Ўқитувчилар учун мактабларда ягона мажбурий форма мавжуд эмас — Халқ таълими вазирлиги

20:49 29 Июль 2022 Жамият
1334 0

Фото: Архив сурат

Айни дамда ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётган, Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарори асосида пойтахт мактабларининг ўқитувчиларига мактаб формаси олиш учун маълум миқдорда маблағ ажратилганлиги хусусидаги хабар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Шунингдек, мазкур масала юзасидан кўплаб оммавий ахборот воситалари ва юртдошларимиздан мактаб ўқитувчиларига мажбурий форма жорий қилинганлигига оид мурожаат ва саволлар келиб тушмоқда.

Ушбу саволларга жавобан юртимиздаги мактаб ўқитувчилари учун мамлакат миқёсида белгиланган ва тасдиқланган ягона мажбурий форма тури мавжуд эмаслигини маълум қиламиз.

Халқ таълими вазирлигининг 2020 йил 28 майдаги «Умумий ўрта таълим муассасасининг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида» 131-сонли буйруғига асосан, тизим ходимларнинг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидалари белгиланган. Унга кўра, ўқитувчилар мактаб даражасида белгиланган дресс-код талабларига риоя қилишлари зарур.

Айтиш жоизки ўқитувчи жамиятнинг зиёли ва маърифат улашувчи аъзоси сифатида нафақат илми ва ахлоқи, балки кийиниш маданияти билан ҳам ёшларга ўрнак бўлиши мақсадга мувофиқ. Яъни ўқитувчиларнинг ўз касбига хос бўлган кийимда бўлиши, албатта, ўқувчиларда ўз устози шахсияти ва касбига бўлган ҳурматининг янада ошишига сабаб бўлади.

Шу ўринда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг пул ажратганлигига изоҳ сифатида Халқ таълими вазирлиги пойтахт мактаблари ўқитувчиларнинг ижтимоий ҳимояси йўлидаги мазкур ташаббусини қўллаб-қувватлашини ҳамда бу ғамхўрликдан миннатдорлигини билдириб ўтади. Бошқа ҳудуд ҳокимларини ҳам ўқитувчиларни қўллаб-қувватлашда фаолликка чақириб қолади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?