Ўзбекистон музейларидаги ноёб тарихий экспонатлар Буюк Британияда намойиш этилади

16:16 19 Февраль 2024 Жамият
113 0

Фото: “Дунё” АА

Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармаси ва Маданий мерос агентлиги вакилларининг Лондондаги Британия музейи раҳбарияти билан учрашуви ташкил этилди.

“Дунё” АА хабарига кўра, музокаралар чоғида Британия музейи негизида Ўзбекистон маданиятини тарғиб қилиш, икки мамлакат музейлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, 2024 йил сентябридан 2025 йил мартигача Британия музейида Ўзбекистон музей экспонатлари намойиш этиладиган “Ипак йўли” кўргазмасини юқори даражада ташкил этиш юзасидан келишиб олинди.

Учрашувда, шунингдек, Ўзбекистондаги музей коллекцияларидан ушбу кўргазмада намойиш этиладиган ноёб экспонатлар рўйхати ҳам тасдиқланди. Жумладан, мазкур кўргазмада Афросиёб музейидаги элчилар тасвирланган деворий сурат, Варахшадаги қизил рангли хонадан олинган деворий сурат, Кофирқалъадан топилган ноёб ўймакор панно ва Сўғд даврига оид экспонатлар намойиш этилади.

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг илгари ҳеч қаерда намойиш этилмаган айрим ноёб экспонатлари Британия музейи кўргазмасининг дурдонасига айланади ва бу, ўз навбатида, мамлакатимиз тарихий-маданий меросини дунёда янада кенг тарғиб этишга хизмат қилади.

Британия музейи дунёдаги қадимий, энг катта ва энг кўп томошабин келадиган музейлардан биридир. Музейга 1753 йилда қироллик шифокори ва санъат коллекционери Ханс Слоан томонидан асос солинган. Музей кўргазмалари 94 та галереядан иборат, уларнинг умумий узунлиги 4 километр. Айни пайтда мазкур маданий-тарихий мажмуа қадимги дунёнинг ноёб коллекцияларига эга жаҳондаги энг йирик тарихий ва археологик музей ҳисобланади. Музейга ҳар йили бутун дунёдан 5,5-6 миллион киши ташриф буюради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер