«Ўзбекгидроэнерго» АЖ: фаолият сарҳисоби ва истиқболли лойиҳалар 

19:19 19 Апрель 2024 Иқтисодиёт
454 0

Энергетика ривожланаётган мамлакатларнинг иқтисодий ўсишининг асосий манбаи ҳисобланиб, мамлакат ишлаб чиқариш кўламининг ортиши, аҳолининг турмуш шароити яхшиланиши билан аҳолининг энергия ресурсга бўлган талаби ошиб боради.

Президентимиз ташаббуси билан бугун гидроэнергетика тармоғида ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2017 йилгача гидроэлектрстанцияларнинг умумий қуввати соҳада 1 836 МВтни ташкил этган бўлса, 2017 — 2023 йилларда амалга оширилган лойиҳалари натижасида қўшимча 397 МВт янги ва модернизация қилинган қувватлар ишга туширилиб, умумий қувват 2233 МВтга етказилди. Бунда гидроэлектр станциялар умумий сони 60 тани ташкил этмоқда. Хусусан, Жамият таркибига 14 та йирик ГЭС (30 МВтдан юқори), 26 та ўрта ГЭС (5-30 МВт), 6 та кичик ГЭС (0,5-5 МВт) ҳамда 14 та микроГЭС (0,5 МВтгача) киради.

Бугунги кунда «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти таркибидаги барча корхонада аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиёт тармоқларини барқарор ва сифатли электр энергияси билан таъминлаш мақсадида туну кун ишлаб чиқариш ташкил этилган бўлиб, 2024 йил I чоракда қайта тикланувчи энергия манбаларидан электр энергияси ишлаб чиқариш режаси 122 фоизга ортиғи билан бажарилиб, 1,4 миллиард кВт/соатга етказилди ҳамда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 фоизга — 1326 миллиондан 1363 миллион кВт/соатга кўпайди.

Электр энергияси ишлаб чиқаришнинг энг катта ўсиш суръати февраль ойида (+12,0 фоиз) қайд этилган бўлса, январь ойида ўсиш +7 фоизни ташкил этди. Натижада гидроэнергетика объектларида ишлаб чиқарилган энергияси республикадаги жами энергияси ишлаб чиқаришдаги улуши қарийб 8 фоизни ташкил этди.

Мамлакатимизда ҳисобот даврида яшил энергия ишлаб чиқариш бўйича етакчи ҳудудлар қаторига Тошкент, Сирдарё ва Андижон, Хоразм вилояти ва Тошкент шаҳри кирди. Ушбу ҳудудларда қайта тикланадиган энергия манбаларидан ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг 92,9 фоизини Ягона энергетика тизимига узатишди.

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқариш ҳисобига ҳисобот даврида шартли 368,4 миллион метр куб табиий газ, 309,7 миллион кг. мазут ва 1 135 миллион кг. кўмир ёқилғиси иқтисод қилишга эришилди. Қолаверса, жамият ва тизим корхоналари томонидан I чоракда бюджетга 109 млрд. сўмлик тўлов амалга оширилди.

Жамиятда ишчи-ходимлар турмуш даражаси ва сифатини доимий ошириб бориш асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Шу мақсадда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида Жамият тасарруфидаги энергия корхоналарида фаолият олиб бораётган ишловчи ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига 9,1 млн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 155 фоизга ошган. I чоракда корхоналар бўйича ўртача ойлик ҳисобланган иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичлари «Тошкент ГЭС»да (11,6 млн.), «Самарқанд ГЭС»да (10,6 млн.) ва «Қамчиқ ГЭС»да (9,5 млн.) кузатилган.

Бундан ташқари, ҳисобот даврида маҳсулот таннархини камайтириш мақсадида амалий ишлар ташкил этилиб, ишлаб чиқариш харажатлари 3,5 миллиард сўмга қисқартирилишига эришилди. Шунингдек, энергия ҳосил қилувчи корхоналари томонидан 164 тонна металл парчалари топширилиб, режа кўрсаткичи 125 фоизга бажарилди.

Электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини ошириш бўйича амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалар бўйича I чоракда давлат Инвестиция дастурига мувофиқ 8 та лойиҳа доирасида 29,8 млн. доллар ўзлаштирилди. Бунда, хорижий кредит – 11,5 млн. доллар ва Жамият ўз маблағлари – 18,3 млн.долларни ташкил этди.

Албатта, бундан кўзланган асосий мақсад – жорий йил якунига қадар жами қуввати 26 МВт, йиллик ишлаб чиқариши 133 млн кВт соат бўлган 23 та, шу жумладан, 19 та микроГЭС ва 4 та кинетик гидроагрегатни фойдаланишга топширишдир. Бунинг натижасида Жамият таркибида 2024 йил якуни билан жами қуввати 31 МВт бўлган 37 та микроГЭС ташкил этиб, қўшимча йиллик 153 млн. кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Жамият томонидан «Гидроэнергетика соҳасини ислоҳ қилиш чора-тадбирларини жадаллаштириш тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур қарор лойиҳасида 2024 — 2030 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш бўйича янгиланган Дастур тасдиқланмоқда.

Унга мувофиқ, 2030 йилга қадар 50 та янги ГEС қуриш орқали гидроэнергетиканинг умумий қувватини 5 624,4 МВтга етказиш, яъни 3 396,3 МВт қўшимча қувватлар яратиш, шу жумладан, 2024 йилдан Жамият томонидан ростловчи қувватларни яратиш мақсадида республикада биринчи бор қуввати 1 600 МВт гидротўплашэлектростанциялар (ГТЭС) қурилиши лойиҳаларини бошлаш, умумий қуввати 1631 МВт бўлган 18 та йирик ва ўрта қувватли ГЭСлар қурилиши, жами қуввати 28 МВт бўлган 28 та микро ва кичик ГЭСлар қурилиши, қуввати 550 МВт бўлган мавжуд 15 та ГЭСни модернизация қилиш режалаштирилган.

Истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига Жамият тасарруфидаги ГЭСлар томонидан йиллик электр энергияси ишлаб чиқариши 17 млрд. кВт/соатга етказилади.

Умуман олганда, жорий ҳисобот даври Жамият фаолият бошқа соҳалари ҳам юқори даражада ташкил этилиб, режа кўрсаткичлари тўлиқ бажарилиши таъминланди.

Хусусан, маҳаллийлаштириш борасида 2024 йилда 31,0 млрд. сўм маҳсулотлар ишлаб чиқариш белгиланган бўлиб, шундан, I чоракда «Сувсаноатмаш» АЖ томонидан 5 та лойиҳа доирасида 4,5 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, режа 110 фоизга бажарилди.

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича I чоракда 36,4 млрд. сўм маҳсулот ишлаб чиқарилиб, режа 103 фоизга бажарилди. Жумладан, «Сувсаноатмаш» АЖ – 7,1 млрд. сўм (110 фоиз) ва «Энергоқурилишиндустрия» МЧЖ – 30,4 млрд. сўм (101 фоиз).

Импортни қисқартириш мақсадида саноат кооперацияси кенгайтириш бўйича 2024 йилда 260,0 млрд. сўмлик саноат кооперациясини амалга ошириш белгиланган. Шундан, I чоракда 26,0 млрд. сўмлик саноат кооперацияси доирасида харидлар амалга оширилиб, режа 100 фоизга бажарилди.

Шубҳасиз, юқоридаги каби кўрсаткичларга, авваламбор, корхоналар меҳнат жамоалари ҳар бир аъзосининг меҳнати, шунингдек, ишлаб чиқариш жараёни барқарорлигини ҳамда асосий ва ёрдамчи энергоқурилмаларни ишончли ишлашини таъминлашга қаратилган техник ва технологик чораларнинг изчил амалга оширилиши натижасида эришилди.

Шу ўринда бир жиҳат, гидроэнергетика соҳасида биринчи ярим йиллик муҳим палла бўлиб, йиллик режа кўрсаткичлари бажарилиши айнан биринчи ярим йиллик кўрсаткичлари бажарилишига бевосита боғлиқдир. Шу боис, II чоракда электр энергияси ишлаб чиқариш, инвестицияларни ўзлаштириш ва микроГЭС лойиҳаларини фойдаланишга топшириш, шунингдек, сув омборлари хавфсизлигини таъминлаш доирасидаги чора-тадбирларни ўз муддатларида бекамукўст амалга ошириш мақсад қилинган.

Хуршид Равшанов,

«Ўзбекгидроэнерго» АЖ Ахборот-таҳлил бўлим бошлиғи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер