Ўзбекистон Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти аудитидан муваффақиятли ўтди

19:17 04 Июнь 2023 Сиёсат
695 0

Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО/ICAO) экспертлари томонидан Ўзбекистонда парвозлар хавфсизлиги тизимининг ишлашини баҳолаш бўйича комплекс аудит текшируви ўтказилиб, ижобий хулоса берилди.

Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, режали аудит доирасида жорий йилнинг 17-29 май кунлари ИКАО аудиторлар гуруҳи парвозлар хавфсизлиги ҳолати бўйича режали текширув ўтказди. Шунингдек, Транспорт вазирлиги, “Ўзавиация” агентлиги, “Ўзгидромет”, “Ўзаэронавигация” маркази ДУК, “Uzbekistan Airways” АЖ, “Panorama Airways” МЧЖ, «И.Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти” МЧЖ ҳамда “Uzbekistan Airways” АЖнинг “Ўқув машқ маркази”ларида ИКАО стандартлари талабларининг бажарилиши устидан текширув ўтказилди.

Аудит натижалари бўйича Ўзбекистон фуқаро авиациясида парвозлар хавфсизлигига таъсир этувчи номувофиқликлар (SSC) аниқланмади.

Ўзбекистонда ИКАО стандартларини жорий этиш умумий самарадорлигининг дастлабки кўрсаткичи 64 фоизни ташкил этди, бу тўлиқ аудитдан ўтган бошқа давлатлар билан солиштирилганда яхши кўрсаткич деб эътироф этилади.

Мазкур аудит фуқаро авиацияси соҳасида парвозлар хавфсизлиги тизимини ташкил этишни баҳолашнинг энг муҳим объектив воситаларидан бири ҳисобланади.

Якуний аудит ҳисоботи 2023-йилнинг 15 ноябргача тақдим этилади ва ИКАОнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер