От чопганда гумбирлайди тоғлар дараси

Сурхондарё —қалбларга доимо севги ва ифтихор уйғотиб турадиган муқаддас маскан. Ҳар гал Мустақиллик байрами яқинлашганда, тоғу адирлар бағридаги кенг қалбли халқнинг юраги янада баланд ургандай бўлади. Ана шундай Ватанга меҳр ва садоқат туйғуси бу йил ҳам турли тадбирларда, халқ оғзаки ижодида, чавандозлар ва полвонлар шаҳду шиддатида, бахшилар термаларида ўз аксини топмоқда.
Юртимизда Президентимиз томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорга мувофиқ, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Сурхондарёда энг азиз байрамга тайёргарлик авжида.
Бойсун тоғ бағрида ташкил этилаётган умумхалқ сайилларида байрам кайфияти аллақачон бошланиб кетди. Миллий кийимдаги санъаткорлар чиқишлари, полвонларнинг давралардаги довруғли наралари, бахшиларнинг дўмбира садолари орқали истиқлол мадҳ этилмоқда. Ҳар бир оҳангда, ҳар бир қадамда Ватанга муҳаббат, эл-юртга фахр ва истиқлолга чексиз шукроналик туйғулари барқ уриб турибди.
— Ҳуррият — бахт, эркинлик — жасорат манбаи, — дейди бойсунлик Ўрал бахши Раҳимов. — Мустақиллик халқимизга Аллоҳнинг берган неъматидир. Оталаримиз, боболаримиз орзу қилган эркин ҳаётни кўриб яшаяпмиз. Ҳар йили байрамни хушнуд кайфиятда нишонлаймиз, унга тайёргарлик кўришнинг ўзи ҳам улкан бир тантана. Тўйу томошаларда, умумхалқ сайлларида дўмбирамиз садоларида “От чопганда гумбирлайди тоғлар дараси” деган термалар қалбда жўш урмоқда.
Халқ — байрамнинг ҳақиқий эгаси. Сурхон халқининг байрамолди кайфияти, бу шукроналик белгиси. Юракдан сизиб чиққан туйғулар ифодаси, элнинг истиқлолга меҳри ва эртанги кунга ишончи намунасидир.
— Истиқлол миллат қаддини кўтарди, тилини бурро, ғурурини баланд қилди, — дейди меҳнат фахрийси Соҳиб Қувондиқов. — фарзандларимиз билимли, эркин фикрлайдиган, ташаббускор авлод бўлиб вояга етаяпти. Ҳар гал тўйларда, сайилларда бахшилар дўмбира чалса, Ватан деб алқаса, кўзимизга ёш келади, чунки бу сўзлар қалбимиз тубидаги туйғуларнинг ифодаси. Мустақиллик нафақат озодлик берди, балки қалбларимизда ифтихор уйғотди. Энди юртимизда ҳар бир қурилаётган мактаб, йўл, шифохона —озодликнинг тансиқ меваси. Буларни кўриб, “Бу менинг юртим, бу менинг Ватаним!” деб фахрланамиз.
Сурхондарёликлар қалбида айём ўзгача бир шукроналик уйғотмоқда. Қаранг, ҳув, нариги қирда кўпкари баҳси авжига чиқмоқда, баҳодир чавандозлар улоқ айирмоқда. Уларнинг шашти-шиддатидан тоғлар гумбирлайди, қалблар гумбирлайди. чунки бу истиқлол шодиёнаси, Ватаннинг туғилган куни. Кексалар дуога қўл очади: илоҳим, юртимизга кўз тегмасин, бундай дориламон кунлар бардавом бўлсин!”
Фарҳод ЭСОНОВ
“Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг