Ўқитувчи касбининг мақоми ва обрўси кўтарилди

17:07 24 Декабрь 2024 Жамият
215 0

Билимли, иқтидорли бола нафақат ўзининг, балки миллатнинг ҳам келажагини белгилайди. Бундай авлод ўқитувчи-педагоглар меҳнати, изланишлари ортидан тарбияланади.

Кейинги саккиз йилда юртимизда таълим ва тарбия тизимида том маънода, тарихий ишлар амалга оширилди. Соҳага оид кўплаб қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Янгиланган Конституциямизда ўқитувчининг мақоми алоҳида белгилаб қўйилди.

Агар ўқитувчи-педагог эркин фаолият юритмаса, унинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати давлат томонидан ҳимоя қилинмаса, ўз навбатида, мажбуриятлари қонунчилик билан белгиланмаса, кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Бу муаммоларга айнан, 2024 йилда буткул барҳам берилди.

Президентимиз томонидан шу йилнинг 1 февраль куни 21 моддадан иборат «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги қонуннинг имзоланганини юртимиз педагоглари катта қувонч билан эслайди. Мазкур қонунга кўра, педагогни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, шу жумладан, ҳудудларни ободонлаштиришга ва қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш тақиқланади. Педагогдан унинг касбий мажбуриятларига тааллуқли бўлмаган ҳисоботларни ва бошқа маълумотларни, жумладан, битирувчиларнинг бандлиги таъминлангани ҳақидаги ҳисоботларни шакллантиришини ва тақдим этишини талаб қилиш ман этилади.

2023 йилнинг 27 март куни қабул қилинган педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтиришни кўзда тутувчи қонунга кўра, педагог ходимни меҳнатга бирон бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш учун маъмурий ва жиноий жавобгарликлар кучайтирилди. Жумладан, умумий ҳолатда бирор шахсни мажбурий меҳнатга жалб этиш 33 млн. сўмгача (БҲМнинг 100 баравари) жаримага сабаб бўлса, эндиликда педагогларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш 49.5 млн. сўмгача (150 баравар) жарима билан жазоланиши белгилаб қўйилди. Таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш учун ҳам маъмурий жавобгарлик кучайтирилди. Илгари педагогнинг фаолиятига ноқонуний аралашиш учун фақат жарима жазоси белгиланган. Эндиликда ушбу қилмишни такроран содир этган мансабдор шахсларга 15 суткагача маъмурий қамоқ чораси кўрилди.

Янги Ўзбекистон ислоҳотларида бундай чора-тадбирлар сўзсиз ҳаётга татбиқ этилаётгани боис ўз самарасини бермоқда. Жорий ўқув йилида ўқувчиларимиз нуфузли халқаро олимпиадаларда юқори натижаларга эришгани фикримизни исботлайди. Жумладан, 128 та медал — 15 та олтин, 36 та кумуш, 77 та бронза! Уларнинг кўпчилиги асосан кимё, математика, физика ва информатика фанлари бўйича устунлик қилиб, эътирофга сазовор бўлди. Бу Ўзбекистон тарихидаги рекорд кўрсаткич бўлиб, бундан барчамиз чексиз ғурурланамиз. Келаётган Янги йил ҳам шубҳасиз, янги имкониятлар олиб келишига ишонамиз.

Шоира ХУДОЙҚУЛОВА,

Термиз давлат университети ўқитувчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?