Ўтган йилда Самарқанддаги IT-парк резидентлари 4 миллион долларлик экспорт хизматлари кўрсатган
Фото: "Халқ сўзи"
Абдулазиз Йўлдошев/«Халқ сўзи». Ўтган йил давомида Самарқанд вилояти бўйича кўрсатилган ахборот коммуникацияси технологиялари хизматлари ҳажми 2022 йилга нисбатан 121,4 фоизга ўсган. IT-парк резидентлари сони 80 тага етган. Улар томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми 71,6 миллиард сўмни, экспорт хизматлари эса 4 миллион АҚШ долларини ташкил этган.
IT-парк резидентларининг 19 таси масофавий хизматлар экспорти, 32 таси дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш, 29 таси IT таълим фаолиятлари билан шуғулланади.
— Юртимизда ахборот технологиялари йўналиши тез суръатларда ривожланиб боряпти, — дейди Рақамли технологиялар вазирлиги вилоят бўлими бошлиғи Дилмурод Хўжамбердиев. — Вилоятимизда ҳам мазкур йўналишда кўрсатилаётган хизматлар ҳажми ва соҳада фаолият олиб бораётганлар сони ошиб бормоқда. Шунингдек, экспорт хизматлари кўрсатаётган корхоналар сони кўпайиб, ёшларнинг соҳага бўлган қизиқиши ортяпти.
Самарқанд шаҳридаги «Wepro» ўқув маркази 2020 йилда ташкил этилган бўлиб, IT-парк резиденти ҳисобланади. Бу ерда дастурлашнинг турли йўналишлари бўйича ўқув курслари ташкил этилган.
— Дастурлаш йўналишини ўргана бошлаганимга ҳали кўп бўлгани йўқ, — дейди тингловчи Зиёда Жумаева. — Ўзим иқтисодчиман, лекин сўнгги вақтларда веб-дастурловчиларга талаб кучайиб бораётганлигини кўриб шу соҳани эгаллашга қарор қилдим.
Марказда 5-6 турдаги замонавий касбларга ўргатилмоқда. Аввало, тингловчилар учун компьютер саводхонлиги ва инглиз тилини билиш асосий талаблардан ҳисобланади.
— 2023 йилда инглиз тилига ўргатиш бўйича «Wespeak» ўқув марказини ташкил этдик, — дейди марказ раҳбари Алишер Мардиев. — Ўқув масканларимизда йилига 4 минг нафарга яқин аҳоли ва ёшлар замонавий касбларга ва инглиз тилига ўқитилади. Курсларимизни тугатган аксарият тингловчиларимиз ўз иш жойларига эга бўлди.
2023 йилда қурилиши бошланган «SamIT Global» IT академиясига 3 миллион долларга яқин маблағ инвестиция қилинган. Академияда ўқувчилар ва ўқитувчиларга, шу жумладан хорижий мутахассислар учун ҳам ётоқхона қурилган.
— Бизда ўқиш ва ўрганишдан ташқари IT ҳамда масофавий хизматлар экспортини амалга оширишга қаратилган ўқув курси ҳамда ташкил этилди, — дейди «SamIT Global» академияси директори Санжар Саидқулов. — Шунингдек, барча ёшдаги аҳоли, айниқса, ёшларнинг таълим олишлари, сўнгра шу ернинг ўзида ишлаб, логистика экспорти учун хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд.
Ёшларни АКТ соҳасига янада қизиқтириш, уларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида жорий йилда Самарқандда Рақамли технологиялар вазирлиги вилоят бўлими кўмагида 100 га яқин Рақамли технологиялар ўқув марказлари очилиши кўзда тутилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг