Ўз она тилини билган миллат тирикдир

Таниқли авар шоири Расул Ҳамзатов “Менинг Доғистоним” асарида шундай ёзади: “...Париждан қайтгач, рассомнинг уйини топдим. Қарангки, унинг онаси ҳали барҳаёт экан. Қариндош-уруғлари тўпланиб менинг ҳикоямни ғамгин бош эгиб эшитишди. Улар ватангадо ўғилнинг гуноҳидан кечгандай эдилар. Қаерда бўлса ҳам, тирик эканидан хурсанд эдилар. Тўсатдан онаси сўраб қолди.
— Сизлар аварча гаплашдингларми?
— Йўқ. Биз таржимон орқали гаплашдик. Мен русча, ўғлинг французча гапирди.
Она қора рўмол билан юзини бекитди. Одатда, оналар ўғлининг ўлганини эшитганда шундай қилишади. Ташқарида ёмғир шивалаб ёғарди. Биз Аваристонда ўтирибмиз. Балки дунёнинг у бурчида, Париж деган жойда Доғистоннинг ватангадо фарзанди ҳам ёмғирнинг шивалашига қулоқ солиб ўтиргандир. Узоқ сукутдан кейин она шундай деди:
— Сен янглишибсан, Расул, менинг ўғлим ўлиб кетган. Сен кўрган менинг болам эмас. Менинг ўғлим онаси ўргатган тилни унутмас эди”.
...Таҳририятимизга мурожаат йўллаган муштарийнинг хавотири ҳам тоғлик она изтиробидан кам эмас. У фарзандининг ўз тилида таълим олишини истаб Тошкент шаҳридаги марказий ҳудудлар, айнан, Мирзо Улуғбек туманидаги хусусий боғчаларга кириб чиқади. Уларда таълим жараёни хорижий тилларда олиб борилаётганидан хавотирга тушиб, давлат таълим мутасаддиларига мурожаат қилади. Улар бу борада хусусий боғчалар фаолиятига аралашолмаслигини рўкач қилиб, ўзини тил билмасликда айблайди. Муштарий юз карра ҳақки, энди сўзлашни ўрганаётган гўдак “а”, “бэ”лаб “азбука”ни ўрганиб, аросат бир лаҳжада “тили” чиқса-да, эртага падари бузрукворию онаизори ўз боласининг сўзларига тушунмай елка қисиб турса, бундан катта кулфат борми? Унда Кошғарий бобомиз “Девону луғотит-турк” китобини ёзиш учун бир умр инжу доналаридек терган 30 дан ортиқ туркий халқлар ва уруғларнинг туркий сўзлари, Алишер Навоийнинг “Муҳокамат ул-луғатайн” асари билан кутубхонамизни безаб қўйганимиздан не мурод? Оналар ўз тилида дилбандига алла айтишни билмаса, “Она тилим — жону дилим” деб ҳайқиришдан бирон маъно борми?
Она тилига меҳр-муҳаббат болалигимизда эшитган эртагу маталлар, қишлоқдошларимизнинг қулоғимизга чалинган узуқ-юлуқ гурунгларидан шаклланади. Араб тили грамматикасини арабларга ўргатган буюк бобомиз Маҳмуд аз-Замахшарий, ундан кейин олти тилли луғат тузган аллома Исҳоқхон Ибрат ҳам, аввало, она тилининг ҳимояси учун олдинги сафларда бўлганлар, тилимизга, имломизга, алифбомизга ўзга тиллар ҳамла қилмаслиги учун жон кечиб курашган. Кун бўйи шаҳар кезиб ўзбекча боғча тополмаганидан куюнган ҳамюртимиз ҳам асосли бонг уряпти, огоҳлантиряпти.
Миллатни миллат сифатида тутиб турадиган шу тил орқали маданият, маърифат, тарих намоён бўлади. Бу унсурлар тил воситасида келгуси авлодларга узатилади. Агар миллий тил, тарих, санъат, маданият, урф-одатлар, ақидалар силсиласига дарз кетса, улуғ маърифатпарвар Абдулла Авлоний айтганидек, миллат руҳан ўлади. Ўз тилини унутган одам жисмонан бор бўлгани билан руҳан ўликдир.
Тилимиз тилим-тилим...
Ҳозир мактабда, оилавий йиғинларда бола она тили — ота-бобоси сўзлаб келган ўзбек тили бўла туриб, бошқа тилда “қарсиллатиб” бийронлик қилса, бундан бир олам завқ оладиганлар ҳам йўқ эмас. Улар ҳатто боласи улуғ бобокалонларимизнинг бир сатр ғазали ёки ҳикматини айтишга тили келишмаса ҳам, “ўзбекча мактабда ўқимаган-да” дея хотиржам гапиради. Хўш, она тилига нисбатан “мактабда олган биринчи тили”, “жаҳоний тил бўлгани учун” каби баҳоналар билан миллат тилига бефарқ оилаларни оқлаб бўладими?
Минг надоматлар бўлсинки, она тилимизга оммавий меҳр-муҳаббатни таркиб топтириш учун унинг ўзига хос бойлиги ва фазилатларини тарғиб қиладиган телевизор, ижтимоий тармоқлар ҳам ўзбек тилида ҳатто хиргойи қилолмайдиган “юлдуз”ларга маҳлиё бўлиб қолган. Айрим санъаткорлар ўзбек тилида ашула айтади, лекин ажнабий тилда гапиради. Одамлар телевизордан бирор кўрсатувни мириқиб кўролмагандан кейин маълумотларни, асосан, интернет ва ижтимоий тармоқлардан излайди. Она тилимизни жозибали ва қизиқарли тақдим этадиган компьютер дастурлари, онлайн дарсликлар, электрон луғатлар йўқ. Интернетдаги саводсизлик ва тилга эътиборсизлик ёшларнинг телефонлари орқали она тилини оёқости қилса ҳам, тилимизни тишлаб туришимиз керакми?
Бу хусусда академик Азамат Зиё ўз фикрини шундай билдирди:
— Ҳар қандай бойлик қўриқлашга муҳтож бўлганидек, тил бойлигининг ҳам қўриқчилари бўлиши лозим. Уни, айниқса, электрон воситалардан қўриқлаш керак. Ҳозирча рус тилидаги манбалардан фойдаланиш, сўзлашув, ёзишмаларни мазкур тил қоидалари бўйича тузиш билан боғлиқ “қовун тушириш”ларни танқид қилмоқдамиз. Агар вақтида этагимизни йиғиштириб олмасак, орадан кўп ҳам ўтмай, мазкур жараён инглизча манбалар ва қоидалар негизида гап тузиш касаллиги билан боғланиб кетиши муқаррардир.
Футбол ўйини шарҳи давомида шарҳловчи давлат тили қоидаларини неча марта бузади? Қоида бузгани учун футболчи жазо олади, аммо шарҳловчи-чи? Тошкентча давраларда адабий тилда сўзлашсанг, масалан, “минут”, “секунд” эмас, “дақиқа”, “сония” десанг, эшитганларнинг оғзидан суви қочгани, истеҳзо аралаш энсаси қотганини кўрасан, тил қоидаларига мос гапирсанг, атрофингдагиларга эриш туюлаётганини сезиб турасан...
Хўш, биз зиёлилар ўтган ўттиз йилда тил масаласида бирон хайрли ишни бажардикми? Йўқ! Ҳали ҳам “марсоход”, “лунаход” деб ёзиб юрибмиз. “Юрткезар”ни эслаган ҳолда “марскезар”, “ойкезар” десак бўлади-ку! 1989 йили қайси тилни давлат тили қилмоқчи бўлгандик, ўшанда тилимизнинг аҳволи қандай эди? Бугун қайси тилни узил-кесил лотин алифбосига ўтказмоқчимиз? Қоидалари емирилиб, бузилиб бораётган, товуш-ҳарф уйғунлигига риоя этилмаётган, луғати “босқинчи” сўзларга дош беролмаётган, қўриқчию усталари билимсиз ва кучсиз бўлган тилними? Ана шундай аянчли аҳвол — “касал” тилимизга тўн бичиб, бу ёғига яна карнай-сурнайлар товуши остида кетаверамизми?
Бугун адабиётнинг таъсири кўкка совурилмоқда. Шу кетишда адабий тил тушунарсиз ва ўнғайсиз бўлиб қолиши ҳеч гапмас. Буни ижтимоий тармоқлардаги “ўзига хос” ўзбек тили мисолида яққол кўриш мумкин. Кейин эса навбат мафкура ва маънавиятга келади. Мустақиллик йилларида ҳам ўз тили ва адабиётини зарур даражада эгалламаган бутун бир авлод ва қатламларни етиштириб қўйдик. Муаммо ечими нимада? Ўзимизда, фақат ўзимизда! Ўзимиз нўноқмиз, ялқовмиз, оғзакидан “беш”миз, амалда қўлимиз ишга бормайди. Аслида “Давлат тили ҳақида”ги Қонунимиз ҳам ёмон эмас. Президентимизнинг 2019 йилдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида кўзда тутилган топшириқлар ва имконлар-чи? Ўнта қонундан кучли. Бизга яна нима керак? “Қонун ишламаяпти”, “Давлат қаерга қараяпти?” қабилидаги баҳоналар билан юкни бировнинг елкасига ағдармасдан ҳар бир қоракўз, айниқса, ойдинларимиз ўз уйлари, иш жойларида тилимизни асраса, эъзозласа, бойитса бўлади, олам гулистон! Бошқа йўлимиз йўқ!
Ўзбек ўзбекка тилмоч
Бир пайтлар ота-боболаримиз Бедилни, Саъдийни аслида ўқишган. Ҳозир буларни шарҳлайдиган одамларни тополмаймиз. Кўҳна ёзувларимизни ўқийдиган мутахассислар ҳам кам қолди. Она тилимиздан шу қадар йироқлашиб кетдикки, қардош элларни қўя туринг, ўзбек ўзбек билан тилмоч орқали тиллашяпти. Расмий идораларда ишлайдиган масъул ходимларнинг саводсиз хатлари, буйруқлари ва бошқа расмий ҳужжатларидаги хатоликлар ҳам она тилимизнинг ривожини орқага тортмоқда.
Бу борада Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори, профессор Низомиддин Маҳмудов шундай дейди:
— Ҳали-ҳамон жамиятимиз аъзоларининг каттагина қисмида она тили сезгиси, она тилидаги нутқий маданият кўникмалари етарли даражада эмаслиги сезилади. Эҳтимол, шу ҳолат билан боғлиқдир, турли муассаса-идора раҳбарлари, катта-кичик ташкилотлар мутасаддилари имзолаётган хатлар, идоравий ёзишмалар ҳали-ҳануз давлат тилида эмас, балки бошқа тилда ёзилмоқда. Қандай асос ёки важ келтирилса, келтирилсин, бундай салбий ҳолатлар, камида, қонунан давлат тили мақомидаги тилга нописандлик ёки умуман, қонундай мажбурий ҳужжатга хилоф эканидан кўз юмиб бўлмайди.
Тўғри, муайян зарурият ёки эҳтиёж билан ёзишма бошқа тилда олиб борилишига йўл қўйилади, лекин она тили айнан, ўзбек тили бўлган икки раҳбарнинг бир-бирига бошқа тилда “нома” битиши истиқлолининг ёши чорак асрдан ошган давлатда ҳеч бир қуюшқонга сиғмайди.
Ҳар қандай кишининг раҳбарлик салоҳиятини шакллантирадиган омилларнинг аввалида ватанпарварлик туради. Ватанпарварлик туйғусини она тили севгиси, Ватаннинг давлат тилига ҳурмат тушунчаларидан тамоман айро ҳолда тасаввур қилиб бўлмайди. Ватан ва ундаги халқнинг тилини эъзозламайдиган, фикрларини бу тилда ҳузур билан эмин-эркин ифодалай олмайдиган шахснинг ватанпарварлигини рост, деб айтиш мушкул.
Давлат тилини билиш юртимиздаги ҳар бир фуқаронинг виждон ишидир. Бу қийин вазифа десангиз (...) ёшларимиз қисқа фурсатда инглиз ёки бошқа тилларда бурро гапиришини кўриб турибмиз. Агар истак бўлганида ўзбек тилини ҳар бир одам аллақачон ўрганган бўларди.
Бу бўйича таниқли сценарист ва киношунос Эльмира Ҳасанованинг фикри шундай:
— Ҳозир тил ўрганиш муаммо эмас. Қайси мамлакатга борсангиз, электрон таржимон воситалари орқали бемалол мулоқотга киришиб кетаверасиз. Масалан, кичкина Норвегияда, асосан, иккита тилда гаплашишади, Швейцарияда учта тилда мулоқот қилишади. Ҳиндистон ҳам икки тилли... Уларга немис, француз, араб ёки бошқа тилларни билмаслик катта фожиа эмас. Чунки хорижий тилни ўрганишни мақсад эмас, восита деб ҳисоблайди. Уйда, кўчаларда, бозорларда умумий мулоқот тили она тили, ўз тилида бир-бирлари билан “чаҳ-чаҳ”лашиб гаплашади. Кейин тил бу яхши педагог, яхши шифокор, яхши мутахассис, деганидир. Ўзбекистонлик таниш-билишларим кўпинча яхши рус шифокори, нотариус ёки энага топиб беришимни сўрашади. Айрим замонавий оилаларга эътибор берсангиз, фарзандларига энагалик қиладиганлар ҳам бошқа миллатга мансуб. Жамоатчилик муносабатидан ҳайиқиб, болаларини ўзбек синфига олганлар ҳам бор. Нима учун ўз соҳасини мукаммал эгаллаган ўзбек мутахассислари кам? Оилавий ўзбек тилидаги телеканаллар, газета ва журналлар, сайтларни кузатиб борамиз, ўзи ўзбек бўла туриб акcарият зиёлилар ўзбекча хабарларни рус тилида кузатиб боришади.
Уч авлодимиз Ўзбекистонда яшаб келаётган бўлса-да, ўзбек тилини ўрганиш доим муаммо бўлган. Ота-онам узоқ йиллар йирик фабрика ва заводларда ишлаган. Ўзбек тилини ўрганишимизни истарди. Лекин мактабларда давлат тили яхши ўтилмаган, бу фан ҳафтасига бир ёки икки соат қўйилган. Бу жуда кам. Ҳозир ҳам рус мактабларида ўзбек тили ўқитувчиси етишмайди. Ўзим давлат тилини мукаммал билмаганим учун кўп панд еганман. Болаларим маҳаллага чиққанда, мулоқот ўзбек тилида бўлади, тенгдошлари, синфдошлари ўзбекча гапиради, улардан ажралиб қолмаслиги учун алоҳида ўқитувчи ҳам ёлладик. Улар ўзбек тилини мутахассисдан кўра маҳалладаги болалардан яхши ўрганишди.
Калаванинг учи қаерда?
Президентимизнинг “Таълим сифатини таъминлаш ва таълим хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига биноан янги ўқув йилидан бошлаб сиртқи таълимга қабул тўхтатилди. Сабаби оддий: йилида атиги икки ой давом этадиган дарсларда талабалар етарли билимга эга бўлмайди. Буни умумтаълим муассасаларидаги минглаб тил ўқитувчилари аттестациядан ўтказилганда, кўпчилигининг натижаси салбий чиққанидан ҳам кўриш мумкин. Аксарият ота-оналар фарзандларини яхши билим берадиган, масъулиятли, тиришқоқ тарбиячи ёки муаллимдан олиб, ўзбек мактабига бергиси келмайди. Бу бошқа соҳаларга ҳам тегишли. Боғчалар ва мактабларда болаларни яхши кўрадиган тарбиячилар ва тил ўқитувчиларига ҳам эҳтиёж юқорилиги бор гап. Бола она тили бўлмаган тилни ўз она тили сифатида ўрганиб, унинг ўрнини бошқа тилга бўшатиб беришга мажбурми?
Бу ҳақда Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ирода Йўлдошева шундай фикр билдирди:
— Юртимизда азалдан халқлар дўстлиги улуғланиб келади. Боғча, мактабларимизда хорижий тилларга ихтисослаштирилган синфлар кўп. Давлат боғчалари 78 фоиз мактаб ёшидаги болаларни қамраб олган. 70 — 80 фоиз боғчаларимиз ўзбек тилида фаолият олиб боради. Мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида хитой, япон, инглиз, рус тилларини ўрганишга ҳеч қандай монелик йўқ, албатта. Боласини боғчага етаклаб келган оналарга: “Сиз Ўзбекистонда яшайсиз, мустақил равишда уйдаям тил ўрганса бўлади. Нега рус гуруҳига беришга ҳаракат қиляпсиз?” десак, улар одатда шундай жавоб беришади: “Ўзим билмаганимга яраша болам ўргансин”. Ўзи бирорта тил билмаган қўшни аёл ҳам унга ичикиб ҳавас қилади: “Қара-я, бошқаларнинг боласи ёт тилда чулдирайди-ю, менинг болам нега ўзбекчада ўқиши керак?”. Яна кимдир шундай дейди: “Ўзингиз биласиз, давлат имтиҳонларидан ўтиши учун”. “Болагинам ишга кираётганда керак бўлади”, дейди яна бирови. “Ўзбек мактабидан рус мактабида билим кучлироқ берилади”, деб ҳисоблайдиган юртдошларимиз ҳам бор.
Барча мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларида таълим дастурлари давлат таълим стандартлари асосида олиб борилади. Хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактабларда ҳам “Илк қадам” тўгаракларида миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз тарғиб қилинса, “Кичкинтой Турон театри”, “Иқтидор” ансамблида кичкинтойлар эртаклар, куй-қўшиқларимиз орқали она тилини ўрганади. Бола имкон қадар ўз она тилида саводини чиқариши лозим.
Исботланганки, инсон интеллектининг 20 фоизи бола 1 ёшга тўлгунича шаклланади, интеллектнинг 50 фоизи 4 ёшгача, 80 фоизи 8 ёшга етгунича, 92 фоизи ўсмир 13 ёшга киргунча шаклланиб бўлади. Тарзан ҳақидаги “Мутлақ ҳукмронлик” фильмини эсланг. Кема ҳалокатидан сўнг англиялик эр-хотин омон қолади ва ўзларини ёввойи жунглида кўради. Кунлар ўтиб фарзандли бўлишади. Бола ҳали чақалоқ, она касалликдан, ота эса маймунлар ҳужумидан ҳалок бўлади. Чақалоқни маймунлар ўзлари билан олиб кетади. Бола маймунлар орасида, маймунлар “инида кўрган”ини қилиб, балоғатга етади. Унинг ҳаракати маймунча, емиши маймунча, дарду қайғуси маймунча, “тили” маймунча, инсоний ҳаракат ва нутқ унга тамоман бегона... Ҳатто инсонлар орасига қайтиб, тўрт-беш инглизча сўзни ўрганганидан кейин ҳам бу “ёт” муҳитга у асло кўника олмайди. Яна жунглига қочиб кетади... Тил билиш, фазилат, аммо уни мажбуриятга айлантириб, ўз она тилини болалар ҳаётидан сиқиб чиқариш керак эмас. Қариганда ўзимиз шу болалар қўлида қоламиз. Ҳозирдан буни ўйламасак, эртага аҳволимиз қай ҳолатга тушишини тасаввур қилаверинг!
Лавозим ҳам тилни қутқара олмаяпти
Биласиз, давлат идораларида “Тил маслаҳатчиси” деган янги лавозим жорий қилинди. Атай, тил ривожи учун. Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти фаолият олиб бормоқда. Тил маслаҳатчиси раҳбарнинг ўринбосари даражасига тенглаштирилди. Лекин негадир маслаҳатчиларнинг ҳам, департаментнинг ҳам бу борада таъсири сезилмаётгандай.
Кўриб турганимиздек, рости, тил маслаҳатчиси лавозими ўзини оқламаяпти. Маслаҳатчилар ҳар йили октябрь ойида ижтимоий тармоқларда бир “от солади”, мактаблар ва олий таълим муассасаларида учрашувлар ўтказиш, роликлар тарқатиш билан кифояланади, холос. Шу билан отини четга тортиб, сувга тушган тошдек келгуси тил байрамигача кўриниш бермайди. Ваҳоланки, тил мавзуи йилда бир марта эсланадиган байрамдан иборат эмас. Масалан, ҳалигача марказий кўчаларимиздаги реклама баннерларида хатоликлар кузатилмоқда. Буларга маҳаллий ҳокимликлар қарори билан маслаҳатчилар аралашса, кўплаб хатоликлар камаярди. Дейлик, ҳокимликка хусусий боғча, мактаб очиш мақсадида тадбиркорлар келишади, бунга барча имконият яратилган, ҳеч ким монелик қилмайди, аммо уларга давлат тилининг ҳурмати ва масъулиятини зиммасига олишига ёрдам берадиган маслаҳатчилар ёрдами керак эмасми?
Она тилимизнинг ҳимоя қилиниши миллатчилик саналган даврлар ўтиб кетди. Тилимизни ўзимиз ҳурмат қилишимиз керак. Хорижда ишлаётган юртдошларимиз яхши билади, бошқа давлатда ишга кираётганда она тилидан имтиҳон топширилади. Бизда эса ҳалигача хорижий компаниялар билан шартномалар ўзбек тилида имзоланмаяпти. Айрим маслаҳатчилар туман ҳокимликларининг фақатгина қарорлари ва байрам тадбирларидаги табрикларини кўриб беришдан ортмаяпти. Кўча-кўйдаги ажнабий ёзувлар, ғализликлар, хатоликлар ўша-ўша. Одамлар онгидаги эски қарашдан қутулолмаяпмиз...
Унутмайлик, тил — ҳар биримиз учун номус масаласи. Она тилимизнинг жамиятдаги мавқеини ва таъсирини ошириш зарурияти бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим ва долзарб. Тилга бефарқлик миллий маданиятимизнинг таназзули, қадриятларимиз, урф-одатларимизнинг дарз кетиши, таълим ва тарбияни издан чиқарадиган балои касофатдир.
...Мақоламиз аввалида келтирилган муштарийнинг фарзанди мактабига эътибор бериб, ўзбек тилида иш юритадиган боғчалар, давлат тилини ўргатадиган ўқув марказларини кўпайтириш борасидаги фикрларига қўшиламиз. Тил фақат давлатники эмас, ҳаммамизники. Халқ ўз она тилини билсагина, миллат тирикдир.
Адиба УМИРОВА,
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг