Ўзанига қайтаётган дарёлар

09:31 12 Сентябр 2025 Маданият
224 0

Ватанимиз тарихининг турли даврларида жаҳоншумул цивилизациялар, йирик империялар, ҳавас қилса арзигулик шаҳарлар ва бебаҳо меъморий обидалар вужудга келган. Буюк аждодларимиз қолдирган бебаҳо маданий мерос дурдоналари бугунги кунда нафақат юртимизда, балки дунёнинг турли нуқталарида, хориж тўпламлари, жамғармалари, кутубхона ва музейларида сақланмоқда.

Аждодларимиздан етиб келган бой маданий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва уни оммалаштириш бўйича кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг эзгу Қоялари асосида бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилади.

Эзгу орзулар рўёби

Шу пайтга қадар Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан жаҳоннинг турли ҳудудларига тарқалган меросимизни ўрганиш бўйича 30 га яқин мамлакатлардаги 200 дан ортиқ музей, кутубхона ва коллекциялар ўрганиб чиқилди. Ушбу изланишлар натижасида “Ўзбекистон маданий мероси” туркумида 80 жилд китоб-альбом чоп этдик.

Бироқ бу тарихий меросни асл Ватанига — Ўзбекистонга қайтариш мумкин бўлармикин, деган савол кўпчиликка тинчлик бермагани табиий. Бугун Президентимизнинг бевосита кўмагида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мисолида ана шу орзулар амалга ошмоқда.

Жорий йилнинг 29 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, ушбу марказнинг муҳим мақсад ва вазифаларига алоҳида тўхталган, жумладан, унинг экспозицияларини халқимизнинг бой маданий мероси намуналари билан бойитиш, хориждаги йирик коллекциялар, аукцион уйлари орқали шу осориатиқаларни юртимизга қайтариш бўйича алоҳида тавсиялар берган эди.

Ўтган давр мобайнида Саудия Арабистони, Кувайт, Малайзия, Туркия, Буюк Британия, Италия, Германия, Россия сингари мамлакатлардаги 50 дан зиёд кутубхоналар, музейлар, шахсий коллекциялар билан танишиб чиқдик. Жумладан, бир қатор олим ва тадқиқотчилардан иборат ҳайъатнинг Буюк Британияга қилган хизмат сафарлари ҳам ўта самарали кечди.

Маълумки, Буюк Британия йирик музейлари, маърифат масканлари, аукцион марказлари билан ҳам донг таратган. Хусусан, “Sothebyʼs” ва “Christieʼs” аукцион уйлари шу йўналишда фаолият кўрсатувчи энг йирик савдо ташкилотларидан саналади. Ҳар иккала аукциондан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази учун жами 46 та лот, 85 та тарихий буюм сотиб олинди.

Сўғд матоларининг энг катта коллекцияси

Бундан уч йил аввал Самарқандда ўтказилган халқаро конгрессда Малайзия ислом санъати музейи вакилларининг Ўзбекистон ҳудудига тегишли бўлган сўғд чакмони ҳақида берган маълумоти катта шов-шувга сабаб бўлганди. Россия Давлат Эрмитажида сақланаётган сўғдлар даврига оид металл идишларга ҳам ҳавас билан қараганмиз. Ўзимизда ана шундай нодир экспонатлар йўқлигидан афсусланганмиз.

Зотан, мамлакатимиз ҳудудида минг йиллар давомида турли миллат ва элатлар яшаган. Тарихий жараёнлар натижасида ўзбек халқининг шаклланишида муҳим ўрин эгаллаган қавмлардан бири — сўғдийлар жаҳон маданиятида муносиб из қолдирган.

Эндиликда аждодларимиз меҳнати ва тафаккури маҳсули бўлган бу осориатиқалар билан танишиш учун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига келишнинг ўзи кифоя. Бугун Британия коллекцияларидан сотиб олинган сўғд тўқимачилик маҳсулотлари марказ экспозициясини безаб турибди. Бу буюмлар ўз қиммати ва қамровига кўра, жаҳондаги энг йирик сўғд матолари коллекциясини ташкил қилади.

Мазкур тўпламдаги 25 та нодир экспонатнинг 21 тасини турли катталикдаги мато парчалари, тўрттасини бутун чопонлар ташкил қилади. Буюк Британиядаги қатор арт-дилерлар ва коллекционерлардан сотиб олинган бу матолар V — VIII асрларда Сўғдиёна ҳудудларида тўқилган.

Салжуқийлар куч-қудрати тимсоли

Марказий Осиёдан то Онадўлига қадар улкан ҳудудларда уч асрдан зиёдроқ вақт мобайнида ҳукмронлик қилган салжуқийлар ўзларидан жуда катта моддий ва маданий мерос қолдиришган. Бугунги кунда жаҳон музейларида, шахсий коллекцияларда, қўлёзмалар марказларида ушбу сулола даври билан боғлиқ тарихий мерос салмоқли ўрин тутади.

Шу йилнинг май ойида Лондондаги “Christieʼs” савдо уйи томонидан савдога чиқарилган салжуқийлар даври заргарлик намуналари ҳам яна Ўзбекистонга қайтариб келинди. 35 та бежирим тақинчоқни ўз ичига олган бу тўплам бундан саккиз аср илгари аждодларимиз заргарлик санъати ва дизайн соҳасида ҳам пешқадам бўлганларидан далолат беради.

Салжуқийлар салтанати ва куч-қудрати рамзи бўлган шоҳона туғро ҳам Ўзбекистонга қайтарилди. Унда икки бошли бургут тасвири акс эттирилган бўлиб, ҳарбий юришлар чоғида султонлар чодирининг энг юқори қисмига ўрнатилган.

Бургут қадимдан ҳокимият, куч ва давлатчилик Қоясининг асосий рамзи сифатида талқин қилинган. Салжуқийлар даврида эса у салтанатнинг сиёсий қудрати, Шарқ ва Ғарбга ҳукмронлигини англатган. Таъкидлаш жоизки, бундай дурдоналар Марказий Осиё мамлакатларининг ҳеч бирида учрамайди. Шунингдек, сомонийлар, ғазнавийлар, қорахонийлар, Хоразмшоҳлар сингари минтақамиздан етишиб чиққан ва дунёнинг катта ҳудудларига довруқ солган сулолаларга тегишли осориатиқалар ҳам биринчи бўлиб бизнинг ўлкамизга олиб келинмоқда.

Соҳибқирон нигоҳи тушган

Шуни фахр билан таъкидлаш жоизки, Амир Темур ва темурийларга тегишли тарихий буюмлар дунё антиквариат бозорида бениҳоя қадрланади. Яқинда “Christieʼs” савдо уйи ўтказган бир кимошди савдосида Шоҳрух Мирзо даврига тегишли бўлган “Меърожнома” асарининг биргина саҳифаси 2 миллион фунт-стерлингдан ошиқ нархда сотилганидан хабар топдик.

Шу боис, биз ҳам соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар даврига оид осориатиқаларни юртимизга қайтаришга астойдил бел боғладик. Улар орасида Амир Темур топшириғига кўра, 1400 йилларда Самарқандда хаттот Умар Ақтаъ кўчирган улкан Қуръони каримнинг бир парчасини алоҳида таъкидлаш лозим.

Ривоятларга кўра, Умар Ақтаъ дастлаб Соҳибқирон учун узукнинг кўзидан жой оладиган кичик ҳажмдаги Қуръон нусхасини кўчиради. Аммо буюк ҳукм­дор бу кичкина нусха муаззам Каломуллоҳ шаънига муносиб эмаслиги, аксинча унинг муҳташамлиги ва буюклигини кўрсатиш зарурлигини айтгач, хаттот қисқа муддатда жаҳондаги энг катта Қуръони карим нусхасини ҳозирлайди.

Ниҳоят, Соҳибқироннинг шахсий мулки бўлган ушбу Қуръони карим нусхасининг иккита сатрини қайтаришга муваффақ бўлдик.

Бундан ташқари, Амир Темур даврига оид шоҳона чопон, Ибн Синонинг Ҳусайн Бойқаро ҳукмдорлиги даврида Ҳиротда кўчирилган “Китоб уш-шифо” асари, бобурийлар даврига оид миниатюралар, ҳужжатлар, тўқимачилик маҳсулотлари намуналари, қилич ва ханжарлар ҳам Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мулкига айланди.

Бобурийлар мероси Ватанга қайтмоқда

Ҳиндистонда уч ярим асрга яқин ҳукмронлик қилган бобурийлар жаҳон тарихи ва маданиятида муносиб ўрин эгаллаган. Афсуски, бобурийларнинг она Ватанида шу пайтга қадар уларга тегишли на бир қўлёзма, на тайинли экспонатни кўриш имкони бор эди. Эндиликда, Президентимиз кўрсатмаларига асосан бобурийлар даврига оид ўнлаб экспонатлар юртга қайтарилмоқда.

Шу пайтга қадар Қуръоннинг бу сулола даврида яратилган иккита қўлёзмаси, Жалолиддин Румийнинг “Маснавийи маънавий” асари, бобурий ҳукмдорлар ва шаҳзодаларнинг 10 га яқин миниатюралари, каштачилик ва тўқимачилик маҳсулотлари намуналари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига келтирилди. Улар орасида тарихчи олимлар шахсан Мирзо Бобурга тегишли эканини таъкидлаётган хирқа ҳам бор.

Маълумки, Қуръони каримдан турли дуолар битилган бундай либослар ҳукмдорлар учун махсус тикилган. Хирқа матосида ўнлаб оятлар ва дуолар хаттотлик санъатининг юксак намунаси сифатида жойлаштирилган. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрувчилар Бобур Мирзонинг шахсий дастхати, у яратган махсус алифбода кўчирилган Қуръони карим нусхасини ҳам кўришлари мумкин.

Жаҳон нигоҳидаги хазинамиз

7-8 июль кунлари мазкур марказ томонидан Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси ҳамкорлигида Лондондаги “Sothebyʼs” ва “Christieʼs” аукцион уйларида ушбу артефактларнинг кўргазмалари ташкил қилинди.

— Мамлакатингиз ва халқингизга тегишли бўлган бебаҳо бойликнинг бир қисми қайтарилаётгани Ўзбекистон Президенти шахсий ташаббуси билан амалга оширилаётган муҳим маданий ҳодиса бўлиб, ёш авлодни илҳомлантиришга қаратилган. Ўз меросини қайтаришга йўналтирилган бундай амалий саъй-ҳаракатлар маданий уйғониш учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади, — деди “Christieʼs” савдо уйи Васийлик кенгаши фахрий раиси, Сноудон графи, Қироллик хонадони вакили Дэвид Армстронг-Жонс.

“Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик қилиш биз учун катта шараф, — дейди “Sothebyʼs” савдо уйининг Шарқ мероси бўйича вакили Бенедикт Картер. — Марказий Осиё тарихида алоҳида аҳамиятга эга бўлган ёдгорликларнинг Ватанга қайтишига кўмаклашганимиздан мамнунмиз”.

Мазкур сафар асносида Лондондаги таниқли арт-дилерлар, савдо уйлари вакиллари билан келишувларга эришилди. Натижада марказ музейи экспозицияси учун аукцион ва арт-дилерлар коллекцияларидан яна 600 га яқин экспонатлар сараланди. Бу рўйхат марказнинг мамлакатимиз ҳукумати топшириғига кўра тузилган нуфузли илмий кенгаши аъзолари томонидан маъқулланди.

Хабарингиз бор, 19 февраль куни юртимизга келган Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа Президентимизга Каъба ёпинчиғи — Кисванинг бир парчасини топширди. Давлатимиз раҳбари топшириғига кўра, ушбу нодир туҳфа Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига келтирилди. Кисванинг яна бир йирик парчаси шу йилнинг ёз ойларида Саудия Арабистонидан олиб келинди. Айни пайтда бу нодир экспонат биринчи Ренессанс экспозициясида, Ислом динининг Марказий Осиёга ёйилиши бўлимига жойлаштирилди.

“Ўзбекистон улуғ тарихга эга...”

Шу йил 29 август куни Президентимизнинг пойтахтимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишиш асносидаги ташрифи марказимиз тарихидаги унутилмас воқеалардан бири бўлди. Давлатимиз раҳбари бу ердаги жараёнлар билан танишаркан, якунига етаётган марказ қурилиши юзасидан қимматли маслаҳатлар ва тавсиялар берди.

Жаҳоннинг турли давлатларидан келган олий мартабали меҳмонлар марказ билан танишиб, чиндан ҳам халқимизнинг бунёдкорлиги ва тафаккурига, давлат раҳбарининг ташаббусларига тан бериб кетишмоқда. Ўтган ҳафтада АҚШ Президентининг глобал шериклик бўйича махсус вакили Паоло Замполи марказимизга ташриф буюриб, бу ерда амалга оширилган ишларга юқори баҳо берди.

“Президент Жаноби Олийларини мен буюк етакчи, ҳалоллик тимсоли, тинчлик элчиси ва Ўзбекистоннинг уйғониш давридаги чинакам лидери сифатида кўрдим”, деди Замполи жаноблари.

Куни кеча Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри губернатори Александр Беглов, Туркиянинг етакчи “Адолат ва тараққиёт” партияси раиси ўринбосари Зафер Сарикая ҳам Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Александр Беглов марказ фаолияти билан танишаркан, “Фақат буюк давлат раҳбарларигина ўз Ватанининг барҳаёт меросини ўрганиш ва сақлаш учун ана шундай улуғ ишларни амалга оширишга қодир”, деган фикрни билдирди. Туркиялик меҳмон эса, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази туркий тилли мамлакатлар учун ҳам фахру ифтихор манбаи эканини таъкидлаб, ана шундай эзгу ишларнинг бошида турган давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевдан бениҳоя миннатдор эканини изҳор этди. Зотан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази — янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ва маданий ислоҳотларнинг ёрқин натижасидир.

Фирдавс АБДУХОЛИҚОВ,

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?