Ўқитувчилар учун 1000 доллар маош бугун реал ҳодисага айланди

11:37 27 Декабрь 2024 Жамият
250 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бухоро шаҳридаги 21-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Лилия Товстенко салкам ўттиз йилдирки ёш авлодга таълим-тарбия бериб келмоқда. Якун топаётган 2024 йил у учун эсда қоларли кечди.

— Давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармонига мувофиқ, бир гуруҳ юртдошларимиз қаторида “Дўстлик” ордени билан тақдирландим, — дейди у. — Русийзабон ёшларга Александр Пушкин, Лев Толстой, Михаил Шолохов сингари шоир ва ёзувчиларнинг, шунингдек, мумтоз ўзбек адабиётининг Алишер Навоий, Мирзо Бобур, Абдулла Қодирий каби забардаст вакиллари ижодини ўргатиб бораётганимдан хурсандман. Тақдиримни ҳам ўзбек йигити билан боғлаганман.

Л. Товстенко учун 2024 йил яна бир жиҳати билан қадрлидир. У 1000 доллар миқдорида маош олаётган муаллимлар сафидан ўрин олди.

— Жорий йилда малака тоифасига эга ўқитувчиларимиз салмоғи 69,9 фоиздан 77,7 фоизга ошиб, 7,8 фоиз ўсишга эришилди, — дейди вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Ирода Орипова. — Ўтказилган малака синовлари натижаларига кўра, вилоятимиз республикада пешқадам бўлиб турибди. Мактабларда фаолият юритаётган она тили ва адабиёти, рус тили, математика, информатика, физика, кимё, биология, география фани ўқитувчиларининг 3 918 нафари фанни билиш бўйича миллий ва халқаро сертификатларга эга.

Айни пайтда минг доллардан ортиқ маош олаётган ўқитувчилар салмоғи вилоят бўйича 240 нафардан ошди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 130 нафарга кўп.

Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан журналистлар учун ташкил этилган пресс-турда ҳамкасбларимиз якун топаётган 2024 йил давомида тизимда амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер