Орзиқиб кутилган мактаб
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Қўшработ туманининг Юқори Жўш ва Оқчобсой маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида Самарқанд вилоят прокуратураси ташаббуси билан қурилган 2 та мактаб, 2 та кўприк фойдаланишга топширилди.
Хўш, нега бу ҳудудларда янги мактаб қурилди? Сабаби, бу мактабларнинг бири Қўшработ тумани марказидан 40 километр, иккинчиси 60 километр узоқликда жойлашган. Иккисида ҳам бир хил муаммо бинолар – эски, ўқувчилар сони меъёрдан кўп. Жой етишмаслиги, яқин ўртада бошқа мактаб йўқлиги учун дарслар икки навбатда, ҳатто коридор ва спорт залида ҳам ўтиларди.
Оқчобсой маҳалласидаги 51-умумтаълим мактабининг эски биноси 1970 йилда ҳашар йўли билан хом ғиштдан қурилган. Бугунги кунда фойдаланишга бутунлай яроқсиз ҳолатда эди. 2007 йилда инвестиция дастури асосида қуриб берилган 140 ўринли бино 360 нафар ўқувчини сиғдира олмаган. Дарсларнинг асосий қисми авария ҳолатидаги бинода ўтиб келинган. Юқоридагиларни инобатга олиб, вилоят прокуратураси ҳисобидан ажратилган 2,4 миллиард сўм маблағ эвазига мактабга 220 ўринли қўшимча бино қуриб берилди. Шунингдек, муассасанинг 2007 йилда қурилган биноси тўлиқ таъмирланди. Мини футбол майдончаси ва ўқувчиларнинг мактаб ҳудудига хавфсиз кириб-чиқиши учун сой устида кўприк қурилди.
Янги мактабнинг очилиш маросими муносабати билан бўлиб ўтган тадбирда вилоят ва туман ҳокимлиги, прокуратура, ўқитувчи ва ўқувчилар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Сўз олганлар йиғилганларни янги мактаб билан табриклади.
— Бу мактабда яқин 15-16 километр атрофдаги қишлоқларда истиқомат қилувчи аҳолининг фарзандлари ўқийди, — дейди туман ҳокими Дилшод Шакарбоев. — Улар қир ошиб, пиёда икки соатча йўл босиб илм олгани келади. Улар бу кунларни сабрсизлик билан кутди. Янги мактаб ўқувчиларимиз учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. Айнан, шу ёшлар орасидан юртимизни дунёга танитадиган олим ва спортчилар чиқишига ишонаман.
Туманнинг яна бир олис маҳалласи – Юқори Жўшдаги 45-мактаб 1980 йилда ҳашар йўли билан қурилган бино яроқсиз ҳолатга келиб қолганди. Бу мактабда ҳам 2017 йилда инвестиция дастури асосида 140 ўринли қўшимча бино қуриб берилган. Аммо ўқувчиларнинг сони 270 нафардан ортиқ.
Вилоят прокуратураси томонидан ажратилган 2,1 миллиард сўм маблағ эвазига мактабда яна 180 ўринли бино қад ростлади. Бу ерда ҳам мактабга кириб-чиқиш йўлини тўсган сой устида 17 метрлик кўприк, болаларнинг спорт билан шуғулланиши учун мини футбол майдончаси қурилди.
— Вилоят прокуратурасидан одамлар келиб, янги мактаб қурамиз, дейишганида ишонмагандик, — дейди 45-мактаб директори Раҳмиддин Болиқулов. — Аммо ишлар жуда жадал бошланиб кетди. Беш ой деганда янги биномиз қуриб битказилди. Бу ерда 7 та маҳалладан ёшлар келиб ўқийди. Энди шароитимиз шаҳар мактаблариникидан қолишмайди.
Янги таълим масканлари ушбу маҳаллалар аҳли, ўқитувчи ва ўқувчилар учун ҳақиқий байрам совғаси бўлди. Мазкур объектларни ҳеч шубҳасиз давлатимиз раҳбарининг таълимга қаратаётган эътиборининг амалдаги исботи дейиш мумкин.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг