Оскар мукофотига Ўзбекистондан илгари суриладиган фильмлар қисқа рўйхати эълон қилинди

15:32 13 Ноябрь 2020 Маданият
1091 0

Сайёрамизнинг энг нуфузли киномукофоти ҳисобланган 93-Оскар тақдирлаш маросимининг «Энг яхши халқаро бадиий фильм» номинациясига Ўзбекистон номидан Жаҳонгир Қосимовнинг «Ибрат», Аюб Шаҳобиддиновнинг «Рангсиз тушлар» ва Ёлқин Тўйчиевнинг «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильмларидан бири илгари сурилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Оскар қўмитаси 2021 йилнинг 25 апрель куни Лос-Анжелес шаҳрининг машҳур “Dolby” театрида бўлиб ўтадиган энг нуфузли маросим танловида иштирок этиши учун муносиб номзод бўйича сўнгги қарорини шу йилнинг 20 ноябрь куни эълон қилади.

Ўзбекистон Оскар қўмитаси янги таркибдаги аъзоларини тасдиқлади. Қўмита раиси этиб «Ўзбеккино» Миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдуҳолиқов тайинланди.

Қўмита аъзолари таркибидан Зулфиқор Мусоқов, Матёқуб Матчонов, Баҳодир Одилов, Ҳамидулла Ҳасанов, Элжон Аббасов, Нигора Каримова, Жаҳонгир Аҳмедов, Манноп Қўчқоров, Азиз Арзиқулов, Умид Ҳамдамов, Бахтиёр Ёқубов, Фарруҳ Тўлаганов, Элдор Юлдашев, Игор Пинхасов ҳамда продюсер ва Қўмита координатори Ойбек Абдушукуров ўрин олган.

Оскар регламентига мувофиқ мукофотга номзод фильмларга тақдимот бўлгунга қадар телевидение ва интернет тармоғида намойиш этилмаган бўлиши талаб қилинади.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил баҳорида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, «Ўзбеккино» Миллий агентлиги ва Ўзбекистон миллий кинокомиссияси ташаббуси билан Ўзбекистон Оскар қўмитаси ташкил қилиниб, АҚШ киноакадемияси томонидан рўйхатдан ўтказилган. Илк бор Умид Ҳамдамовнинг «Иссиқ нон» фильми Ўзбекистон номидан нуфузли мукофотга илгари сурилган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер