Ўттиз йиллик изланишлар натижаси — ЖССТ безгакка қарши дунёдаги биринчи вакцинани маъқуллади

18:33 07 Октябр 2021 Дунё
672 0

Фото: Getty Images

Препаратнинг паст самарадорлигига қарамай (тахминан 30 фоиз) клиник тадқиқотлар натижалари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) мутахассислари томонидан маъқулланган.

ЖССТ дунё тиббиёти тарихида биринчи марта Африка қитъаси болалари учун безгакка қарши RTS,S/AS01 вакцинасидан фойдаланишни маъқуллади. Препаратнинг клиник синовлари Гана, Кения ва Малавида ўтказилиб, унда 800 мингдан ортиқ бола қамраб олинган.

«Бу тарихий лаҳза. Безгакка қарши узоқ кутилган вакцина — фан, болалар саломатлиги ва безгакка қарши курашда ютуқдир»,-деди ЖССТ бош директори Тедрос Гебрейесус ушбу воқеага муносабат билдириб.

Унинг қўшимча қилишича, мазкур вакцинадан фойдаланиш ҳар йили ўн минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.

Безгак одамлар орасида энг кенг тарқалган юқумли касалликлардан бири ҳисобланади. ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, 2019 йилда 400 минг нафарга яқин одам ушбу касалликдан вафот этган. Шундан 260 минг нафарга яқини Саҳрои Кабир жанубидаги мамлакатларда яшовчи беш ёшгача бўлган болалардир. Умуман, безгакнинг барча турлари Ер юзидаги 220 миллионга яқин одамга турли жаражада таъсир қилади.

Манбада қайд этилишича, ҳозирги кунда безгакка қарши даво чоралари тобора самарасисиз бўлиб бормоқда. Чунки паразитнинг ўзи ҳам, унинг ташувчилари — безгак чивинлари ҳам касалликка қарши дориларга тобора чидамли ортиб бормоқда.

RTS,S/AS01 вакцинаси безгакнинг энг хавфли қўзғатувчиси — Plasmodium falciparum паразитига қарши ишлайди. У тахминан 30 йил давомида ишлаб чиқилган. Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, вакцина безгакдан ўлимни 30 фоизга камайтиради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?