Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё мамлакатлари етакчиларининг Германия Федерал Президенти билан учрашувида иштирок этди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Германияга амалий ташрифи доирасида 29 сентябрь куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан учрашувида иштирок этди.
Тадбирда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам қатнашди.
Учрашувда конструктив сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Минтақавий хавфсизлик ва барқарор тараққиётни, шу жумладан Европа Иттифоқи дастурлари доирасида таъминлашнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.
Давлатимиз раҳбари ўз сўзида “Марказий Осиё - Германия” форматидаги ҳамкорлик истиқболларига алоҳида тўхталди. Амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишларига, энг аввало юксак технологиялар ва инновацион ривожланиш, транспорт коммуникациялари, “яшил” энергетика, касбий таълим, фаол маданий ва академик алмашинувларга алоҳида эътибор қаратилди.
Германиянинг етакчи компания ва банклари Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтираётгани катта мамнуният билан қайд этилди. Ёшларимизда немис тилига қизиқиш ортиб бораётгани таъкидланди – бугунги кунда юртимизда уни қарийб 300 минг нафар мактаб ўқувчилари ва талабалар ўрганмоқда.
Суҳбатда Германия Федерал Президенти Ўзбекистон етакчисини Берлин шаҳридаги дунёга машҳур Жеймс Симон галереясида ноёб маданий-тарихий кўргазма муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади. Бир неча ой ичида кўргазмага 200 минг нафар берлинликлар ва Германия пойтахти меҳмонлари ташриф буюрди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг