Ўтганларни ёд этиш — муқаддас қадрият

13:59 09 Май 2021 Жамият
487 0

Афсуски, 2021 йилнинг ўтган ойларида ҳам халқимиз суйган инсонларидан айрилди.  

Бугун Хотира ва қадрлаш кунида ўтган ойларда вафот этган таниқли санъаткорлар, шоир, ёзувчилар, спортчи ва жамоат намояндаларини яна бир бор ёдга олиб ўтамиз.

Гулчеҳра Нуруллаева

2021 йилнинг 15 январь куни шоира Гулчеҳра Нуруллаева 83 ёшида оламдан ўтди. 

Гулчеҳра Нуруллаева 1938 йилда Тошкент вилоятининг Чоштепа қишлоғида туғилган. 

Гулчеҳра Нуруллаеванинг «Орзуларим қоқади қанот» (1969), «Ташнаман» (1972), «Иккинчи баҳор» (1973), «Лирика» (1975), «Бағишлов» (1977), «Пахта ҳиди» (1981), «Нурли нуқталар» (1986), «Муҳаббатнинг суврати» (1988) китоблари чоп этилган.

Маълумот учун, 2018 йилнинг 28 ноябрь куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ижодкор – Гулчеҳра Нуруллаевага аъзолик гувоҳномаси топширилган эди.

Раҳматжон Қурбонов

17 январь куни Ўзбек мумтоз қўшиқчилигининг йирик вакили, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Раҳматжон Қурбонов вафот этди.

1959 йилда Хива шаҳрида таваллуд топган соҳир овоз соҳиби Раҳматжон Қурбонов ўз ижодий фаолияти давомида санъат ихлосмандлари қалбини забт этиши баробарида, ўзбек миллий-мумтоз қўшиқчилик санъати ривожига муносиб ҳисса қўшди.

Раҳматжон Қурбонов «Лазги» ансамблига раҳбарлик қилган йилларида Хоразм мумтоз қўшиқлари ва рақслари юртимиз ҳамда дунё узра янада кенгроқ тараннум этган.

Маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳам марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ўз ҳамдардлигини билдирди.

«Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист, «Лазги» ансамбли ва Хоразм санъатининг устунларидан бири, устоз санъаткор Раҳматжон Қурбоновнинг вафоти қалбларимизни ларзага солди.

У санъат соҳасидаги кўп йиллик серқирра ижодий фаолияти билан эл-юрт назарига тушган, республикамизда таниқли, халқимиз суйган хонанда эди.

Устоз асл санъат дурдоналаридан «Чоргоҳ», «Талқини Рост», «Катта сувора», «Чапандози сувора», «Бозиргоний», «Қаро кўзим», «Насруллойи», «Махсус», «Феруз-1», «Феруз-II», «Оразибон» каби кўплаб мақом ҳамда мумтоз ашулаларни ўзгача меҳр ва ихлос, юксак маҳорат билан меъёрига етказиб юқори савияда ижро қилган эди.

Раҳматжон Қурбонов ижодий фаолияти давомида қардош қорақалпоқ, озарбайжон, туркман, турк, тожик халқ қўшиқларини ҳам зўр иштиёқ билан куйлади ва кўпчиликнинг меҳрини қозонди.

Устоз санъаткор ўз ижоди билан нафақат санъатимиз ривожига, балки халқлар ўртасидаги дўстлик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ишига ҳам ҳисса қўшди. Меҳнатлари муносиб баҳоланиб, давлатимизнинг «Меҳнат шуҳрати» ордени билан ҳам тақдирланди.

Гўзал Исматова

22 февраль куни бокс бўйича Осиё чемпиони Гўзал Исматова 25 ёшида вафот этди. 

Кўп карра Ўзбекистон чемпиони бўлган Гўзал Исматова 1996 йил 3 январда Жиззах вилоятининг Зомин туманида туғилган. Оғир вазн (+81 кг) тоифасида рингга чиққан спортчи 2014-2017 йилларда мамлакат биринчилигида ғолибликни қўлга киритган эди.

Гулчеҳра Воҳидова

1 март куни Эркин Воҳидовнинг турмуш ўртоғи Гулчеҳра Воҳидова вафот этди.

Баҳром Яқубов 

Шу йилнинг 11 март куни ўзбекистонлик таниқли режиссёр Баҳром Яқубов ҳаётдан кўз юмди. 

Баҳром Яқубов 1961 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. А.Н.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик институтининг актёрлик факультетини тугатган. Узоқ йиллар «Ўзбекфилм» ва «Ўзбектелефилм» студияларида режиссёр ёрдамчиси бўлиб ишлаган. Режиссёр сифатида дастлабки иши «Ёш ёзувчининг кундалиги» қисқа метражли бадиий фильми бўлиб, у 1989 йилда суратга олинган. Кейин кўп йиллар давомида ҳужжатли фильмларни суратга олди. У катта кинотеатрларга 2003 йилда «Сарвиноз» тўлиқ метражли фильми билан кириб келган.

Шунингдек, «Бахт учун миллион», «Ёндиради, куйдиради», «Фотима ва Зуҳра», «Суғдиёна», «Жодугар», «Мажруҳ», «Ичкуёв», «Суперкелинчак», «О, Марям, Марям» каби кўплаб фильмларни суратга олган.

Ҳозирга қадар Баҳром Ёқубов 10 дан ортиқ бадиий ва бир қатор ҳужжатли фильмларни суратга олган.

Худойберди Тўхтабоев 

22 март куни Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Худойберди Тўхтабоев 89 ёшида вафот этди.

Адибнинг «Омонбой ва Давронбой», «Сариқ девни миниб», «Йиллар ва йўллар», «Беш болали йигитча», «Қасоскорнинг олтин боши», «Сеҳргарлар жанги ёки ширин қовунлар мамлакатида», «Жаннати одамлар» каби китоблари жуда машҳур.

Мирза Азизов

Миллий театр ва кино санъатимизнинг таниқли намояндаси, Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов оғир касалликдан сўнг шу йил 15 апрель куни 58 ёшида вафот этди.

Мирза Азизов 1963 йили Наманган вилоятининг Чуст шаҳрида туғилган. 1987 йили Тошкент театр ва рассомлик санъати институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти)ни мусиқали драма актёри ихтисослиги бўйича тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1989 йилда Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқий театрида вокал артисти сифатида бошлаб, 1992-1997 йиллар давомида Ўзбек давлат драма театрида ҳам самарали ижод қилди.

Мирза Азизов кўп йиллик серқирра ижодий фаолияти мобайнида ноёб истеъдоди ва юксак маҳорати билан театр саҳнаси ва кино санъатида томошабинлар қалбидан чуқур жой олган ўнлаб ёрқин образлар яратди.

Истеъдодли актёр «Юсуф ва Зулайҳо», «Фарҳод ва Ширин», «Нодирабегим», «Алпомишнинг қайтиши», «Топталган туйғу» каби машҳур спектаклларда, «Кўнгил кўчалари», «Остона», «Имом Бухорий», «Муҳаббат синовлари», «Тубанлик», «Мурувват», «Гумроҳлар», «Новда» каби кўплаб кинофильмларда бетакрор характер ва дунёқарашга эга бўлган турли шахслар сиймосини моҳирона талқин этиб, минглаб санъат мухлислари ва кенг жамоатчиликнинг ҳурмат-эътиборини қозонди.

Ўз фаолиятининг маъно-мазмунини халқимизга, жонажон Ватанимизга сидқидилдан хизмат қилишда, деб билган санъат фидойиси мамлакатимизда ўтказиб келинаётган барча оммавий-маданий тадбирларнинг фаол иштирокчиси эди.

У 2016 йилдан бошлаб Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқий театри директори лавозимида самарали меҳнат қилиб, 80 йиллик шонли тарихга эга ушбу санъат даргоҳининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, репертуар таркибини замонавий ва тарихий асарлар билан бойитишга, иқтидорли актёрларни тарбиялашга муносиб ҳисса қўшди.

Катта ижод ва ҳаёт тажрибасига эга бўлган М.Азизов халқимиз, авваламбор, ёшларимизнинг маданий савиясини юксалтириш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар, эзгулик ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, маънавий ҳаётимизни турли таҳдид ва хуружлардан ҳимоя қилиш йўлида чинакам фидойилик намунасини кўрсатди.

Мирза Азизовнинг ўзбек театр ва кино санъатини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист», «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонлари билан мукофотланган эди.

Таниқли санъаткор, самимий ва камтарин инсон Мирза Азизовнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

Хонзодабегим Жамолова

2021 йилнинг 16 апрель куни истеъдодли ёш шоира, халқаро тоифадаги спорт ҳаками, «Республика лидер қизлар» ҳаракат раҳбари, Ўзбекистон давлат Жисмоний тарбия ва спорт университетининг 3-босқич талабаси Хонзодабегим Жамолова 22 ёшида вафот этди.

Хонзодабегим Жамолова 1999 йилнинг 27 март куни Бекобод туманида туғилган.

Хонзодабегим Жамолова спортдаги қисқа фаолияти давомида қатор ютуқларга эришган. У Каратэ бўйича қора белбоғ соҳибаси, жит кун до бўйича халқаро турнирлар ғолиби саналади, халқаро тоифадаги ҳакам ҳамда халқаро спорт лойиҳалари таржимони сифатида ҳам фаолият олиб борган.

Хонзодабегим Жамолова ташаббуси билан 2019 йили Ўзбекистонда илк бор Халқаро спорт саммити (International sport summit Tashkent-2019), Ўзбекистон хотин-қизларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2020 йили «Республика лидер қизлар фестивали» ўтказилди.

У рус, инглиз, араб, турк, корейс тилларида эркин сўзлаша олган.

Ҳасан Нормуродов

Самарқанд вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳасан Норбекович Нормуродов 23 апрель куни 82 ёшида вафот этди.

У киши узоқ йиллар давомида халқ таълими тизимида ишлаган, кейинчалик «Нуроний» жамғармасининг Самарқанд вилояти бўлими раиси сифатида ватанимиз тараққиёти, ёшлар тарбияси ҳамда меҳнат фахрийларини ижтимоий ҳимоя қилиш ишларига катта ҳисса қўшган фидойи инсон эди.

Ҳасан Нормуродов ўзининг самимийлиги билан нафақат вилоят, балки Республикамизда жонкуяр меҳнат фахрийси сифатида катта ҳурмат, эътибор қозонган.

У 2019 йилда Президентимиз фармонига кўра «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.

Рустам Қосимов

Мамлакатимиз давлат ва жамият бошқаруви соҳаси оғир жудоликка учради. Кўзга кўринган давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси, таниқли олим ва педагог Рустам Собирович Қосимов оғир касалликдан сўнг шу йил 7 май куни 65 ёшида вафот этди.

Бутун онгли ҳаётини эл-юртга беминнат хизмат қилишга бағишлаган фидойи раҳбар мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтариш, янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнларида фаол иштирок этди. Ушбу даврда олий ва ўрта махсус таълим вазири, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, Давлат маслаҳатчиси, Давлат бошқаруви академияси ректори лавозимларида қизғин фаолият олиб борди.

Р.С.Қосимов салкам 50 йиллик меҳнат фаолияти давомида қайси лавозимда ишламасин, доимо халқимиз ва Ватанимиз манфаатини кўзлаб, фидокорона меҳнат қилди. Мамлакатимиз жамоатчилиги унинг илм-фан, таълим-тарбия соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш, ёшларни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш, Ўзбекистоннинг халқаро обрў-эътиборини ошириш борасидаги хизматларини яхши билади ва юксак қадрлайди.

Р.С.Қосимов давлатимиз ва халқимиз олдидаги хизматлари учун «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган эди.

Халқимизнинг етук фарзанди, таниқли давлат ва жамоат арбоби, ёшларнинг меҳрибон устози, камтарин ва самимий инсон Рустам Собирович Қосимовнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?