Оренбургда 10 327 та, Орскда эса 6995 та турар-жой биноси сув остида қолди

13:00 09 Апрель 2024 Дунё
440 0

Россиянинг Оренбург вилоятида 10 327 та турар-жой биноси ва 12 821 та хўжалик участкаси сув остида қолган. Бу ҳақда вилоят маъмурияти хабар бермоқда.

«Оренбург вилоятида тошқин билан боғлиқ кескин вазият сақланиб қолмоқда. 9 апрель куни Москва вақти билан соат 6:00 ҳолатига кўра, 27 та муниципалитет ҳудудидаги 73 та аҳоли пункти ва 29 та боғ нодавлат ширкатидаги 10 327 та турар-жой бинолари ва 12 821 та хўжалик участкалари сув остида қолган», — дейилади хабарда.

Расмийларга кўра, яқин кунларда Урал ва Самара дарёларида сув сатҳининг яна беш сантиметрдан қирқ сантиметрга кўтарилиши кутилмоқда. Оренбургнинг бир қанча туманлари Жанубий Урал, Кузнечний, Ситцовка, Весенний, Перовский, Форштадт, Зауралная Рошча, Овчинний Городок, Дубки, Нежинка, Степановский, Горний аҳоли пунктлари ва Урал дарёси текислигидаги ёзги уйлар сув тошқини остида қолиши мумкин.

Оренбург вилояти губернатори ва маъмурияти матбуот хизматининг қўшимча қилишича, Орскда Урал дарёсида сув сатҳининг пасайиши кузатилмоқда. У 35 см.га тушган.

«Орскда шахсий томорқага эга 6995 та турар-жой биноси сув остида қолган. Сув босган уйлардан 2493 киши, жумладан, 797 нафар бола эвакуация қилинди. Шаҳарда 12 мингдан ортиқ ўринга эга 16 та вақтинчалик жойлаштириш марказлари ишга туширилди, уларда 1463 киши, шу жумладан 240 нафар болалар жойлашади», дейилади расмий хабарда.

Жанубий Урал ҳудудлари бу йил мисли кўрилмаган тошқинларга дуч келди. Энг қийин вазият Оренбург вилоятида. 5 апрель, жума куни Орск шаҳрини Урал дарёсидан ҳимоя тўғони бузилди. Расмийлар Эски шаҳар аҳолисини оммавий эвакуация қилишни амалга оширди. Вилоятда федерал миқёсда фавқулодда ҳолат жорий этилди, воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Александр Куренков етиб келди.

Кун давомида сув тошқини зонасида 3,9 мингга яқин турар-жой бинолари ва 8,7 минг томорқа ерлари бўлган.

Минтақа маъмурияти тошқиндан кўрилган зарарни 21 миллиард рублга баҳоламоқда.

Орск мэриясининг «РИА Новости» агентлигига маълум қилишича, сув босган шаҳарда тўрт киши ҳалок бўлган, бироқ уларнинг ўлими сув тошқини билан боғлиқ вазият билан боғлиқ эмас.

Курган вилоятида минтақавий даражадаги фавқулодда ҳолат режими амал қилади. Росгидромет ва Қозоғистон гидрометларнинг прогнозларига кўра, Тобол дарёсидаги сув сатҳи 11 метрдан ошади. Расмийлар аҳолини эвакуация қилишга чақирди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вилоят бошқармаси прогнозига кўра, сув тошқини зонасида 62 та аҳоли пункти, 4300 та уй, 5550 та томорқа ва 600 та ёзги уй бўлиши мумкин. Губернаторнинг аниқлик киритишича, Курган таҳдид остида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер