Ўзбек юлдузлари Хива—Андижон поездида кондиционер ишламаётганидан норозилик билдирди

Фото: Видеодан кадр
Ижтимоий тармоқда ўзбек киноси ва эстрадаси юлдузлари йўловчи поезднинг ички шароити ёмонлиги, жумладан, совитиш тизими ишламаётганидан шикоят қилгани тасвирланган видео тарқалди. Мазкур ҳолат бўйича «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ муносабат билдирди.
«Ҳозирги кунларда мамлакатимиз ҳудуди бўйлаб кузатилаётган аномал иссиқ ҳаво ҳарорати туфайли айрим вагонларнинг совитиш тизимларида носозликлар кузатилмоқда. Видеолавҳага туширилган поезднинг йўл давомида ҳаво ҳарорати 40 даражадан юқорилаб кетгани сабабли совитиш тизимининг компрессор ускунаси ишламай қолган, натижада вагон совитилмаган», дейилади муносабатда.
Қўшимча қилинишича, поезд Тошкент Жанубий вокзалига етиб келганидан сўнг, унга қўшимча қилиб соз ҳолатдаги вагон уланган ва йўловчилар ушбу вагонга ўтказилган. Бироқ санъаткор ва актёрлар бу сафар ҳам шароитлардан 100 фоиз мамнун бўлмаган, жумладан, Алишер Узоқов, биз кондиционери ўрта даражада бўлса ҳам ишлайдиган вагонга кўчирилдик, аммо поездда туристлар ҳам бор эди, уялиб кетдим, — дея ҳолатга изоҳ берган.
Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов эса йил бошидан буён Ўзбекистонда ҳали аномал иссиқлик кузатилмагани ва «Ўзгидромет» ҳам бу борада ҳали огоҳлантириш хабари эълон қилмаганини билдирди.
Унга кўра, Ҳукуматнинг 2021 йил 6 августдаги 501-сонли қарори 4б-иловасида Ўзбекистонда қайси пайт аномал иссиқлик ёки аномал совуқлик кузатилиши ва бу кутилмалардан олдин «Ўзгидромет» огоҳлантириш хабари ишлаб чиқиши бўйича аниқ ёзилган жумлалар мавжуд.
«Ҳукумат тузилмалари ҳукуматнинг қароридаги «аномал» сўзидан келиб чиқиб, расмий маълумотларни беришларини сўраб қолган бўлардим. Ҳеч йўқ, ўзларинг чиқарган қарорларга амал қилинглар», деган мутахассис.
Воқеалар фонида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси бу ҳолатларни ўрганиш ва аниқлик киритиш бўйича «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖга тегишли тартибда сўров юборганини маълум қилди.
Бунга ижтимоий тармоқ фаолларининг йўловчилар кондиционерли жой учун тўлов қилганига қарамай 40 даража иссиқ вагонларда манзилига етиб бораётгани ҳақидаги танқидий постлари сабаб бўлган.
«Ҳозирда Қўмита томонидан бу каби ҳолатлар юзасидан тегишли ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ўрганиш якунлари юзасидан қўшимча ахборот тақдим этилади», дейилади хабарда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг