ОТМ битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашувчи «Келажакка қадам» дастури амалга оширилади

10:56 18 Февраль 2025 Ҳужжатлар
263 0

Олий таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлашга кўмаклашиш мақсадида Президентнинг 2025 йил 14 февралдаги қарорига мувофиқ, «Келажакка қадам» дастури амалга оширилиши белгиланди. Ушбу дастур битирувчиларнинг меҳнат бозорига мослашувчанлигини ошириш, уларни иш билан таъминлаш ҳамда ўз бизнес лойиҳаларини йўлга қўйишлари учун зарур шароит яратишга қаратилган.

Дастур доирасида тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган олий таълим муассасалари битирувчилари учун махсус йўналишлар ишлаб чиқилади. Уларга бизнес ғояларини тайёр лойиҳа даражасига етказишда тўлиқ кўмак берилади. Бунда, битирувчилар учун қулай молиялаштириш механизмлари жорий қилиниб, уларнинг тадбиркор сифатида шаклланиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилади.

Шунингдек, олий таълим муассасаларининг битирувчи ва қуйи босқич талабаларига соҳага мос равишда очиқ танловлар ташкил этилади. Ушбу танлов ғолиблари муносиб иш ўринлари билан таъминланиши кўзда тутилган. Бу орқали битирувчиларнинг амалий тажрибасини ошириш ҳамда меҳнат бозоридаги эҳтиёжларга мос равишда мутахассислик танлашлари рағбатлантирилади.

Дастурга мувофиқ, салоҳиятли иш берувчи ташкилотларнинг олий маълумотли мутахассисларга бўлган эҳтиёжлари таҳлил қилиниб, мутахассислик бўйича талаблар шакллантирилади. Иш берувчиларнинг буюртмаларига кўра танлов ғолиблари учун махсус касбий ўқув дастурлари ишлаб чиқилади. Ушбу дастурлар молиялаштирилиб, битирувчиларга ишлаб чиқариш объектларида амалиёт ўташ ва хориждаги олий таълим муассасаларида қисқа муддатли ўқув курсларида қатнашиш имконияти яратилади.

«Келажакка қадам» дастури ёш мутахассисларнинг иш топиш жараёнини енгиллаштириш, касбий ривожланишларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг меҳнат бозорида рақобатбардошлигини оширишга қаратилган бўлиб, келажакда иқтисодиётнинг турли тармоқларида юқори малакали кадрлар етиштиришга хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?