Ўзбекистон дунёдаги сайёҳлар оқими энг тез ўсаётган етти мамлакатдан бири — БМТ ҳисоботи
Иллюстратив фото
Маданий мерос агентлиги маълумотларига кўра, 2025 йил давомида мамлакатимиздаги 114 та давлат музейига 6,1 миллион нафар маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ташриф буюрган. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 12,5 фоизга кўпдир.
Музейларга ташрифлар сонининг сўнгги беш йилдаги ўсиш кўрсаткичларига назар ташласак, сайёҳлар оқими йиллар кесимида ўзгариб борганига гувоҳ бўламиз. Жумладан, 2020 йилда COVID-19 пандемияси туфайли ташрифлар сони 1,5 миллионгача пасайган бўлса, 2021 йилда 5,1 миллионгача кўтарилган. 2022 йилда эса 6,5 миллион нафарга етган. Бу кўрсаткич бугунги кунгача қайд этилган мутлақ рекорд ҳисобланади. Шунингдек, 2023 йилда музейга ташриф буюрувчилар сони қисқариб, 5,7 миллион нафарни ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу рақам 4,8 миллион нафаргача камайган. Ўтган 2025 йил мобайнида эса ўсиш сурати яна ошиб, 6,1 миллион нафарга етган.
COVID-19 пандемияси давридан кейин туризмнинг жонланиши, хорижий авиакомпаниялар фаолиятининг тикланиши, виза бериш талабларининг соддалаштирилиши ҳамда мамлакатнинг халқаро имижини оширишга қаратилган ислоҳотлар туризм соҳасидаги ўсишнинг асосий омилларидан бири бўлиб хизмат қилди. Бундан ташқари, халқаро кўргазмалар ва маданий тадбирларнинг ташкил этилиши ҳам ташрифлар сонининг ошишида муҳим роль ўйнади.
Энг кўп ташриф буюрилган музейлар
2025 йилда энг кўп ташриф буюрилган музейлар анъанавий тарзда Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарларда жойлашган.
Жумладан, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси ташриф буюрувчилар сони бўйича биринчи ўринда қайд этилган. Ушбу музейга 2025 йил давомида 1 миллион 145 минг 595 нафар сайёҳ ташриф буюрган. Ундан кейинги ўринларда, Регистон ансамбли 1 миллион 136 минг 69 нафар ташриф буюрувчи билан иккинчи поғонада қайд этилган бўлса, 851 минг 714 нафар кўрсаткич билан Бухоро давлат музей-қўриқхонаси учинчи поғонани эгаллаган.
Шунингдек, «Ичан-Қалъа» давлат музей-қўриқхонасига йил давомида 476 минг 592 киши, «Шаҳрисабз» давлат музей-қўриқхонасига эса 185 минг 604 киши ташриф буюрган. Мазкур рақамлардан ҳам билиш мумкинки, Буюк ипак йўли бўйлаб жойлашган тарихий шаҳарларимиз ҳали ҳам энг жозибадор туризм масканлари ҳисобланади.
Ортда қолган 2025 йил музей соҳасини рақамлаштириш борасида ҳам муҳим ютуқларга бой бўлди. Электрон идентификация қилинадиган музей ашёлари ва коллекциялар сони 500 мингтага етказилди. Бундан ташқари, 301 та маданий мерос объектлари рақамлаштирилиб, 217 та музей ҳамда объектларнинг 360 даража тасвирлари ягона ахборот базасига жойлаштирилди. Ушбу ўзгаришлар юртимизга ташриф буюриш истагида бўлган хорижий сайёҳлар учун музейларни олдиндан ўрганиш ва виртуал саёҳат қилиш имкониятини яратади.
Халқаро эътироф
Жаҳон туризм форуми институти Ўзбекистондаги туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни эътироф этиб, 2025 йилнинг «Энг яхши маданий туризм йўналиши» унвонига лойиқ кўрди. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг туризм ҳисоботида Ўзбекистон жаҳонда сайёҳлар оқими тез ўсаётган ТОП-7 мамлакатлар қаторидан жой олди.
Туризм қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг ноябрь ойига келиб Ўзбекистонга 10,7 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Аҳамиятлиси шундаки, 2025 йилнинг апрель ойида илк бор бир ойда бир миллиондан ортиқ хорижий сайёҳ мамлакатимизга келган. Сўнгги 9 ойда эса 8,6 миллион нафар хорижий сайёҳлар сафар қилиш мақсадида мамлакатимизни танлаган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- Президент прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади
- “Катта сакраш” ёхуд Ўзбекистон сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожида янги босқичга қадам қўйди
- Ўзбекистонда 2025 йилда 150 тоннадан ортиқ сифатли қон тайёрланган
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг