«Ўткан кунлар» романининг корейс тилига таржимаси – маданий алоқаларнинг янги босқичи

Ўзбекистон халқининг бой маданий меросини асраб-авайлаш ва уни жаҳон саҳнасида кенг тарғиб этиш йўлида яна бир муҳим қадам қўйилди. Ўзбек адабиётининг дурдона асари — Абдулла Қодирийнинг машҳур «Ўткан кунлар» романи илк бор корейс тилига таржима қилинди. Бу ташаббус Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги маданий алоқаларни янги босқичга олиб чиқди.
Таржимани Корея Республикасининг нуфузли Комёнг университети профессори Ким Чунг Сун амалга оширди. Профессор Ким икки ярим йил давомида изчил илмий ва ижодий изланиш олиб борди. У нафақат асарнинг бадиий моҳиятини, балки унинг ортидаги тарихий, ижтимоий ва маданий контекстни ҳам чуқур ўрганишга интилиб, таржимани янада жонли, аниқ ва тўлақонли қилишга ҳаракат қилди.
2025 йил март ойида у Ўзбекистонга ташриф буюриб, роман воқеалари ривож топадиган Тошкент, Марғилон, Қўқон ва Фарғона шаҳарларига саёҳат қилди. Бу жойлар асар руҳиятини теран англашда муҳим манба бўлиб хизмат қилди. Шунингдек, у Тошкент давлат Шарқшунослик университетининг етакчи профессор ва ўқитувчилари билан учрашиб, таржима услуби, лексик-семантик мослик ва маданий контекстларни аниқ ифода этиш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Ушбу улкан меҳнат самараси сифатида, 2025 йил 30 июнь куни Сеул шаҳрида «Ўткан кунлар» романининг корейс тилидаги нашри тантанали равишда тақдим этилди. Тақдимот маросимида Корея Республикаси парламенти ва ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар вакиллари, дипломатик корпус, журналистлар, маданият ва санъат намоёндалари ҳамда фаол ватандошлар иштирок этдилар. Бу воқеа икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳурмат рамзига айланди.
Тақдимот давомида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков корейс китобхонларига мурожаат қилиб, қуйидаги фикрларни билдирди:
«Ўзбек романчилигининг асосчиси, атоқли адиб Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи корейс тилида нашр этилаётганидан беҳад мамнунмиз. Бу асар нафақат ўзбек адабиётининг ёрқин намунаси, балки дунё китобхонларини илҳомлантираётган ҳақиқий маданий қадриятдир. Абдулла Қодирий ўзбек адабиёти тарихида ўчмас из қолдирган. Унинг асарлари бугунги кунда ҳам турли маданиятлар ва халқларни бир-бирига боғловчи ўзига хос кўприкка айланган. «Ўткан кунлар» орқали корейс китобхони ўзбек халқининг яқин тарихи, урф-одатлари, миллий характери ва маданий олами билан яқиндан танишиш имконига эга бўлади.»
Маданият вазири профессор Ким Чунг Суннинг фидокорона меҳнатини юксак қадрлаб, унга чуқур миннатдорлик изҳор этди. Унинг юксак таржимонлик маҳорати туфайли асарнинг асл руҳи, мазмуни ва миллий оҳанги корейс тилида ҳам мукаммал акс этди. Бу эса, ўз навбатида, корейс ўқувчилари учун Ўзбекистон маданияти ва адабиётини чин маънода ҳис этиш имконини яратди.
Таржима жараёнида фақат матнни бошқа тилга кўчириш эмас, балки унинг ортидаги маданий қатлам, ижтимоий воқелик ва тарихий ҳақиқатни етказиш муҳим вазифа эди. Профессор Ким ушбу масъулиятли ишни юксак маҳорат билан бажарди. Натижада роман ўзининг бадиий фазилатларини сақлаган ҳолда корейс китобхонларига етказилди.
«Ўткан кунлар» романининг корейс тилига таржима қилиниши ўзбек адабиётининг халқаро майдондаги нуфузини ошириш билан бирга, икки халқ ўртасидаги ўзаро англашув, маданий яқинлик ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу ташаббус бошқа миллий адабий асарларнинг ҳам хорижий тилларга таржима қилинишига, Ўзбекистоннинг бой адабий меросини дунёга танитишга замин яратади.
Шубҳасиз, «Ўткан кунлар» романи корейс китобхонлари қалбидан ҳам муносиб ўрин олади. Бу асар нафақат китоб жавонларида, балки халқлар ўртасида ҳам кўприк вазифасини бажарадиган бебаҳо адабий меросдир.
Мазкур таржиманинг амалга оширилиши — Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги маданий дипломатияси самараси, деб баҳоланмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган очиқ ва фаол ташқи сиёсат, жумладан «Янги Ўзбекистон» ташаббуслари доирасида миллий маданият ва адабий бойликларни дунёга танитиш устувор йўналишга айланган. «Ўткан кунлар» романининг корейс тилига таржима қилиниши ана шу сиёсатнинг амалий самарасидир.
Бундан ташқари, ушбу лойиҳа Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги стратегик шерикликнинг маданий-маънавий асосларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди. Икки давлат ўртасидаги тарихий, иқтисодий ва гуманитар алоқалар изчил ривожланаётган бир пайтда, шундай маданий ташаббуслар халқлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ишонч муҳитини янада мустаҳкамлайди. Шу жиҳатдан, бундай лойиҳалар икки томонлама алоқаларнинг нафақат расмий, балки халқлар қалбида ҳам барқарор илдиз отишига хизмат қилади.
Элдор Шермонов,
Юнус Ражабий номидаги
ўзбек миллий мусиқа санъати
институти ректори в.б., доцент
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг