Она тили миллат қалбининг чашмасидир

21:33 15 Октябр 2020 Жамият
3014 0

Қаердадир, инсоният доим қадр тиланиши ҳақида ўқигандим. Ҳақиқатдан ҳам қилаётган иши, дўстлиги, доим юқорироққа интилиш, мукаммалиятчилк, ҳатто ҳар нафаси ҳам қадр тиланишдир. Одамлар орасига кирар экан, ўз ўрнини мустаҳкамлаб олишга ёки ҳеч бўлмаганда ўзини ҳимоя қилишга киришади. Бундай олиб қараганда, ҳар қайси-инсондаги яхши ё ёмон туйғуларнинг бош манбааси — Қадр. Шу ўринда ўйланасан киши... замон индивидуаллашиб боряптими, ёки инсоният? Нега бу тушунчани кўплаб одамлар шахсийлаштириб олган?!

Аслида, йиллар давомида ўзбек халқи онгига сингдирилган «Ватан», «Миллат», «Сарҳад» образлари аллақачон ост мияда «ўз ўрни топилиши керак» бўлган тушунчалар сафидан жой олган. Шунинг учун ҳам биз уларга «юраклар қаърида сақланадиган муқаддас хилқат» сифатида қараймиз. Аммо қадр деганда шу образлар орасида бўлиши керак бўлган «миллат тили» ҳақида унутамиз. Аслида, унутмаймиз, шунчаки «халқ учун кўникишга вақт керак»- деймиз, қадрлаймиз, баҳоли қудрат, фарзандларимизни замонавий бўлишлари учун рус мактабларида ўқитамиз. Зероки, тарихчилардан бирининг шундай фикрлари бор: «Миллатни йўқ қилиш учун у ерга қурол кўтариб бориш шарт эмас, унинг тилини, маънавиятини, адабиётини йўқ қилиш керак».

Ўзбек халқининг кучлилиги, не-не довонларни ўтиб ўз маънавий бойликларини сақлаб қола олганлиги бизга тарихдан маълум. Юқоридаги тарихчи фикридан фарқли ўлароқ, адабиётини юксалтира олган халқмиз. Бироқ «миллат тили» тўғрисида бундай дея олмайман. 2018 йил «Ёшлар» телеканалида эфирга узатилган «Пресс клуб» кўрсатувининг миллат тили мавзусига бағишланган сонида шундай фикрларни эслайман: «Ҳали-ҳамон халқимизнинг кўпчилиги ўзбек бўла туриб, рус тилида сўзлашадилар, яқиндан оладиган бўлсак, Тошкент шаҳрининг ўзидаёқ тахминан 54 фоиз мактаб рус тизимида ўқитилади»

Ёки тарихга назар ташлайдиган бўлсак, Ленин айтган мана бу сўзлардаги ваҳм кўз олдимизга СССР иттифоқи таркибида топталаётган қадримизни гавдалантиради.

«Сани ўзбекча отингни маскопликлар айтолмайди. Шунинг учун отинг Ниғматхон эмас, Николай бўлсин, Бухорий эмас, Бухорин бўлсин.»*

Бироқ маънавият учун курашган жадидларимиз бўлганлиги ва уларни Собиқ совет иттифоқи «халқ душмани» атаб қамоқхоналарга ҳукм қилганлиги ҳақида ҳам миллионлаб тарихий мисоллар келтира оламиз. Ва ё маҳаллий тилларнинг қадри талаб қилиниб митинглар уюштирилганда, сўзга чиққан одамлар халқ томонидан тошбўрон қилиб ўлдирилганлиги тўғрисида гапиришимиз мумкин. Зеро, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмаднинг «Йўқотганларим ва топганларим» асари орқали шундай хулосага келамиз: «Ўзбек тили қадри йўқолиб бораётган бир пайтда Ойбек миллат руҳидаги асарлар яратишдан, Ғафур Ғулом ўз тилимизда "Шум бола"ни эълон қилишдан, Ҳамид Олимжон эса вафотига қадар бу тилдаги асарларга муҳаррирлик қилишдан чарчамайди».

Шукрки, бугунги кунда, мустақилликнинг «омон-омон» замонларида «халқ душмани» сўзининг таржимаси «халқ фарзанди»га ўзгартирилиб маърифатимиз ҳимоячилари эл-юрт ардоғига сазовор бўлдилар. Аммо «тил» тўғрисидаги муаммоларимиз ҳамонки давомий...

2019 йил GMMPнинг ҳисобатига кўра интернет тилининг 81 фоизи инглиз тилига тўғри келади. Бундан кўриниб турибдики, дунёда нафақат ўзбек, балки бошқа минглаб давлат тилларида ҳам муаммолар бор. Олимларнинг фикрича, тил яшаб қолиши учун ундан камида бир миллион киши сўзлашиши керак экан. Бироқ бундай тиллар дунёда атиги 250 тадир. Ўзбек тили ҳам мана шу 250 танинг ичида экани қувонарли, албатта.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, тилни қадрлаш қадриятларимизни сақлаб қолиш билан баробар. Спортчиларимиз жаҳон миқёсида биринчиликларни қўлга киритиб дунё ареналарида ўзбек мадҳиясини янгратганида юракларимиз жунбушга келганлиги қадар, тил мавзусига ўта эҳтиросли ва эътиборли бўлишимиз шарт! Зеро, тилни йўқотиш ўзликдан воз кечиш билан баробар. Ўзликдан воз кечган шахс эса бошқа бир миллатнинг сиғиндисидир! Шу ўринда ўз-ўзимдан, қалбимга қуйилиб келаётган мисраларни пичирлайман:

Темурнинг пойида ажнабий боши

Йиқилсанг сен каби қон бўлар дилим

Навоий яратган, сўзлари - Бобур

Қадринг баланд бўлсин - эй она тилим!

*Саид Аҳмад. «Ростгўй посбон» ҳикоясидан.

Эъзоза Умурзоқова
Навоий шаҳар 12-сонли ихтисослаштирилган 
давлат умумий ўрта таълим 
мактабининг 11-синф ўқувчиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер