ўтди. Тарихи ва дини, тили ва маданияти муштарак бўлган халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган қатор аниқ ташаббуслар илгари сурилди.

Хусусан, улуғ қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг 95 йиллигини кенг нишонлаш, Ўшда Бобур номидаги Ўзбек мусиқали драма театрининг очилишида биргаликда спектакль намойиш этиш, зиёлилар ва ёшларни фаол жалб қилган ҳолда янги формат – Авлодлар мулоқотини ташкил этиш, талабалар спартакиадаси, қўшма фестиваль ва концертлар, ижодий тадбирларини ўтказиш таклиф қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?