Ўзаро манфаатли бизнеснинг янги уфқлари
Аввал ҳабар қилганимиздек, жорий йилнинг 7-8 июнь кунлари Наманганда “Doing biziness with Namangan-2019” Халқаро инвестициявий форуми бўлиб ўтди. “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури доирасида ташкил этилган иқтисодий тадбирда иштирок этган хорижий компаниялар ва фирмаларнинг 300 дан зиёд вакиллари вилоятда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити, минтақанинг инвестициявий имкониятлари билан яқиндан танишдилар.
Анжуманнинг тантанали очилиш маросимида таъкидланганидек, яқин вақтга қадар фақатгина пахта хом ашёсини экспортга чиқариш билан чекланиб келган Наманган эндиликда ўзининг кўплаб турдаги рақобатбардош маҳсулотлари билан дунё бозорига юз тутмоқда. Ишлаб чиқариш инфратузилмаси ривожи, ҳусусан, илғор технологиянинг муваффақиятли жорий этилиши “Наманган” бренди остида экспортга чиқарилаётган маҳсулот ва хизматлар турининг муттасил ортишига йўл очмоқда. Айни жараёнда шаклланган сармоявий жозибадорлик кўплаб хорижий компаниялар, ишбилармон доиралар вакилларини бу ерда ўз бизнесини юритишга чорлаётгани бор гап. Буни, жумладан, бугунги кунда вилоят бўйича фаолият юритаётган 169 та қўшма корхона мисолида ҳам кўриш мумкин. Вилоят ҳокимлиги томонидан тақдим этилган минтақа инвестициявий салоҳияти акс эттирилган видеоролик форум меҳмонларининг наманганликлар билан ҳамкорлик ўрнатиш борасидаги фикрларини мустаҳкамлади.
Форум доирасида ташкил этилган миллий маҳсулотлар кўргазмаси, янги инвестиция лойиҳалари тақдимоти, “В2G” ва “В2В” форматдаги кооперацион биржалари чоғида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳамда хорижий компания ва ишбилармонлар ўртасида илғор технологияни жорий этиш, технологик восита ва жиҳозлар етказиб бериш, сармоявий ҳамкорлик юзасидан элликка яқин шартномалар имзоланди. Масалан, Россиядаги “Тавифа савдо уйи” Наманганда ишлаб чиқарилаётган енгил саноат маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича 30 миллион АҚШ доллари қийматидаги лойиҳани амалга оширадиган бўлди. Мисрнинг “One world pharma” компанияси фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича 6,4 миллион АҚШ долларига тенг сармоя билан ҳамкорлик қилади. Бундан ташқари қатор хорижий давлатлар вакиллари билан тўрт юлдузли меҳмонхона, кўп қаватли тураржой бинолари қуриш, мева сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, қуёш батареялари ва панеллар тайёрлаш, балиқчилик хўжалиги ва иссиқхоналар ташкил этиш бўйича имзоланган шартномалар рўйхатдан ўрин олди.
Дарҳақиқат, ўзининг хуштаъм олмаси, анвойи гуллари билан довруғ қозонган Наманган эндиликда бизнес юритиш учун қулай макон сифатида ҳам дунё эътиборини тортмоқда. Буни, масалан, халқаро форумда эълон қилинган ҳушхабар – вилоят марказида хашаматли бизнес маркази ва конгресс холл бунёд этишга киришилганида ҳам кўриш мумкин. Гуллар шаҳрида туғилган ва айни пайтда Россия Федерациясининг йирик бизнесменлари рўйхатининг олдинги ўринларида турган Алишер Усмонов кўмагида бунёд этилаётган 18 қаватли осмонўпар бино келгусида шундай форумларни янада юқори даражада ўтказиш орқали жаҳон ишбилармонларини кенг жалб этишга хизмат қилади.
Сўз-анжуман иштирокчиларига
Махеш Ария- “Petroleum Dunamics oil & gas” компанияси вице президенти (Қувайт).
- Уйчи туманидаги “Макс оил” масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорликда қўшма корхона ташкил этишга келишув форумда эришган катта натижамиз бўлди. 3 миллион АҚШ долларига тенг мазкур лойиҳа ижроси билан корхонада нефть чиқиндиларини қайта ишлаш ва мотор мойи ишлаб чиқариш технологиясини жорий этамиз. Келгусида табиий газ заҳиралари билан ишлаш, чиқиндидан тайёр маҳсулот олиш режаларини ҳам кўзда тутганмиз.
Ганченко Михаил- Новосибирскдаги “Rich Family” гипермаркетлар тармоғи директори (Россия Федерацияси).
- Ўзбек пахтасидан тайёрланган кийим-кечакларнинг жаҳон бозорида муносиб ўрни бор. Бизнинг гипермаркетларимизда ҳам уларнинг ҳаридори чаққон. Бир йилдан буён Тўрақўрғондаги “Дилрабо СДА” кўп тармоқли фирмасидан олинаётган трикотаж маҳсулотлари ҳамшаҳарларимизга ҳар жиҳатдан маъқул тушмоқда. Бу гал Наманганга форумда қатнашиш учун келдим. Ҳамкорларимиз билан мулоқот чоғида шартномамизга ўзгартириш киритишга келишдик – йил оҳиригача Намангандан 5 миллион АҚШ долларига тенг импорт қиламиз.
Тан Боон Уэй Жерему – “Helios energy” компанияси директори (Таиланд).
- Ўзбекистонда муқобил энергия манбаларини жорий этишга эътибор кучайиб бораётгани уларнинг истеъмол бозоридаги ўрнини кенгайтиради. Биз халқаро бозорга шундай воситаларнинг кўплаб турларини чиқарамиз. Бугун Наманган вилоятида ҳам қуёш батареяси ва панелларига эҳтиёж борлигидан келиб чиқиб, бу ерда маҳсулотларимиз сотувини ташкил этиш, шунингдек, Тошкентдаги турдош қўшма корхона билан ҳамкорлик ўрнатиш истиқболларини белгилаб олдик.
Қудратилла Нажмиддинов,
”Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг