Ўзбек таэквондосида янги саҳифа очган жамоамиз тантанали кутиб олинди

11:27 29 Июнь 2022 Спорт
587 0

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

24-27 июнь кунлари Корея Республикаси таэквондо бўйича навбатдаги Осиё чемпионатига мезбонлик қилди. Қитъамизнинг энг кучли спортчилари билан кечган беллашувларда 4 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалларини қўлга киритиб, ўзбек таэквондосида янги саҳифа очган ҳамюртларимиз диёримизга қайтиб келишди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ўтган тантанали тадбирда Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов ва унинг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Мудофаа вазирлиги мутасаддилари, спортчиларимизнинг яқинлари ва кўплаб ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Расмийлар музаффар таэквондочиларимизни қарши олишар экан, улар қайд этган улкан натижа давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга яратиб берилаётган имкониятларнинг самараси эканини алоҳида таъкидлашди. Мутасаддилар спортчиларимизни қўлга киритилган ғалабалар билан қутлаб, келгусида бундан-да катта марраларни забт этишларини тилаб қолишди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур Осиё чемпионатида 4 та олтин медалга сазовор бўлган йигитларимиз умумжамоа ҳисобида мусобақа мезбони ва ушбу спорт турининг ватани бўлмиш Жанубий Кореяни ҳам ортда қолдириб, биринчи ўринни эгаллашди. Шунингдек, мусобақада -74 кг вазн тоифасида чемпион бўлган Жасур Жайсунов “Энг яхши спортчи”, жамоамиз тренери Павел Хан эса “Энг яхши мураббий” деб тан олинди.

Энди жамоамиз қисқа муддатли ҳордиқдан сўнг август ойида Туркиянинг Конья шаҳрида ўтказиладиган Ислом бирдамлиги ўйинларига тайёргарликни давом эттиради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер