Оммавий тиббий кўриклар доирасида сурхондарёлик беморларда буйрак трансплантацияси ўтказилди
Буйрак – инсон организмида ўта муҳим вазифани бажаради. Агар ушбу аъзонинг фаолияти бузилса, бемор саломатлигида жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.
Хусусан, сурункали буйрак етишмовчилиги (терминал босқичи) ана шундай оғир хасталиклардан биридир. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу касалликка чалинган инсонларнинг турмуш тарзи, кун тартиби, ҳаёт сифати бошқа беморларникидан тубдан фарқ қилади.
Уларнинг аксарияти гемодиализ муолажасини олиб юришга мажбур. Бемор ҳафтасига 3 марта, 3-4 соатдан гемодиализ залида бўлиши унинг кўпгина ҳаётий юмушлардан четланишига сабаб бўлади. Шу боисдан мазкур ҳолатда буйрак трансплантацияси ягона ва самарали даволаш усули ҳисобланади.
Сўнгги йилларда юртимиз тиббиётидаги ижобий ўзгаришлар сабабли бугун ушбу мураккаб жарроҳлик амалиёти Ўзбекистоннинг ўзида, маҳаллий шифокорларимиз томонидан муваффақиятли бажарилмоқда. Ихтисослашган тиббий хизматнинг аҳолига янада яқинлаши натижасида эса буйрак кўчириб ўтказиш операцияси юртимизнинг олис ҳудудларида ҳам ўтказиляпти.
Шу кунларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Сурхондарёда бўлаётган оммавий тиббик кўриклар доирасида Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида бир қанча оғир беморларда ана шундай амалиётлар бажарилди.
Бемор — Меҳринисо Пардаева — 36 ёшда. Қизириқ туманининг Истиқлол маҳалласидан. Унга сурункали буйрак етишмовчилиги терминал босқичи ташхиси қўйилган. Бемор бу дарддан ўн йилдан бери азоб чекади. Икки йилдирки, гемодиализ муолажаларини олади.
Меҳринисонинг таъкидлашича, у пойтахтга бориб, мураккаб операция орқали соғайишни ният қилганди. Аммо бунга ҳожат қолмади. Тошкентдаги Хирургия маркази моҳир жарроҳларининг ўзи Термизга келиб, трансплантация амалиётини ўтказишди.
Беморга 31 ёшли синглиси Юлдуз Пардаева бир буйрагини берди. Юқори технологик муолажа муваффақиятли ўтди. Ҳозир Меҳринисонинг ҳам, донорнинг ҳам аҳволи яхши, шифокорлар назорати остида саломатлиги тикланмоқда.
Вилоятда ўтказилаётган оммавий тиббий кўриклар доирасида ангорлик 27 ёшли Зайнаб Нортожиевада ҳам буйрак кўчириш амалиёти бажарилди. Донор бегона эмас — унга отаси, 52 ёшли Дониёр Нортожиев бир буйрагини берди.
Шифокорларнинг таъкидлашича, бемор ўтган йилдан бери гемодиализ муолажасини олади. Айни вақтга келиб, ташхис терминал босқичга ўтгани сабабли уни соғлом ҳаётга қайтаришнинг ягона усули сифатида буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти тавсия этилган.
Ҳозир З.Нортожиева трансплантолог мутахассислар тиббий кузатуви остида бўлиб турибди. Унинг буйрак фаолияти тикланишида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Шунингдек, беморга донорлик қилган отаси Д.Нортожиевнинг саломатлиги ҳам яхшиланиб боряпти.
Маълумот ўрнида, Сурхондарёда давом этаётган оммавий тиббий кўриклар доирасида вилоят тиббиёт муассасаларида эндопротезлаш, кардиохирургик, нейрохирургик ва офтальмологик йўналишларда ҳам қатор юқори технологияли мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг