Оқ уй Эронга қарши янги санкциялар жорий этишини маълум қилди

11:06 17 Апрель 2024 Дунё
286 0

Иллюстратив фото

АҚШ Эроннинг Исроилга қарши ҳаво ҳужуми ортидан яқин кунларда унга қарши янги санкциялар киритади. Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан маълум қилди.

Унинг аниқлик киритишича, янги чекловлар Эроннинг ракета ва дрон дастурларига таъсир қилади.

“Шунингдек... Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ва Эрон Мудофаа вазирлигини қўллаб-қувватловчи тузилмалар”, — дейди Салливан.

Аввалроқ, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси Исроилга ҳужумдан сўнг Эронга қарши санкциялар қўллаш бўйича қонун лойиҳаларини муҳокама қилиши маълум бўлган эди. Бир қатор қонун лойиҳалари, шунингдек, Европа Иттифоқини Ислом инқилоби қўриқчилари корпусини террорчи ташкилот деб эълон қилишга чақиришни ўз ичига олади.

Бунгача Европа Иттифоқи (ЕИ)нинг ташқи сиёсат хизмати расмий вакили Питер Стано ташқи ишлар вазирларининг бўлажак йиғилишида Исроилга ҳужумга жавобан Эронга қарши янги санкциялар жорий этиш масаласи кўриб чиқилишини маълум қилганди.

“Ташқи ишлар вазирлари йиғилишида келажакдаги қадамлар масаласи муҳокама қилинади, бу Европа Иттифоқи ва аъзо давлатларнинг Эроннинг эскалациясига муносабати бўлади”, — деганди Стано.

Икки давлат ўртасидаги можаронинг кучайиши Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг шу йилнинг 1 апрель куни Эроннинг Суриядаги консуллигига берган зарбаси туфайли юзага келди. Ушбу ҳужум оқибатида Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг етти нафар зобити, жумладан, корпуснинг Сурия ва Ливандаги Қудс кучлари қўмондони Муҳаммад Ризо Зоҳидий ва унинг ўринбосари, бригада генерали Муҳаммад Ҳоди Ҳожи Раҳимий, шунингдек, уч нафар Сурия ва бир нафар Ливан фуқароси ҳалок бўлган. Ўшанда Теҳрон жавоб бериш ҳуқуқига эга эканлигини билдирганди.

Шундан сўнг 14 апрелга ўтар кечаси Эрон қуролли кучлари Исроил ҳудудига 185 та дрон, 36 та қанотли ва 110 та “ер-ер” синфидаги ракеталардан фойдаланган ҳолда йирик ҳаво ҳужумини амалга оширди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер