«Оққуш» мажмуасида Гиннес рекордлар китоби сертификати топширилди

13:04 28 Август 2024 Жамият
187 0

Ғайрат Отажонов/«Халқ сўзи». Давлатимиз раҳбарининг шу йил 20 август куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти «Оққуш» мажмуасида қорақалпоқ миллий «Қора уйи», яъни ўтов шаклида қад ростлаган янги иморатда ўтказилди. Мазкур иншоотнинг шакли ва безатилиши мулоқотга келган юртимиз тадбиркорлари ва чет эллик меҳмонларнинг ҳам диққат-эътиборини тортган эди.

Яқинда ушбу қорақалпоқ ўтови Гиннес рекордлар китобига киритилгани ҳақида хушхабар тарқалди.

Шу муносабат билан «Оққуш» мажмуасидаги ўтовнинг ўзида Гиннес рекордлар китоби сертификатини тантанали топшириш маросими ўтказилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Т.Худайбергенов ва давлат идоралари раҳбарлари, нуронийлар, ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тантанали маросимда Нукусдаги «Оққуш» мажмуаси ҳамда унинг ҳудудида барпо этилган дунёдаги энг катта диаметрли ўтов давлатимиз раҳбари кўрсатмалари асосида қурилгани эътироф этилди.

— Президентимизнинг Қорақалпоғистонга ҳар бир ташрифи қувончли воқеаларга бой бўлаётир, — дейди Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейининг этнография бўлими раҳбари Айгул Пирназарова. — Мен жуда бахтли инсонман. Негаки, бир неча бор давлатимиз раҳбари билан учрашиб, санъат ва маданият соҳасини ривожлантириш борасидаги тавсияларини эшитганман. Президентимиз «Оққуш» мажмуасида ташкил этилган ўтовлар кўргазмасини кўздан кечирганида мен қорақалпоқ ўтовлари ҳақида гапириб бердим.

Мажмуада қорақалпоқ, қозоқ, туркман, қирғиз, бошқирд каби туркий халқларнинг ҳамда Қорақалпоғистон туманларининг ўтовлари ташкил этилган эди. Уларда қардош элларимиз тарихи, маданияти ва турмуш тарзи ўз ифодасини топган, албатта.

Ҳар бир халқнинг, инсонларнинг ҳаёти, турмуш тарзи уй-жойдан бошланади. Шу нуқтайи назардан қараганда, халқимизнинг қадимий бошпанаси қора уй бўлганини биламиз. Қора уй қуриш анъанаси қўшни республикалар халқларида ҳам бўлгани билан улар бир-биридан фарқ қилади. Ўтовни тиклаш ҳам ўзига хос меҳнат талаб этади. Ўтов тиклашда ишлатиладиган ашёлар тайёрлайдиган усталарни «уйчи» дейишади. Қора уйни тиклашда ҳар қандай ёғочдан ҳам фойдаланиб бўлмайди. Ўтов ясаш қорақалпоқ халқига ота мерос.

Ўтов, умуман, у билан боғлиқ урф-удумлар қорақалпоқларнинг аждодларидан мерос қадим қадриятларидан саналади. Халқ орасида унинг «қора уй», «оқ ўтов», «бўз ўтов», «бўз ўрда» каби номлари ҳам бўлиб, олти, саккиз, ўн икки қанотлилари мавжуд.

Ўтов чидамли, эгилувчан толдан ишланади. Қора уй 3 босқичда бўлади — дастлаб кереге (ёғоч панжара), ундан сўнг шанироқ (қора уйнинг том қисми), сўнгги босқич увиқ (тиргак) деб юритилади.

Қора уйнинг 6, 8, 12 қанотли турлари бор. 5 қанотли уйлар кам учрайди. Одатда, 6 қанот уйлар ёш оилалар учун махсус тикилган. 8 қанотли уйлар эса оиладагилар сони кўпайганидан сўнг қурилган.

Энг йирик – 12 қанотли уй қишлоқ ташқарисидаги «Маслаҳат тепа»га тикилиб, унда оғалар, яъни бийлар ва беклар эл-юрт тақдири билан боғлиқ муҳим масалаларни ҳал қилиш учун йиғилган. Қора уй безак буюмларининг барчаси қўлда ишланган, яъни ўрмакда тўқилган. Кигиз асосан қўй, арқон эса туя жунидан тайёрланган.

Қора уйга нақшли безакларига қараб оқ ўтов, бўз ўтов деб таъриф берилган. Қора уйнинг ўртасида тўрт қиррали ўчоқ ўрнатилиб, тутуни уй туйнугидан чиқиб кетади.

Ўтов тиклашда унинг ташқи томондан ўраладиган жиҳозларига ҳам алоҳида эътибор берилган. Ўтовнинг таркибий қисми саналган «чийлар» эса ташқи муҳитдан ҳимоя, шунингдек, турли ҳашарот ва кемирувчилардан сақлаган.

Нукус шаҳридаги «Оққуш» мажмуасида энг катта ўтовнинг диаметри 42, баландлиги 22 метрни ташкил этади. Унда маъмурият, ошхона ва бошқа хоналар мавжуд. Бу ерда турли маданий тадбирлар, форумлар ўтказиш мумкин. Мажмуада қорақалпоқ, қозоқ, туркман, қирғиз, бошқирд каби туркий халқларнинг ҳамда Қорақалпоғистон туманларининг ўтовлари ҳам ташкил этилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер