Олтин сотиш — Марказий банкнинг анъанавий фаолияти

14:51 04 Ноябрь 2020 Иқтисодиёт
2148 0

Сўнгги пайтларда Ўзбекистоннинг олтин экспорти бўйича етакчилиги турли мунозараларга сабаб бўлмоқда. Дарҳақиқат, жорий йилнинг 3-чорагида жаҳон олтин бозори конъюнктураси қулай келди ва август ойининг бошида олтиннинг нархи рекорд даражага (2067 АҚШ долларига) кўтарилди.

Бу эса, олтин-валюта захиралари таркибини оптималлаштириш, олтинни сотиш ҳисобидан қўшимча даромад топиш учун қулай вазият ҳамдир.

Одатда, марказий банклар олтин-валюта захиралари миқдорини эълон қилиб бораса-да, валюта бозорида алмашув курси барқарорлигини таъминлаш учун қанча миқдорда интервенцияни амалга оширишини жамоатчиликка билдирмайди. Бироқ шуниси маълумки, Марказий банк алмашув курсининг кескин тебранишини олдини олиш учун зарур пайтларда майдонга чиқади. Хорижий валютага талаб юқори бўлган шароитда Марказий банк хорижий валюта таклифи билан чиқади, натижада хорижий валюталар сўмга сотилганлиги боис муомаладаги пул массаси ҳажми қисқаради. Бу ҳолат агар Марказий банкнинг, айтайлик, инфляцион таргетлаш бўйича мақсадли кўрсаткичларига мос келса, интервенциянинг пул массасига таъсири «тозаланмайди». Аксинча, интервенция пул-кредит сиёсати мақсадларига зид бўлса, у ҳолда, масалан, давлат қимматли қоғозлари бозорида очиқ операциялар амалга оширилиб, айнан хорижий валютани сотишдан келган миллий валютадаги маблағлар қайта муомалага киритилади, яъни интервенциянинг таъсири «тозаланади».

Бундан ташқари, Марказий банк хорижий валюта бозоридаги ликвидликни тартибга солиш мақсадида голд-своп операцияларидан фойдаланиши мумкин.

Юқоридаги ҳолатлардан кўриниб турибдики, олтин-валюта захираларидан Марказий банк пул-кредит сиёсати мақсадларига эришишда фаол фойдаланади.

Шунингдек, олтин нархининг ўсиш тенденциясига эга бўлиши жамғармаларни инфляция таъсиридан ҳимоялашда муҳим роль ўйнайди. Чунки сўнгги уч йилда нархларни эркинлаштириш сиёсати натижасида мамлакатимизда инфляция суръатлари ошди. Бу эса аҳоли жамғармаларини АҚШ долларига ўтказилишини рағбатлантирди ва шунга мос равишда, миллий иқтисодиётда долларлашув даражаси ҳам ортди. Масалан, республикамиз банк секторида хорижий валютадаги депозитларнинг жалб қилинган жами депозитлардаги улуши 2020 йилнинг 1 январь ҳолатига 43,9 фоизни ташкил этган.

Марказий банк томонидан оғирлиги 5, 10, 20 ва 50 грамм бўлган, 999,9 софликдаги олтиндан тайёрланган қуймаларнинг махсус ҳимоя қадоқларида сотувга қўйилиши мамлакатимиз иқтисодиётидаги долларлашувга қарши курашда муҳим восита вазифасини бажариши мумкин.

Бунинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, олтинни ташқарига экспорт қилишдан хавотирга тушаётган юртдошларимиз кўнглига тасалли бўлади, яъни олтинни фуқароларимиз харид қилади ва ички олтин бозори шаклланади.

Бироқ, фаол ташқи қарз сиёсатини амалга ошираётган мамлакат олтин-валюта захирасининг кескин камайишига йўл қўймаслиги керак. Зеро, мамлакатнинг халқаро валютавий ликвидлиги халқаро кредиторлар билан муносабатда муҳим аҳамият касб этади.

Нодир ЖУМАЕВ,

иқтисод фанлари доктори, профессор

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер