Ўзбек заминининг ҳикматли жозибаси

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим!
Муқаддас исломнинг асрлар силсиласида завол топмай келиши унинг ҳақ дин эканини намоён этади. Унинг муқаддас китоби — Қуръони карим, шунингдек, ҳадиси шарифдаги ўгитлар, эскирмас ғоялар банибашарни тўғри йўлга бошлаши билан Ер юзида қадр топиб келмоқда. Жумладан, турли миллат ва элатларнинг келиб чиқиши бир ўзакдан экани, нифоқ ва жанжалларга йўл қўймай, ўзаро иноқликда тинч-осойишта ҳаёт кечиришга даъват бугунги даврда ҳам ибрат намунаси бўлиб қолмоқда.
Шундай экан, муқаддас динимизнинг ривож топган, гуллаб-яшнаган масканлари ҳамиша эъзозли саналади. Дунёнинг жуғрофий харитасидан уларни излагудек бўлсангиз, Ўзбекистон заминида нигоҳингиз тўхтайди. Нега? Бу саволнинг жавоби унча оддий бўлмаган тарихий ҳақиқатлардан иборат. Яъни Сирдарё ва Амударё бўйларида қадим-қадимдан деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик ривожланиб, икки дарё оралиғи — Мовароуннаҳрда ўзига хос ўрнига, ўз овозига эга бўлган ўзбек халқи ҳалол меҳнати билан ҳаёт бардавомлигини таъминлаб келган. Муқаддас ислом дини ушбу заминда ёйила бошлаганидан кейин эса мазкур халқдан етишиб чиққан улуғ зотлар унинг маданияти, маънавияти ва маърифати яловбардорларига айланишган. Бу ҳодиса жуда улкан маданий силжишга, уларнинг дунё тамаддунига ислом дини маданияти орқали беқиёс улуш қўша олиш имконияти юзага келишига туртки берган. Буни бутун дунё эътироф этади. Шунинг учун Марказий Осиё, энг аввало, ҳозирги мустақил Ўзбекистоннинг оддий бўлмаган долғали тарихига назар ташлайдиган бўлсак, унда башариятни эзгуликка, олийжанобликка, яхшиликка, энг муҳими, жаҳолатдан уйғонишга даъват этувчи мозий садоларини илғаш мушкул эмас.
Ислом маданияти, маънавияти бу ўлкага кириб келганидан сўнг кўп ўтмай ўзининг серҳосил меваларини бера бошлади. Шу боис бўлса керак, дунёнинг аксарият уламолари ислом дини, гарчи Арабистонда қарор топган бўлсада, у ўзбек заминидан қувват олганини якдиллик билан эътироф этиб, мана шу муқаддас заминда пайдо бўлган муслимий тафаккур натижаларидан самарали равишда фойдаланиб келади. Исломий қадриятлар негизида шаклланган оилавий муҳит, ўзига хос урф-удумлар бевосита бу ердаги халқларнинг, хусусан, ўзбекларнинг табиатига сингиб кетган, десак, асло янглишмаймиз.
Мана шундай тарихий ўзанлардан келиб чиқиб, ўзбек халқида «оққан дарё оқаверади», дейилганидек, тинч-осойишта муҳитда барқарор ривожланиб, ободонлашиб бораётган жаннатмонанд озод Ўзбекистоннинг гуллаб-яшнашига ислом маънавияти ва маърифати бугунги кунда ҳам самарали таъсир қилади. Янги Ўзбекистонда кечаётган жараёнлар асносида биз ўзбек биродарларимиз, диндошларимиз, диний идорада фаолият юритаётган елкадошларимиз билан бу борадаги мусоҳабаларимиз давомида уларнинг қиёфаларидаги фахр-ифтихор ифодаларини, кўзларида ёнган ишонч туйғуларини кўриб, бу юртнинг ўтмиши билан ҳозирги куни ўртасида мустаҳкам боғлиқлик, бардавомлик мавжудлигига яна бир бор амин бўламиз.
Дарҳақиқат, тарих — буюк дарсхона. Шарқ донишмандлари «Ўтмишга тош отсанг, келажакдан замбарак ўқини қарши олавер», деб беҳуда айтишмаган. Аждодлар ва авлодлар ўртасида узилмас ришталар, анъанавийлик, ҳурмат-эътибор, меҳр-садоқат ҳар қандай юртнинг келажагини таъминлашга қодир. Ўзбекистонда бундай қадриятларга содиқлик кишини қувонтиради. Кўп миллатли Россия Федерациясида ҳам айнан мана шу масалаларга жиддий эътибор қаратиб келинмоқда. Ҳар бир халқ, ҳар бир миллат ўтмишини унутмаган ҳолда тенг ҳуқуқлилик асосида тараққиёт йўлини тутар экан, у ўзгаларнинг босимидан ўзини сақлаган ҳолда, муқаддас қадриятларини кўз қорачиғидек асраши лозимлиги масаласида бугунги Ўзбекистон ибрат-намуна бўлиб келмоқда.
Эндиликда, янги Ўзбекистон шароитида учинчи Ренессанснинг маданий-маърифий пойдеворини яратишнинг янги тўлқинларида бу ҳодиса дунё миқёсида намоён бўла бошлади. Шу сабабли яхшилик, эзгулик аъмолига айланган мусулмонлар қаерда бўлмасин, ислом маърифати борасида сўз кетса, бугунги Ўзбекистон ҳудудида жойлашган муқаддас шаҳарларни эслашлари ҳам бежиз эмас. Негаки, муқаддас ислом динида сўз ва амал бирлиги юксак қадрият ҳисобланади. Сўзда айтиб, амалда тескарисини қиладиганларга мунофиқ дейилади. Ўзбек халқи маълум бир даврларда муқаддас динимизнинг бош китобидан, ҳадиси шарифлардан мосуво қилиб қўйилган эсада, ўз ҳаёт тарзи, амали, тўғрисўзлиги, адолатлилиги билан ҳақиқий муслим эканликларини кўрсатиб келдилар. Бугунги Ўзбекистоннинг йилдан йилга ободонлашиб, замонавий сайёҳлик марказларига айланиб бораётган муқаддас шаҳарларини, ақалли, бир марта бориб кўрган киши бунга амин бўлади.
Қадимда уламолар «Ер юзининг барча жойига кўкдан нур инса, ердан кўкка нур чиқадиган жой», деб таърифлаган биргина Бухоро шаҳрининг асил ўзанларига қайтиб, ислом маърифатига алоқадор сўз ва амал бирлигини ободонлашган қадимий ёдгорликлар орқали намоён этиб туриши ибратлидир. «Хожагон» тариқати асосчиси Абдухолиқ Ғиждувонийнинг Бухоро мўъжизакор замин экани тўғрисидаги мисраларини унинг Ғиждувондаги мақбарасига қадами етган зиёратчилар кўп эслашади.
Тупроқлари анбар ифор, файзи эса мўъжизакор —
Хусрав, Доро, Кайхусравнинг ўлкалари эмас асло.
Ер юзини уч мартаба кезиб чиқиб, сездим такрор —
Ҳам латифу, ҳам шарифлик эгасидир бир Бухоро!
Дарвоқе, бу муқаддас масканда Абдухолиқ Ғиждувонийдан бошланиб Баҳоуддин Нақшбандга қадар давом этган етти пир ёдгорликлари дунё мусулмонларини ўзига жалб қилган зиёратгоҳлар эканида жозибали ҳикмат мавжудки, уни дунёнинг бошқа ҳеч бир ерида, қолаверса, бундай муҳташам ва мунтазам шаклда кўриб бўлмайди. Кўпчиликка маълум бўлгани учун уларнинг барчасига бир-бир тўхталиб ўтирмай, бу жозибали ҳикматнинг маъно-мазмунига эътибор қаратиш дунёни ҳалокатдан қутқаришга қодир, дея оламан.
«Дунёни гўзаллик қутқаради» дейишади. Тўғри, Момо Ҳавво ҳуснда ягона. Зулайҳонинг қалбини забт этган Юсуф ҳам гўзаллик тимсоли. Аммо улар афсоналарда қолди. Шафқатсиз дунё афсоналарни, гарчи уларда ҳақиқат белгилари бўлсада, инкор қилиб яшашга кўниккан. Улар дунёни қутқарадиган фазилат муваққатликни тан олмаслигини яхши билишади. Ҳеч қачон завол билмайдиган, эскирмайдиган, қайси давр ва қайси маконда бўлмасин, аҳамият касб этадиган мангуликни кўрмоқчи бўладилар. Шундай маҳалларда, ундайларга қандай қилиб бири кулоллик, яна бири боғдорчилик, бошқаси бахмал тўқиш билан тирикчилик қилган Бухородаги етти пирнинг муқаддас ислом ақидаларидан келиб чиқиб, яратган ғоялари ёрдам бера олади? Бундай жойлар дунёнинг бошқа гўшаларида йўқми? Албатта, йўқ! Нега деганда, Абдухолиқ Ғиждувонийдан бошланиб, Муҳаммад Ориф Ревгарий, Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол ва охирги Баҳоуддин Нақшбанд таълимотларигача «сўз ва амал бирлиги» бош ғоя сифатида туради. Ораларидаги масофа ўнлаб километрларга чўзилган бу зотлар яшаган жойларда бугунги кунда ҳам уларнинг авлодлари мўминларнинг мўмини, қалби Аллоҳ нури билан ёришган кишилардир. Улар Аллоҳнинг инъом этган ризқу рўзи барокатидан баҳам кўришади. Шу сабабли дунёнинг турли мамлакатларидан шунчаки саёҳат учун келадиган турли диндагилар ҳам бу ерлардаги сўз ва амал бирлигига тан бериб, ҳайратдан ёқа ушлаган ҳолда ислом динига хайрихоҳликлари ошиб боради.
Ҳа, дунёни сўз ва амал бирлиги қутқаради. Айнан, Бухородаги етти пир зиёратгоҳи шундан бизга хабар беради, барчага сабоқ улашади. Ёлғон гапирманг. Айтдингизми, бажаринг. Қўл меҳнатда, қалб ибодатда бўлиши керак. Тарки дунё қилиб, фақат тоат-ибодатда, назр-ниёзлар асосида умр кечиришни дин аҳли иши деб билганлар учун Абдухолиқ Ғиждувоний «Қалбинг Яратганда, қўлинг ишда бўлсин», деган муҳим ўгитни ўртага ташлади. Кейинчалик бу нақшбандия тариқатининг энг муҳим шиори сифатида дунёга кенг ёйилди. Бухоронинг «Олтин силсила» деб ном олган етти пири саъй-ҳаракатлари туфайли амалга ошган диний ислоҳотларнинг оқибат натижаси ўлароқ, бугунги кунда Ўзбекистон ислом маърифати борасида ўзининг муҳим сўзини айтишга ҳақли эди. Шундай бўлди ҳам.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари БМТ Бош Ассамблеясининг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган 72-сессиясида сўзлаган нутқида ислом динининг дунё миқёсидаги ўрнига юксак баҳо берди. Ислом оламида Ўзбекистон раҳбариятининг саъй-ҳаракати билан шу тариқа улуғвор ғоя илгари сурилди. 2018 йил 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюция қабул қилинди. Мазкур резолюция лойиҳаси Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилди. Бугунги глобал дунёда муқаддас динимизнинг аҳамияти, обрў-эътибори ва истиқболини ўзида мужассам этган бу резолюцияни дунё афкор оммаси ҳузурига Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари олиб чиқиб, ташаббус кўрсатди. Мазкур резолюция Шимолий Америка ва Лотин Америкаси, Осиё, Африка ва бошқа қитъаларнинг 50 дан зиёд мамлакатлари билан ҳаммуаллифликда қабул қилинди. Улар қаторида Озарбайжон, Жазоир, Баҳрайн, Беларусь, Гана, Миср, Ҳиндистон, Канада, Қатар, Қирғизистон, Ливан, Марокаш, БАА, Ўмон, Покистон, Корея Республикаси, Қозоғистон, Саудия Арабистони, Сингапур, Судан, Тожикистон, Таиланд, Тунис, Туркманистон, Филиппин, Япония ва бошқа давлатлар бор эди. Бу ўринда Россия Федерациясининг ҳам алоҳида ўрни бўлганини мамнуният билан қайд этишни истардик.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда мазкур йўналишда аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар амалга оширилмоқда. Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкентда Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази ташкил этилди. Ўзбекистон томонидан илгари сурилган, илмнинг ҳамма учун очиқлигини таъминлаш, дин масаласидаги жаҳолатга барҳам беришни кўзда тутувчи «Жаҳолатга қарши маърифат» ёндашуви бу заминда учинчи Ренессанс пойдеворига қўйилган асослардан биридир.
Ўзбекистон ва Россия мусулмонлари ўртасидаги алоқалар бардавом экани бизни мамнун этади. Бундай ҳамжиҳатлик ҳар жиҳатдан муҳим бўлиб, минтақалардаги экстремизм ва терроризм каби таҳдидларнинг олдини олишга хизмат қилади. Террор ва зўравонлик миллат танламайди. Аммо унинг юзини шувут қилади. Шу маънода, бундай балоларга қарши биргаликда кураш олиб бориш лозимлиги кун тартибидан тушмайди. Бундай вазиятда халқ орасида тушунтириш ишлари олиб борадиган диний уламоларнинг иттифоқлиги зарурлигини унутмаслик лозим. Эндиликда диний таълим дастурларини мувофиқлаштириш, зиёрат туризмини йўлга қўйиш, меҳнат мигрантлари билан ишлашда ҳамкорлик ўрнатиш жуда зарур. Ўзбекистон ва Россия диний уламолари исломнинг ҳақ дин эканини тўғри тушунтира олиш вазифаси бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам долзарблигини теран ҳис этиб туришибди.
Муқаддас ислом динининг маърифати ва маънавиятини Ўзбекистон мисолида дунёга тушунтириш бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Нега деганда, ҳозирги кунда дунё бўйлаб кечаётган жараёнлар шуни тақозо этмоқда. Қисқача айтганда, инсоният тақдирида муҳим бурилишлар кутилаётган ғоят нозик даврда яшамоқдамиз. Бундай чоқда сўз ва амал бирлиги бузилиши, жаҳолат, манфаатпарастлик, сўқирлик асрлар давомида амал қилиб келган дўст-биродарлик, оға-инилик туйғуларига жиддий зарар етказиб қўйиши мумкинлигидан эҳтиёт бўлмоғимиз лозим.
Узоққа бормай, шу йил 22 март куни Москва яқинидаги «Крокус Сити Холл»да юз берган, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ваҳшиёна қотилликни эсласак, аҳли муслим орасида таълим-тарбия, одоб-ахлоқ масалалари нечоғли долзарб равишда кун тартибига чиққанини англаймиз. Бу террорчилик ҳужуми оқибатида қурбон бўлган, жароҳат олган юзлаб бегуноҳ одамлар, аёллар, болалар, гўдаклар айби нима эди? Ахир бу Худонинг ғазабини келтирадиган ҳолатку! Энг ачинарлиси, қўлга олинган ўнлаб тожикистонлик террорчилар орасида бир оиладан уч нафари ҳам бор экан. Кўринадики, диний маросимлар ўтказиб ўзларини аҳли уммат ҳисоблашсада, нафақат сўз ва амал бирлиги, балки инсоний туйғулардан маҳрум бу махлуқлар бутун миллат юзини шувут қилишлари мумкинлигини ўйлаб кўришга қодирмиди? Ер юзи ҳаёти мунтазамлиги ва мутаносиблик учун наинки инсон қонини тўкиш, балки энг майда ҳашаротларга ҳам озор етказмаслик ҳақидаги исломий таълимотлардан бу манқуртлар, албатта, бехабарлиги ислом динига амал қилаётган ўлкаларда таълим-тарбия, маорифни янада кучайтириш лозимлигини кўрсатади.
Мана шу оғир кунларда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг Россиянинг Москва вилоятидаги «Крокус Сити Холл» концерт залида содир бўлган фожиа оқибатида ўнлаб бегуноҳ инсонлар қурбон бўлгани ва жиддий жароҳат олгани муносабати билан Россия Президенти Владимир Путин Жаноби Олийларига таъзия йўллади. Ўзбекистон тинч аҳолига қарши қаратилган бу террорчилик ҳаракатини қатъий қоралашини билдирди. Ўзбекистон раҳбари вафот этганларнинг яқинларига бардамлик, барча жароҳат олганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилагани оғир кунларда ҳамкор ва дўст мамлакатларнинг бир-бирига елкадош туришига яққол мисолдир.
Тарихдан маълумки, Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашист босқинчилари қўққисдан кириб келган Россиянинг турли ўлкаларидан Ўзбекистонга кўчирилган болаларни халқ ўз оила аъзоларидан кам кўрмаган ҳолда бағрига олгани, ювиб-тарагани, тарбиялагани икки дўст давлат тарихининг муштараклигидан далолат бергани ҳолда исломий қадриятларнинг ўзбеклар руҳига азал-азалдан сингиб кетганини ифода этади. Яратганга эътиқод инсонга меҳр билан мана шу муқаддас ўзбек заминида ўзини оламга намоён этган эди. Ўшанда Ўзбекистонда оддий меҳнаткашлардан бошлаб илм ва санъат аҳли, маориф ва маданият ходимлари ҳам якдил бўлиб, Ватанни душмандан халос этмоққа бел боғлаган эдилар. Халқ руҳидаги муқаддас исломий қадриятлар ватанпарварликка йўғрилиб кетганди. Бу савобли ишлардан диний идоралар ҳам четда турмаганини алоҳида мамнуният билан қайд этмоқ жоиз.
Бугунги кунда Ўзбекистонда дин аҳлига, илм аҳлига юксак эътибор кўрсатилмоқда. Биринчи ва иккинчи Шарқ Ренессанси даврида уйғонган ислом маърифати, маънавияти, қадриятлари Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари раҳбарлиги остида юксалиш босқичига кўтарилиб, иқтисодий ва ижтимоий, маънавий ҳаётнинг барча соҳасини қамраб олмоқда.
Ўзбекистонда кейинги йилларда содир бўлган ўзгаришлар қаторида ислом динига эътибор кишини қувонтиради. Инсоният ўз ҳаётида энг буюк бурилишлар сифатида юз берган икки Шарқ Ренессансидан ҳар қанча миннатдор бўлса арзийди. Бу буюк ўзгаришлар жаҳолат тўсиқлари оша унга маданий-маънавий муҳитни ҳадя этди. Дунёнинг қайси нуқтасида бўлмасин, бугунги тараққиёт ва юксалишни, илм-фан ривожланишини, иймон-эътиқод мустаҳкамлигини ўзбек заминида юз берган ана шу беқиёс ҳодисалар билан боғлиқ ҳолда инкишоф этишга ҳаракат қилишади.
Аслида, энг тўғри йўл ҳам шудир. Қадимдан Самарқанду Бухоро шаҳарларидаги мадрасаларда диний ҳамда дунёвий фанлардан бирдек сабоқ берилгани боис бу ерга келиб ўқишни ислом олами ёшлари орзу қилишган. Тошкент, Термиз, Насаф каби шаҳарларда ҳам илм-фан, маънавият ва маърифат, адабиёт, санъат илоҳиётшуносликка йўғрилган ҳолда гуркураб ривожлангани ҳақида тарихий маълумотлар гувоҳлик беради.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда барча соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, бунёдкорликлар, шитоб тараққиёт учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга қаратилган. Дастлабки икки Шарқ Ренессансининг асосларида ҳам худди янги Ўзбекистондаги каби ислом динининг маданий-маърифий муҳити, очиқ дунёвий қарашлари, илм-фанга даъвати турар эди. Ўзбек заминида пайдо бўлиб дунёга тарқаган дастлабки икки Шарқ Ренессанси маҳсули бўлган китобларни ўзбек халқи ўз она тилида мутолаа этиш имконини қўлга киритгани унга азалий ўзанларга қайтиб иш кўриш имконини берди.
Аллоҳ таоло «Таҳрим» сурасида шундай марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳлу аёлингизни ёқилғиси одамлару тошлардан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қиладилар» (6‑оят). Бу ояти кариманинг маъноси ҳақида сўрашганда, ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Уларга таълим беринглар ва уларга одоб беринглар, дегани», деб айтган.
Бу муқаддас калом ўзбек заминида асрлар давомида шаклланган жозибали ҳикмат — сўз ва амал бирлиги, илм-фан, таълим-тарбия, маърифат-маънавият, маданият бугунги Ўзбекистонда ҳам бардавом эканини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Бу ҳаёт жозибали, тинчлик-осойишталик, хотиржамликка даъват этади, инша Аллоҳ!
Албир КРГАНОВ,
Россия мусулмонлари диний жамоаси раҳбари,
Москва муфтийси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг