Оролбўйи минтақасини комплекс ривожлантириш ва экологик барқарорлигини таъминлашга оид муҳим масалалар муҳокама қилинди
Фото: Сирожиддин Воҳидов / “Халқ сўзи”
Ялпи мажлисда Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши ҳолати муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2021-йил 18-майдаги “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги махсус резолюциясини амалга ошириш чоралари тўғрисида”ги қарори ҳудуд тараққиётида муҳим ўрин тутади.
Мазкур ҳужжат билан 2021–2024-йилларда Оролбўйи минтақасига иқтисодиёт тармоқларида ресурс тежовчи ва юқори самарага эга замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ва илмий-инновацион ишланмаларни амалиётга жорий қилиш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида “Йўл харитаси” ҳамда устувор инновацион лойиҳалар рўйхати тасдиқланган.
“Йўл харитаси”нинг 7 та йўналишдаги 71 та тадбир учун турли манбалардан 312 млрд сўм, 22,2 млн АҚШ доллари, 6 млн еврога тенг маблағлар сарфланиши, шу билан бирга, қарорда 2021–2024-йилларда бажарилиши режалаштирилган 65 та устувор инновацион лойиҳа учун турли манбалардан 1,9 трлн сўмга тенг маблағ жалб қилиниши, натижада 4,5 мингта иш ўрни яратилиши белгиланган.
Ҳозирда “Йўл харитаси”даги 7 та йўналиш бўйича 71 та тадбирнинг 52 таси бажарилган ва 90 млрд сўм ўзлаштирилган. Қолган 19 та тадбирни амалга ошириш ишлари давом эттирилмоқда. Шунингдек, 16 та тадбир ижро муддатлари 2023-йил якунига қадар узайтирилган.
Жумладан, Оролбўйи халқаро инновация маркази томонидан Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлими билан ҳамкорликда илмий-тажриба участкаси ва экофизиологик тадқиқотлар лабораторияси фаолияти йўлга қўйилган. Нукус туманида “Ақлли қишлоқ” консепсияси асосида янги замонавий турар жойлар комплексини қуриш учун 19,3 гектар ер майдонини ажратиш ишлари олиб борилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси инновацион агрохизматлар марказини ташкил этиш ишлари якунланган. Гидрометеорология хизмати маркази томонидан атмосфера ҳавосининг ифлосланишини автоматик мониторинг қилишга ихтисослашган 7 та ускунани ўрнатиш бошланган.
Сенаторлар амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, айрим лойиҳалар ўз вақтида ишга туширилмаганлигини, шунингдек, сақланиб қолаётган бир қатор камчилик ва муаммолар ўз навбатида замонавий инновацион технологияларни ўз вақтида жорий этилмаслигига, самарадорлигининг пасайишига, долзарблигинг йўқолишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.
Муҳокамалар якунида масъулларга қарорда белгиланган қурилиш ва тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш орқали янги иш ўринларини яратишга қаратилган лойиҳалар ижросини таъминлаш, масъул вазирлик ва идоралар томонидан лойиҳалар ва тадбирлар молиялаштирилишини амалга ошириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш каби вазифалар юклатилди.
Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг