Ўзбекистон Президентининг 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан бир қатор муассасаларга ташрифи жараёнларидан «Халқ сўзи» мухбири фоторепортажи

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Жорий йилнинг 13 январь куни Мудофаани бошқариш миллий марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Хавфсизлик кенгаши аъзолари, Қуролли Кучларимизнинг қўмондонлик таркиби, ҳарбий-маъмурий секторлар раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда мамлакатимиз мудофааси ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича 2022 йилда амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.

Ундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев 13 январь куни Мудофаа вазирлигининг Марказий ҳарбий клиник госпиталини бориб кўрди.

Илгари бу шифохонанинг бинолари ҳам, иш услуби ҳам эски эди. Давлатимиз раҳбари 2018 йилда бу ерга келиб, уни реконструкция қилиш ва замонавий жиҳозлаш бўйича топшириқлар берган эди. Шу асосида катта ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Тиббий ускуна ва жиҳозлар янгиланди. Бошқарувда клиник менежмент жорий этилди.

Госпиталь жами 700 ўринга мўлжалланган бўлиб, бу ерда ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, соҳа фахрийлари бепул даволанади. Шунингдек, бошқа беморларга ҳам пуллик хизмат кўрсатилади. Бунинг учун 286 хил диагностик текширув, 600 дан ортиқ амалиётлар йўлга қўйилган, 30 га яқин ихтисослашган бўлимлар ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12 январдаги фармонларига мувофиқ, мамлакатимиз Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг бир гуруҳ ходимлари ҳарбий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланган эди.

Ташриф давомида Президент Администрациясида ушбу юксак мукофотларни топшириш маросими бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев барча ҳарбий хизматчиларни ва соҳа фахрийларини мазкур шонли сана билан табриклади.

Бу йилги тантанали тадбир яна жиҳати билан эсда қоларли бўлди. Маълумки, Амир Темур бобомиз биронта жангда енгилмаган, Соҳибқироннинг байроғи ҳамиша баланд ҳилпираб турган. У бугунги авлодлар учун қатъият, ҳарбий маҳорат, ғурур ва ифтихор тимсолидир.

Шу боис Президентимиз ташаббуси билан армия тизимида «Амир Темур жанговар байроғи» мукофоти таъсис этилди. Бу борада ўтказилган танловда Марказий ҳарбий округ ғолиб бўлди.

Маросимда ушбу округ қўмондонига илк бор «Амир Темур жанговар байроғи» тантанали равишда топширилди.

Мукофотланганлар номидан сўзга чиққанлар юксак ишонч ва эътибор учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Буюк Британия бош вазири жаримага тортилди
- Мактабларда тил ва касб ўргатишни ривожлантириш чоралари белгиланди
- «Ватан — бамисоли қуёшга ўхшаш...»
- Буркина-Фасода ўғирлаб кетилган аёллар озод қилинди
- Транспорт вазирлари «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли қурилишини муҳокама этишди
- АҚШ бой берилган ҳудудларни Украинага қайтаришга эришиш ниятида эканлигини маълум қилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг