“Олмалиқ КМК” АЖ: рақамлаштириш, маҳаллийлаштириш ва инвестиция дастурлари — амалда

Фото: Сирожиддин Воҳидов / «Халқ сўзи»
“Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ технологик ишлаб чиқариш занжирининг бошланғич нуқтаси бўлган Қалмоққир карьери жуда қулай географик ва иқтисодий шароитга эга Олмалиқ — Aнгрен саноат минтақасида жойлашган.
“Қалмоққир” кон бошқармаси — йирик кончилик корхоналаридан бири. Ушбу кондан ўтган йили 38 млн. 800 минг тонна руда қазиб олинган. Жорий йилда бу кўрсаткични 34 млн. тоннага етказиш белгиланган.

Президентимизнинг 2017 йил 1 мартдаги қарорига мувофиқ, “Ёшлик-1” конини ўзлаштириш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳанинг ишга туширилиши натижасида йилига 105 млн. тонна руда қазиб олиш қувватига эга бўлган кон, 60 млн. тонна руда қайта ишлаш имкониятга эга бўлган янги 3-сонли Мис бойитиш фабрикаси, 50 млн. тонна руда қайта ишлаш имкониятга эга бўлган янги 4-сонли Мис бойитиш фабрикаси, Мис эритиш заводи ишлаб чиқариш қувватлари кенгайтирилади.

Янги 2 ва 3-сонли эритиш (Ванюков) печлари, янги анод печлари ва қуйиш машиналари, узлуксиз конверторлаш бўлимлари қурилиши амалга оширилади, 6 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилади.

Олмалиқ кон-металлургия комбинатида “Рақамли ОКМК — 2030” концепцияси тасдиқланган бўлиб, унга мувофиқ, захира маълумотлар марказини яратишни ҳисобга олган ҳолда мавжуд сервер инфратузилмасини, ОКМКнинг таркибий бўлинмаларида Маҳаллий ҳисоблаш тармоғини, мавжуд компьютерлар базасини ва алоқа тизимларини модернизация қилиш ишлари босқичма-босқич амалга ошириляпти.


Хусусан, комбинатнинг узоқ масофада жойлашган корхона ва бўлинмалари ҳам ягона корпоратив тармоққа уланади. Бу эса мувозанатли, юқори унумдорликка эга, хатоларга ва офатларга чидамли маълумотлар марказининг ишлашини таъминлайди ҳамда комбинатнинг таркибий бўлинмаларида корпоратив ахборот тизимлари ва хизматларидан фойдаланишни, барча маълумот алмашинувларини ягона рақамли алоқа майдонига бирлаштириб, ахборот алмашиниш тезлигини таъминлайди.

Концепцияга асосан комбинатда кон-геологик ахборот тизимларини ривожлантириш дастури ҳам ишлаб чиқилган бўлиб, у ушбу соҳада халқаро мутахассислар томонидан тан олинган дастурий таъминотлардан фойдаланган ҳолда ўз фаолиятини амалга оширади. Бундан ташқари, Ангрен кон бошқармасининг “Қизил-Олма” ва “Разведочная” конлари учун “Кон диспетчер” автоматлаширилган диспетчерлик бошқарув тизимини татбиқ этиш режалаштирилган.

Мазкур лойиҳа комбинат таркибий бўлинмаларининг барча шахтасида босқичма-босқич жорий қилинади. Комбинатда маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш асосан икки йўналишда амалга ошириб келинмоқда.

Биринчиси, комбинатнинг мавжуд ва янги қувватларида маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда юртимизда фаолият юритиб келаётган ишлаб чиқарувчи корхоналар билан кооперация алоқаларини кенгайтириш ҳисобига маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳисобланади.


Жорий йилнинг ўтган беш ойи давомида комбинатда маҳаллийлаштириш дастури доирасида 67 та лойиҳа асосида 73 млрд. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эришилди. 308 минг долларлик маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар экспорт қилинди.



Комбинатда маҳаллийлаштириш дастурига асосан, Марказий таъмирлаш механика заводида жорий йилнинг январь — май ҳолатига кўра, 41,4 млрд. сўмлик, Рух заводида эса 10,9 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган.


Яқин истиқболда маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш мақсадида, заводни модернизация қилиш ва бунинг натижасида технологик ускуналар учун ҳозирда импорт орқали сотиб олинаётган эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмларни ушбу бўлинма қувватларида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.



Умуман, “Олмалиқ КМК” АЖда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, реконструкция ва модернизация ишлари натижасида ишлаб чиқариш сифат кўрсаткичлари янада ошади.

Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг