Ўзбекистон Президенти Баҳрайн билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилди

17:46 15 Апрель 2024 Сиёсат
223 0

15 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу кунларда Тошкент шаҳрида ўтаётган Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ташқи ишлар вазирларининг иккинчи учрашуви доирасидаги тадбирларда иштирок этаётган Баҳрайн Подшоҳлиги ташқи ишлар вазири Абдуллатиф бин Рашид ал-Заяний бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Баҳрайн ташқи ишлар вазири давлатимиз раҳбарига Подшоҳ Ҳамад бин Исо Ал-Халифанинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон билан Баҳрайн ўртасидаги кўп қиррали шерикликни янада ривожлантириш ва кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Сиёсий мулоқотни фаоллаштириш ҳамда сиёсий маслаҳатлашувлар механизмини тез фурсатда ишга тушириш муҳимлиги қайд этилди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик, банк-молия, автомобиль ва темир йўллари қурилиши, энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш ва бошқа устувор йўналишлардаги дастур ва лойиҳаларни илгари суриш учун катта салоҳият ва кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.

Шу мақсадда жорий йилда қўшма Ҳукуматлараро қўмитанинг илк йиғилишини ўтказиш ҳамда Ўзбекистон ва Баҳрайн етакчи компаниялари вакиллари иштирокида Ишбилармонлар кенгашини таъсис этиш режалаштирилган.

Халқаро кун тартиби, шу жумладан хавфсизликка замонавий таҳдидларга қарши курашиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Ўзбекистон етакчиси Баҳрайн ташқи ишлар вазирини қутлуғ ёши билан муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлик ва катта муваффақиятлар тилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?