“Ўзбекистон – 2030” — юксак марралар стратегияси

14:50 22 Январь 2026 Жамият
207 0

Навоий шаҳрида халқ депутатлари вилоят Кенгаши иш режасига мувофиқ маҳаллий кенгашлар котибиятлари ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини такомиллаштиришнинг мазмун-моҳияти ва унинг амалий аҳамияти мавзусида тарғибот тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда энг аввало мазкур ҳужжатни такомиллаштиришни тақозо этган омиллар ҳамда унинг муҳокамасида фуқароларнинг фаоллигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

— Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотлар дастлабки йилларда асосан узоқ йиллар мобайнида йиғилиб қолган муаммоларни бартараф этишга йўналтирилган эди, — дейди тадбирда маъруза билан иштирок этган Демократик жараёнларни тадқиқ қилиш маркази Навоий вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Абдулла Рўзиқулов. — Бугунги кун воқелигида мамлакатимиз изчил ва тизимли ривожланиш, узоқ муддатли барқарорлик ва рақобатбардошлик босқичига қадам қўйди. “Ўзбекистон – 2030” ана шу босқичнинг йўл харитаси ҳисобланиб, оддий режа ёки расмий дастур эмас, балки миллий тараққиёт ғоясининг аниқ, амалий ва тизимли ифодасидир.

Тадбирда маърузачилар томонидан Республикамиз Президентининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида белгиланган вазифалар ҳамда сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида эришилган салмоқли ютуқлар алоҳида таҳлил қилинди. Барқарор иқтисодий ўсиш, аҳоли турмуш даражасининг изчил ошиши, ижтимоий соҳада қўлга киритилган муҳим натижалар ислоҳотларнинг амалий самараси эканлиги таъкидланди.

— Биз илгари таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларига бюджетимизнинг катта қисми йўналтирилишини кўп таъкидлар эдик, — дейди “Юксалиш” ҳаракат ҳудудий бўлинмаси раҳбари Алижон Жалилов. — Бугунги кунда ушбу тизимларда инсон омили олий қадрият сифатида белгиланиб, асосий эътибор уларнинг сифат кўрсаткичига қаратилмоқда. Яъни, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг концептуал ўзаги — инсон капиталига сармояни давлат сиёсатининг биринчи даражали устуворлиги сифатида белгилашидир. Бу ерда гап фақат ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлаш ҳақида эмас, балки давлат ва фуқаро ўртасидаги муносабатлар моделининг тубдан ўзгариши ҳақида кетмоқда.

Шунингдек, маърузаларда замон талаблари, глобал ўзгаришлар ва жамият эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш заруратига алоҳида эътибор қаратилди.

Президентимиз Мурожаатномасида ушбу стратегик ҳужжат мамлакатнинг келгуси беш йиллик тараққиётини белгилаб бериши, уни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш жараёни эса кенг жамоатчилик муҳокамаси асосида, аҳоли фикр-мулоҳазалари ва ташаббусларини инобатга олган ҳолда амалга оширилиши лозимлиги қайд этилгани эътироф этилди.

Учрашув якунида иштирокчилар томонидан билдирилган фикр ва таклифлар стратегиянинг такомиллаштирилган лойиҳасини янада мукаммал қилиш, уни аҳоли манфаатларига янада яқинлаштиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер