Онкология хизматининг ягона вертикал интеграциялаштирилган тизими яратилди
2023 йил 24 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда «Оғир онкологик беморларга тиббий ва психологик ёрдам кўрсатишда хосписларнинг роли, бугунги ҳолати ва муаммолари», ҳамда қўмитанинг «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддаси Бухоро ва Наманган вилоятларида ижро этилиши ҳолати бўйича ўтказилган ўрганиш якунлари тўғрисида»ги қарори ижроси мониторинги муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда кейинги йилларда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, соҳага янги бошқарув усулларини жорий этиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш давлат дастурларини амалга ошириш доирасида аҳолига онкологик тиббий ёрдам кўрсатишнинг яхлит тизими ташкил этилди. Онкология хизматининг ягона вертикал интеграциялаштирилган тизими яратилди, профессионал кадрлар тайёрлашнинг замонавий илмий мактаби шакллантирилди. Шунингдек, онкология муассасаларини замонавий юқори технологияли асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, онкология муассасалари амалиётига саратонга ташхис қўйиш ва даволашнинг бир қанча замонавий усуллари жорий этилди, онкологик патология профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда. Бу эса беморларда касалликнинг илк босқичларини аниқлаш имконини икки бараварга оширмоқда.
Қайд этилганидек, онкология хизматини янада ривожлантириш мақсадида Президентимизнинг «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Онкологик хизматни янада ривожлантириш ва онкологик касалликларнинг кечки босқичларини бошидан ўтказаётган беморларга тиббий-психологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Мазкур ҳужжатлар асосида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш Дастури тасдиқланган.
Йиғилишда депутатлар онкологик касалликларнинг кечки босқичлари ва ихтисослаштирилган равишда даволаб бўлмайдиган, ўтказиб юборилган шаклларидаги беморларга малакали тиббий ва психологик ёрдам кўрсатишни ташкил этиш, яъни бугунги кунда хосписларнинг ҳолати ва уларни ташкил этишдаги айрим муаммоларга эътибор қаратиб, уларни бартараф этиш бўйича бир қатор таклифлар билдирди.
Йиғилиш кун тартибидаги иккинчи масала — қўмитанинг «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддаси Бухоро ва Наманган вилоятларида ижро этилиши ҳолати бўйича ўтказилган ўрганиш якунлари тўғрисида»ги қарори ижроси мониторинги натижалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда вояга етмаганларнинг соғлиқни сақлаш ҳуқуқларини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, тиббиёт муассасалари фаолияти тубдан ислоҳ қилиниб, кўп тармоқли поликлиникаларда «Болалар бўлимлари» ташкил этилди, болаларга ихтисослашган тиббий хизмат кўрсатувчи муассасалар янгидан ташкил этилиши, замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланиши натижасида юқори технологик жарроҳлик амалиётларини ҳам мамлакатимизда амалга ошириш имконияти яратилди.
Шунингдек, вилоятларда «Она ва бола саломатлик марказлари» ташкил этилмоқда, мактабгача таълим ташкилотлари, мактабларда тиббий хизматни ташкил этиш, боланинг белгиланган тартибда диспансер назоратида бўлиши, болалар ва ўсмирларнинг даволаш-профилактика муассасаларида даволаниши, таълим муассасаларида санитария-гигиена таълими бериш борасида ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган. Айниқса, аҳоли саломатлигини сақлашда бугунги кунда касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини, соғлом овқатланиш кўникмаларини, жисмоний фаолликни оммалаштириш устуворлик касб этмоқда.
Қайд этилганидек, Қонунчилик палатаси Парламент комиссияси ҳамда Фуқаролар соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан соғлиқни сақлаш, мактабгача ва мактаб таълими тизимида вояга етмаганларнинг соғлиқни сақлаш ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ишлар доимий назоратга олиниб, бу борадаги ишлар ҳолати жойларга чиққан холда ўрганилган, вазирликларнинг масъул раҳбарларининг ахбороти эшитилиб, тегишили қарорлар қабул қилиниб, қатор тавсиялар ишлаб чиқилган.
Йиғилишда мана шу қарорларда кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиш, вояга етмаганларнинг соғлиғини сақлаш учун қулай шароитлар яратиш борасида берилган тавсия ва таклифлар юзасидан Соғлиқни сақлаш ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари тизимида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.
Тадбир иштирокчилари тиббий кўриклар сифати ва самарасини яхшилаш, касалликларнинг олдини олиш, барвақт аниқлаш ва даволаш чораларини кучайтириш, бунда соғлиқни сақлаш ҳамда мактабгача ва мактаб таълими тизимининг ўзаро ҳамкорлигини тўлиқ таъминлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг