«Оқила аёллар» — уларнинг оила ва жамиятдаги ўрни

Фото: Халқ сўзи
Оила – жамиятнинг муҳим ва бош бўғини. Ватан остонадан, оиладан бошланади, деган ибратли сўзлар замирида юрт равнақи бевосита оилалар тинчлиги ва мустаҳкамлигига боғлиқ бўлиши назарда тутилади. Ёш авлод оилада шаклланади, вояга етади, баркамол авлодни комил инсон этиб тарбиялаш кўпроқ аёллар зиммасидаги вазифа ҳисобланади.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, бугунги кунда хотин-қизларнинг жамиятда тутган ўрни, маънавий етук бўлишлари, билим олишларию касб-ҳунар эгаллашларига катта эътибор қаратилмоқда. Уларнинг фаоллигини қўллаб-қувватлаш, фарзанд тарбияси, оила, хотин-қизлар маънавиятини юксалтиришда ёшларга тарбиявий таъсир ўтказа оладиган обрў-эътиборли, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган, фаол, ташаббускор аёлларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш уларга шарт-шароитлар яратиш мақсадида «Оқила аёллар» ҳаракати тузилди. Бу ҳаракатдан кўзда тутилган мақсад – жамиятда янги маънавий макон яратиш, эзгу ғоялар, миллий қадриятлар, урф-одатлар, муқаддас анъаналарни сингдиришга қаратилган тарғибот ишларини олиб боришдан иборат бўлди. «Оқила аёллар» бирлашиб, ёшлар, айниқса бўлажак оила бекалари қизларни эзгу ғоя ва миллий қадриятлар, урф-одат ва анъаналаримиз амал қилган ҳолда тарбиялашни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Тошкент шаҳрида 40 нафар фаол ва ташаббускор аёллардан иборат «Оқила аёллар» ҳаракати ташкил этилади. Тошкент шаҳрининг барча туманларида 30 нафардан, барча маҳаллаларида 15 нафардан иборат «Оқила аёллар» ҳаракати аъзолари тузилиб, белгиланган вазифалар доирасида самарали фаолият юритиб келмоқдалар.
Ахборот технологиялари ва ижтимоий тармоқлар асри бўлган бугунги кунда юқоридаги омиллар ёшларни оилага тайёрлаш, бўлажак оналарнинг фарзанд тарбиясидаги ўрни ва мажбуриятларини қизларга таништириб боришга маҳкам бел боғлади.
Маҳалларда оилаларни мустаҳкамлаш, фарзанд тарбиясида ота ва онанинг масъулияти, ибратли ота ва она бўлишнинг аҳамияти, жамиятнинг кишиларнинг маърифатли бўлишида оналарнинг ролини ошириш каби мақсадлар ҳам устувор саналади. Тинч ва тотув оилада вояга етган фарзанд –энг бахтли фарзанддир, аммо ҳаётда тўқнаш келадиган, арзимас бир қийинчиликларни баҳона қилиб ўғил-қизларини ота ёки она меҳридан айираётган кишилар оиланинг қадр-қимматини у қадар чуқур тушуниб етмайдилар. Оила қуриш остонасида турган ёшларга эркак ва аёлнинг катталар, қариндошлар ва болалар олдидаги бурчларини урф-одатларимизга мос равишда тушунтириш пиру бадавлат кексаларнинг насиҳатларига йўғрилса нур устига аъло нур бўлар эди. Бу эса ўз навбатида оилалардаги ажрим сонларини камайтиришига олиб келади.
Аёллар ва ёш қизларда оилага, Ватанга садоқат, фидойилик, ташаббускорлик, туйғуларини сингдириш, «одобли қиз қандай бўлиши керак?», «маърифатли аёлнинг фазилатлари», «маърифатли она тимсоли»ни шакллантиришнинг чора-тадбирларини амалга ошириш каби вазифалар ҳам ўрганилмоқда. Бугунги ёшлар турли ахборот хуружларидан ҳимояланиши зарур. Одоби, тарбияси чиройли қизлар йиллар ўтиб, ўзида бор фазилатларни фарзандларига беради. Одобли қиз, маърифатли аёл ва маърифатли она тушунчалари бир-бирига чамбарчас, узвий боғлиқдир. Оилада фарзандлар, айниқса, қиз болаларнинг тарбияси, оила ва оналар маънавиятини юксалтириш, китобга бўлган муҳаббат ва мутолаа маданиятини тарғиб этиш, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни шакллантириш, оиланинг тарбиявий –таълим салоҳиятини мустаҳкамлашга кўмаклашиш «Оқила аёллар» ҳаракати зиммасидаги вазифа этиб белгиланди. Оилаларда китобхон авлодни вояга етказиш учун аввало, аёллар китобхон бўлиши керак. Атроф-муҳитнинг фарзанд руҳиятига таъсири ниҳоятда катталиги барчага яхши маълум. Она қўлига китоб олса, фарзандлари ҳам беихтиёр унинг ҳаракатларини такрорлайди, унда китобни танлаб ўқиш, ўқиганларини оила даврасида муҳокама қилиш кўникмалари шаклланади. Она болаларига ширин сўз бўлса, опа-сингил, ака-ука ўртасидаги муомала маданияти ҳам шу тартибда олиб борилади. Турмуш психологияси эркак ва аёлнинг ўзаро муомаласи ва муносабатларидан андоза олади. Ёшлар ўртасида оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, турмуш психологияси, оила иқтисоди, саломатлик асослари, маънавий ва ахлоқий қадриятларга нисбатан ҳурмат руҳида бўлиш масалаларини ҳамда «Оила – муқаддас» тушунчасини кенг тарғиб қилиш, хотин-қизларнинг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини ошириш, уларга қонун ҳужжатларини халқчил тильда тушунтириш – яна бир устувор вазифа этиб белгиланди. Кейинги йилларда ҳуқуқий масалалар тез-тез тилга олинаётганига сабаб кўпчилик аёллар ўз ҳуқуқ ва бурчини афсуски тўлиқ билмайдилар. Қонунлардан оқилона фойдалана олмаганларидан турли қийинчилик ва муаммоларга дуч келадилар ва бундай вазиятлардан кимдан ёрдам олишни билмайдилар. Ҳар бир ислоҳот инсон манфаатлари учун хизмат қиладиган бир вақтда аёлларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ҳам тўлиқ бўлиши зарур. Бугун уйда ўтириб, ўз бизнеси, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйган аёллар кўпчиликни ташкил қилади. Бу натижалар ўз-ўзидан бўлмайди. Банкдан кредит ол, тадбиркорлик ва солиқ ҳужжатларини тўғри тартибга солиш учун ҳам ҳуқуқий саводхонлик керак. Бу эса аёлдан тинмай ўқиш, изланиш, давр билан ҳамнафас бўлишни талаб этади.
Хотин-қизларининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича чет эл тажрибасини ўрганиш, амалдаги хотин-қизлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари масалаларини миллий қонунчиликда таҳлил қилиш, жойларда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий фаолликнинг асосий йўналишларини (илмий-назарий билим, малака, кўникмалар, тажриба ошириш, ғоявий-сиёсий етуклик, маънавиятни юксалтириш, маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш, ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар бўйича саводхонлик, тадбиркорлик кўникмалари, ёшларни оилавий ҳаётга тайёргарлиги, ёшларнинг замонавий хоҳиш ва истаклари) сўровлар (контакт-интервью, фокус-группа тадқиқоти, телефон сўрови) орқали ўрганиш масалалари кўзда тутилади.
Бугун замонавий аёл ибораси тез-тез қулоққа чалинаёзяпти. Хўш, замонавий аёл, деганда ёшлар қайси фазилатлари бор хотин-қизларни кўз олдимизда қиёфалантирамиз. Замонавий аёл оиладаги ва жамиятдаги вазифаларига бирдек масъулият билан қарайди. Меҳрибон аёл, она ва оқила раҳбар ходим вазифасини аъло даражада бажара олади. Иш билан бирга аёлларга хос пазандалик, саришталик, чеварлик, қариндош-уруғлар билан муносабатни ҳам тўғри йўлга қўя олади. Аёл учун оила муқаддас эканлигини ҳар доим ва ҳар он ёдида сақлайди. Шу фазилатлари билан атрофидагиларга ўрнак бўла олади. Замонавий аёл иқтисодни ҳам сиёсатни ҳам яхши тушунади, жараёнларни тўғри таҳлил қилиб, хулоса чиқара олади.
Қонунчиликда «Оқила аёллар» ҳаракати тўғрисидаги қарорда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ҳолатини тизимли мониторинг қилиб бориш учун хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ҳолатининг ўзгаришини акс эттирувчи кўрсаткичлар базаси мураккаб тамойилларга асосланган, деярли барча жиҳатларни қамраб оладиган, илмий асосланган индикаторлар ишлаб чиқиш, хотин-қизларининг меҳнат фаолиятини тўғри ташкил этиш, янги иш ўринларини яратиш, бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларни яхшилаш, қишлоқ жойлардаги хотин-қизларни оилавий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш, малака оширишларини таъминлаш орқали ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишдаги амалдаги ҳолатларни ўрганиш ва такомиллаштиришга доир таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш вазифалари юклатилди. Бундан мақсад, аёлларнинг жамиятдаги тутган ўрни ва мавқейини ошириш. Гендир тенглиги, ижтимоий ҳуқуқлари тенглигини ҳақида тушунчалар бериш. Кузатувлар натижаси шуни кўрсатади-ки, оиладаги келишмовчиликларнинг аксари ишсизлик, моддий таъминот билан боғлиқ бўлади. Қўлида касби ёки ҳунари бор аёл ўз моддий эҳтиёжларини мустақил қондира олади. Моддий таъминот мусулмон оилаларидан асосан эркак кишининг зиммасидаги вазифа саналади. Аммо аёл ҳам ишласа, аввало жамиятда ўз ўрнини топади. Вақтини ўзи севган касбга бахшида этиш билан бирга моддий даромад топганидан икки ҳисса қувонади. Ўз устида ишлайди, ўзига қарайди, турмушнинг майда икир-чикирларига ўралашиб қолмайди.
Бугунги кунда аёллар дуч келиши мумкин бўлган муаммоларни ўрганишда маҳаллаларда аёллар ва хотин-қизлар маслаҳатчилари иш олиб бормоқда. «Маҳалла ҳам кичик бир Ватан» юқоридаги қарорларни амалиётга татбиқ этишда маҳалланинг кўмагидан кенг фойдаланиш кўзда тутилади. Бир фарзандга етти қўшни ота, она, деган нақлга амал қилган ҳолда маҳаллалар билан бирга ҳамкорликда фарзандлар, айниқса, қизлар тарбиясига эътиборли бўлиш, хонадон ва унинг атрофини покиза ва саранжом бўлишини таъминлаш, ҳар қандай бўладиган йиғин, тўй-ҳашамларни маҳалла фаоллари «Оқила аёллар» билан маслаҳатлашган ҳолда ўтказиш, маҳалладаги аёлларимизни ҳунарли, илмли бўлишларига эътибор бериш, оилада ҳар қандай низоли вазиятларда маҳалла фаоллари, «Оқила аёллар» билан бамаслаҳат, тинч йўл билан низоларни ҳал этиш, ёш келинларимизни янги оилага ўрганиб кетишларида ҳамда мустаҳкам оила қуришларида доим «Оқила аёллар» маслаҳатларига риоя қилиш, қизларимизни пазанда, уй-рўзғор тутишга ўргатиш, ҳунарли бўлишлари, илм эгалари бўлишларига алоҳида эътибор бериш, оила сирларини эгаллашларига шароит яратиш, маҳалла хотин-қизларини тадбиркорлик билан шуғулланишлари, ишсиз бошқа аёлларни ҳам ўзлари сингари тадбиркор бўлишларига ҳисса қўшиш, маҳалладаги барча хотин-қизлар, кекса онахонларни ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтишлари ва соғлом турмуш тарзига риоя қилган ҳолда жисмонан соғлом бўлишларига эришиш лозимлиги таъкидлаб ўтилади. Шунингдек, қизларимизни эрта турмуш қуришларига йўл қўймаслик, турмушга узатилган қизларимизни ҳаётларига аралашмаслик, телефон орқали турли гапларга қулоқ солмаслик, қудалар билан тотувликда ёшларни йўлга солиш, барча маҳалладаги қизларимизни маънавий, жисмоний соғлом қилиб вояга етказиш, гул каби асраш, илмли бўлишларига имкон яратиш, ноқонуний никоҳларга йўл қўймасликни ҳам маҳалла томонидан тартибга олинади.
Маҳаллада ўзаро ҳурматда ва намунали оила бўлиб ҳаёт кечириш, кўчамиз озодалиги, саранжом-саришталиги, райҳон, гулларга бурканган хонадонлар сони кўп бўлишига ҳисса қўшиш, кўчамиздаги барча хотин-қизларимизни, ёш келинларимизни, қизларимизни хонадон маданиятига эга ва юксак маънавиятли қилиб тарбиялаш, қизларимизни эрта турмушга бермаслик, эрта туғруқни олдини олиш, фарзандлар орасида 3 йилдан кам бўлмаган муддатга риоя қилиш, қизларимизни кўп китоб мутолаа қиладиган, ҳунарли, илмли ва жисмонан соғлом қилиб вояга етказиш, фарзандларимиз айниқса, ёш қизларимиз кўп мулоқотда бўладиган дугоналарига эътибор бериш, улар билан яқиндан танишиш, кўчада юз берган ҳар қандай ҳолатлардан маҳалла раисига, хотин-қизлар фаолига ўз вақтида хабар бериш, янги фарзанд кутаётган ва фарзандли бўлган келинларимизни ўз вақтида туман тиббиёт бирлашмасига боришларига, доимий назоратда бўлишларига эътибор бериш, кийиниш маданиятига ва муомала маданиятига риоя қилиш каби вазифалар маҳалла зиммасига юклатилди. Юқоридаги ишларни фақатгина маҳалла эмас, улар билан бирга ибратли хонадонларда яшовчи, барчага намуна қилиб кўрсата оладиган онахон, нуроний кексаларимиз кўмагида амалга оширилса ўз самарасини янада тезроқ кўрсатади. Чунки буви, буваси бор хонадонда тарбия топган болалар ҳам шу муҳит ва шароитга мос тарбияни олади. Меҳмон кўп келадиган пиру бадавлат хонадонда ўсган йигит-қизлар қариндошлари, жону жигарларига нисбатан меҳрибон бўлади. Ўзбекона урф-одатларни фарзандларига сингдиради. Ривоятларда келтирилишича қадимда ота онаси ўтирган уйнинг томига чиқиб ўтин олиб тушишга ботина олмаган фарзандлар тарбиясини бугунги кун болалари онгига албатта сингдириш лозим. Аввало оилада боболарни, оталарни ҳурматини жойига қўйишни ёшларга ўргатиш зарур. Эркаклар оиланинг устуни, ҳимоячиси, қўрғони. Аёл киши эркак кишининг ҳурматини ўрнига қўйса, шу хонадонда тарбияга кўрган қизлар аввало отасининг, кейинчалик келин бўлиб борган уйдаги эркак кишиларнинг ҳурматини ўз ўрнига қўйишни ўрганади. Бугунги кунда пул топиб, турмуш ўртоғининг ҳурматини ўрнига қўйишни унутган аёллар ҳам йўқ эмас. Улар топган давлати – оилага тинчлик, ҳаловат, фарзандларига мукаммал тарбияни бера олмаслиги тушунишлари зарур. Ибратли бола, ибратли оилада вояга етади. Моддий томондан тўкислик маънавий комилликни таъминлай олмайди.
Оилада соғлом маънавий муҳит, ўзаро ҳурматга асосланган муносабатлар йўлга қўйилган бўлса, жамиятда ҳам шу муносабатлар ўзаро ҳурмат асосида шаклланади. Оилаларнинг мустаҳкам бўлиши учун аввало қизларни оилага тайёрлаш керак. Қуш уясида кўрганини қилади, деган нақл бор, она қизларга аёлнинг фарзандлари ва турмуш ўртоғи олдидаги бурчларини ўргатиб бориши зарур. Соғлом оилада вояга етган қизлар фарзандларига ҳам чиройли тарбия бера олади. Хушхулқ фарзандлар камол топган жамиятда кишилар ўртасидаги муносабатлар ҳам чиройли бўлади. Жамиятда комил шахс тарбияси энг мураккаб ва масъулиятли вазифадир. Бу жараёнда турмуш маданиятини тўғри йўлга қўйишни қизлар оила муқаддаслигини ёшлигидан сингдириб бориш керак. Ўзбек оилаларида фарзанд тарбияси билан асосан оналар, буви ва боболар шуғулланади. Ибратли оила ибратли жамиятни барпо этади. Ибратли оила механизмини шакллантириш оқила ва ўқимишли, тадбирли аёлларимиз қўлидадир. Ибратли она, ибратли фарзандни тарбиялайди. Уни жамият ва халқ учун наф келтирадиган шахс сифатида вояга етказади. Турли зарарли иллатлардан асрашни билади. Тарбия бу бир, икки йилда амалга ошадиган жараён эмаслигини яхши тушунган ҳолда, ҳар тарафлама фарзандларига ўрнак бўлишга интилади. Ибратли аёлдан ибратли оила, ибратли оиладан, ибратли жамият барпо бўлади.
Кейинги йилларда бот-бот тилга олаётганимиз гендер тенглиги, масаласида, аёллар эркаклардан қолишмайдиган муваффақиятларга эришмоқда. Илм-заковати билан дунёнинг манаман деган компанияларида ишлаётган қизларимиз ҳам кам эмас. Оддий бир мисол ўрта мактабларни аксарида қизларнинг фанларни ўзлаштириш даражаси ўғил болаларнинг ўзлаштириш даражасидан баланд. Олий ўқув юрти талабаларини эллик фоиздан ортиғини қизлар ташкил қилаётгани ҳам қувонарли. Лекин баъзи ҳолатлардан қизлар турмушдан сўнг олий маълумотли бўлишларига қарамай, уйда рўзғор ташвишлари билан ўралашиб қолмоқда. Албатта ўқимишли аёлнинг юртга келтирадиган энг катта нафи – ўзи каби зиёли ўғил-қизларни тарбиялашида. Лекин фарзандлар ўзини тутиб олган маълум бир вақтдан сўнг аёллар ҳам ишини тиклашга, касби орқасидан моддий даромад топиш ва жамиятда ўз ўрнига эга бўлиш ҳуқуқига эркаклар билан бирдек ҳақли.
Тенглик – эркак ва аёлнинг яшаш ҳуқуқлари, конституциявий ҳуқуқлари қонун олдида тенгдир, дегани. Оилада бу ҳуқуқларни инкор этмаган ҳолда аёл ва эркак ўртасида ўзаро муносабатларда кўпроқ оилани моддий жиҳатдан таъминлаш, ижтимоий масалаларга нисбатан жавобгарлик масъулияти эркакнинг зиммасига тушади. Билим олиш, касб танлаш, иш жойига эркин келиб, кетиш, ўзи севган машғулотини касбига айлантириш (чеварчилик, зардўзлик, каштачилик, ҳунармандчилик, боғдорчилик, гулчилик) каби машғулотлар билан шуғулланишига шароит яратиб бериш ҳам эркакларнинг зиммасидадир.
Ўзбекнинг оқила аёли оилада ҳам, жамиятда ҳам ўз бурч ва мажбуриятларини яхши билади. Уйда оилавий тадбиркорлик ва кичик бизнесни йўлга қўя олади, оиласини иш ва моддий маблағ билан таъминлаб, кўплаб муваффақиятга эришиб келаётган кўплаб тадбиркор аёлларимизни ўрнак қилиб гапиришимиз мумкин.
Уларнинг фаолиятини ўрганиб, ёшларга ҳужжатли фильмлар, китоблар орқали ўрнак қилиб кўрсатиб берсак, ёшлар орасида оқила аёллар сони кўпайиб, ортиб бораверади.
Нафиса Абдуллаева,
педагогика фанлари фалсафа доктори(PhD), доцент
Тошкент шаҳар «Оқила аёллар» ҳаракати аъзоси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Президенти қўшма корхоналарни ишга туширди ва Хитой ишбилармон доираларининг етакчи вакиллари билан учрашди
- “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU 2023” халқаро кўргазмасининг тантанали очилиш маросими ўтказилди
- “Марказий Осиё - Хитой” биринчи саммити. Иккинчи кундан фоторепортаж
- Ўзбекистон Президентининг Хитойга ташрифи самарали бўлди
- Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида 20 май куни қисқа муддатли ёмғир ёғади
- Наманганда гуллар фестивали (фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг