Ўзбекистон энергетика соҳасида Саудиядаги йирик инвестор билан умумий қиймати 2 миллиард долларлик учта битим имзолади. Бу қандай самара беради?  

10:17 06 Март 2020 Иқтисодиёт
1594 0

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Саудия Арабистонининг йирик инвестори ― ACWA Power компанияси билан умумий қиймати 2 миллиард АҚШ долларига тенг учта битим имзолади. Ушбу келишув ва битимларда Ўзбекистон энергетика соҳасининг тараққиёти ҳамда барқарорлигини янада такомиллаштиришга хизмат қилиши кўзда тутилган. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Имзоланган 3 та ҳужжатлар таркибига қуйидагилар киради:

— 1,2 миллиард долларлик инвестиция шартномаси электр энергиясини сотиб олиш бўйича 25 йиллик шартнома (PPA) ҳамда 1500 МВт қувватли буғ-газ турбинали электр станциясини (БГҚ) қуриш ва эксплуатация қилиш ишларига сарфланади;

—​ 0,55–1,1 миллиард АҚШ доллар қийматидаги навбатдаги лойиҳа қуввати 500–1000 МВт га тенг шамол электр станциясини барпо этиш тўғрисидаги битимни ўз ичига олади;

—​ Мутахассисларнинг техник кўникмаларини ошириш юзасидан ўқув марказини ривожлантириш бўйича ўзаро англашинув меморандуми (АМ).

Мазкур инвестицион лойиҳалар қандай амалий натижалар беради?

Биринчидан, Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида 1500 МВт. қувватга эга янги буғ-газ қурилмаси (БГҚ)ни ​қуриш режалаштирилган. Ушбу электр энергияси ишлаб чиқаришга йўналтирилган инвестицион лойиҳада ҳам келишувга мувофиқ “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ягона харидор сифатида иштирок этади.

Лойиҳага мувофиқ қуриладиган янги буғ-газ қурилмасининг самарадорлиги 60 фоиздан зиёд бўлиб, одатда у электр энергия ишлаб чиқаришга сарфланадиган табиий газ миқдорини қарийб икки марта кўп тежаш имконини беради.

Энергетика вазирлиги билан қайта тикланадиган энергиядан фойдаланиш бўйича имзоланган шартномага биноан ACWA Power компанияси Ўзбекистонда 500–1000 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қуради ва фойдаланишга топширади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги билан имзоланадиган учинчи келишувга мувофиқ ACWA Power компанияси АҚШнинг Air Products & Chemicals компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда энергетика ва кимё технологияси соҳаларида мутахассислар тайёрлаш юзасидан Ширин шаҳридаги коллежда техник кўникмаларини ошириш бўйича ўқув дастурларини тақдим этади.

Юқоридаги келишув битимлари Ўзбекистоннинг глобал энергия бозорида тобора ортиб бораётган ролини, унинг энергия хавфсизлиги ва энг замонавий технологиялардан фойдаланиш имкониятларини акс эттиради. Бу, шунингдек, Ўзбекистон чет эл инвесторлари учун жозибадор масканга айланаётганининг яна бир кўринишини ифода этади, десак муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султонов айнан ушбу масалалар хусусида тўхталиб, жумладан, шундай дейди:

— Инфратузилмани ривожлантириш иқтисодий тараққиётимизнинг гаровидир, бунга шубҳа йўқ. Биз энергетика соҳасига оид ўз олдимизга қўйган мақсадларимизга эришиш учун энг яхши халқаро тажрибаларни ўрганиш, уларни қўллашдан манфаатдормиз. Бошқача айтганда, синовдан ўтган халқаро тажрибалардан андоза олиб, иш юритамиз. Биз ACWA Power компаниясини Ўзбекистонда электр энергиясини ишлаб чиқариш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида халқаро стратегик ҳамкор сифатида танладик, чунки улар соҳада самарадор фаолият кўрсаткичлари бўйича катта тажрибага эга. Бизнинг Саудия Арабистони энергетиклари билан ҳамкорлигимиз мамлакатимизга Ўзбекистонда давом этаётган ижобий ўзгариш ва юксалишда муҳим деб ҳисобланадиган хусусий секторнинг фаол иштирокини молиялаштириш имконини беради. Биз келгусида ACWA Power билан ишлашни ва ушбу халқаро шерикликни янада кучайтиришни режалаштирганмиз.

Яқинда келишилган энергетика соҳасига оид лойиҳалар Ўзбекистон учун тарихий босқич бўлиб, муқобил энергия манбалари орқали энергия хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича амалиётларимизни қўллаб-қувватлайди. ACWA Powerʼнинг ақлли, энергия тежайдиган технологиялари мамлакатимиз электр энергетика соҳасига 2000 МВт дан ортиқ қўшимча қувватни тақдим этади ҳамда мамлакатимиз учун янада барқарор, хавфсиз ва арзон энергия экотизимини яратишга имкон беради”.

Ўз навбатида ACWA Power раиси Муҳаммад Абунайян ҳам ўзаро ҳамкорлик ҳақида қуйидагиларни таъкидлаб ўтди:

— ACWA Power компанияси фаолияти динамик ўсишга олиб борадиган йўл бўлиб, бизнинг устувор вазифамиз Марказий Осиёда ҳудудий кенгайиш борасидаги мавқеимизни яна бир бор оширишга хизмат қилади. Компаниямиз истеъмол бозорида хусусий инвестицияларни қўллаб-қувватлайдиган ва энергетика секторини мустаҳкамлайдиган ҳудудда ўзига хос иқтисодий юксалишни таъминлайдиган даражадаги сармоялар киритади. Бир сўз билан айтганда, ACWA Power ривожланаётган бозор ва ҳамжамиятларга арзон электр энергиясидан фойдаланишни таъминлаш орқали олға силжишга ёрдам бериш бўйича катта тажрибага эга. Энергия соҳасидаги тажрибамиздан амалиётда фойдаланган ҳолда Ўзбекистонда энергетика соҳасининг ривожига муносиб ҳисса қўшиш — биз учун катта шараф. Бизнинг ҳамкорлигимиз миллий ва ижтимоий ривожланиш учун янги имкониятларни яратади ва ушбу буюк давлатнинг барча аҳолиси учун барқарор келажакни яратишга ёрдам беради, деган умиддамиз”.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?