Олис ва чекка ҳудудларда малакали тиббий хизмат йўлга қўйилмоқда
Фото: Халқ сўзи
Давлатимиз раҳбари раислигида шу йил 28 март куни соғлиқни сақлаш соҳасидаги устувор вазифалар ижроси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида энг олис, чекка ҳудудларда малакали тиббий хизматни йўлга қўйиш масаласи илгари сурилган эди. Бу борада Самарқанд вилоятида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Бунинг учун алоҳида «йўл харита»си ишлаб чиқилиб, апрель ойида беш туманда (Тайлоқ, Булунғур, Паяриқ, Ургут, Каттақўрғон) биттадан янги оилавий шифокорлик пункти очилди. Йил якунигача яна 12 та ана шундай бирламчи тиббий-санитария пунктларини фойдаланишга топшириш кўзда тутилмоқда.
Олис ва чекка ҳудудлардаги 119 та маҳаллада махсус контейнерлар ўрнатилиб, тиббиёт пункти ташкил қилинди. Жумладан, Тойлоқ туманидаги «Ўрай-Элпок», «Тараққиёт», «Нуроний», «Қўшчинор», «Давлатобод», «Илмобод» маҳалла фуқаролар йиғинларида бирламчи тиббий-санитария пунктлари очилиши билан 28 мингдан ортиқ аҳолининг узоғи яқин бўлди. Бундан ташқари туманнинг яна 4 та – «Чорбоғтепа», «Шопўлот», «Талли ота», «Эски жума» МФЙларининг 8210 нафар аҳолиси учун 4 та контейнер олиб келиш чоралари кўрилмоқда.
Айтиш керакки, қишлоқларда ўрнатилган бу контейнерларда беморларни қабул қилиш, уларга сифатли амбулатор хизмати кўрсатиш учун етарли шароит яратилган.
Шу билан бирга вилоятда 18 ёшгача бўлган болаларнинг 310 минг нафари педиатр, стоматолог, эндокринолог, ортопед каби тор мутахассислар томонидан манзилли кўрикдан ўтказилди ва бу жараён айни дамда давом этмоқда.
Маҳаллий бюджетдан 1 миллиард 350 миллион сўм эвазига олинган 1 та «Исузу» автобуси тўлиқ зарур тиббий жиҳозлар билан таъминланиб, мобил поликлиника ташкил қилинган эди. Ушбу мобил поликлиникалар ҳар куни вилоятнинг олис ва чекка ҳудудларида мақсадли скрининг ўтказиб келяпти. Апрель ойида Пастдарғом, Қўшработ, Паяриқ ва Ургут туманларининг 20 та маҳалласида 122 ярим мингга яқин аҳоли юрак қон-томир, эндокрин ва бошқа касалликларни эрта аниқлаш мақсадида тўлиқ мақсадли скринингдан ўтказилди.
— Бирламчи тиббиёт тизими самарадорлигини ошириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, касалликларнинг олдини олиш мақсадида вилоятнинг 23 та йирик тиббиёт муассасалари бош шифокорлари етакчилигида 600 нафарга яқин шифокорлар Қўшработ туманида 11 минг хонадон аҳлини тиббий кўрикдан ўтказди, — дейди Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Суҳроб Зайниев. — Шунингдек, аҳолининг саломатлик билан боғлиқ мурожаатлари ҳам тингланиб, уларга тегишли тавсиялар берилди.
Қўшработда, шунингдек, юрак қон-томир, травматология, эндокриноголия, акушер-гинекология, кўз касалликлари билан боғлиқ жарроҳлик амалиётлари соҳанинг малакали шифокорлари томонидан туманнинг ўзида муваффақиятли бажарилди. Жумладан, вилоят кардиология маркази бош шифокори Мақсуд Саидов бошчилигидаги бир гуруҳ мутахассислар туманда уч нафар беморда мураккаб операцияни амалга оширди.
— Қўшработда 1 минг 200 нафар беморни бирламчи скрининг текширувидан ўтказганимизда, уларнинг 300 нафарида юрак қон-томир касалликлари борлиги, 57 нафари операцияга муҳтож экани, уларнинг 5 нафарига кечиктириб бўлмайдиган операция зарур экани аниқланди, — дейди Самарқанд вилоят кардиология маркази бош шифокори ўринбосари Акмал Раҳматуллаев. — Белгиланган жарроҳлик амалиётлари яхши ўтди. Шунинг ўзиёқ бугунги кунда мураккаб операцияларни туманларда ҳам ўтказиш учун зарур имкониятлар мавжудлигини тасдиқлайди.
— Шифокорлар тиббий кўрик давомида қизимнинг юрагида нуқсони борлигини аниқлашди, — дейди Қўшработ тумани Қувкалла маҳалласида яшовчи Муниса Аҳмедова. — Катта қизимда ҳам ўтган йили юрагида нуқсон аниқланганди, афсуски, уни вилоят марказига олиб боришга маблағимиз йўқ эди. Бугун вилоятдан шифокорлар келиб, ҳаммасини ўзлари қилишди. Шукр, иккала қизимнинг ҳам операцияси яхши ўтди.
Дарвоқе, Қўшработда эндиликда юрак операциясига муҳтож барча беморларда жарроҳлик туман тиббиёт бирлашмасининг ўзида амалга ошириладиган бўлди. Вилоят кардиология маркази шифокорлари ҳар шанба куни шу ҳудудда операция ўтказиши белгиланди. Шунингдек, қўшработлик шифокорларнинг вилоят марказида малака ошириши йўлга қўйилиб, келгусида ушбу операцияларни маҳаллий жарроҳларнинг ўзи мустақил амалга ошириши режалаштирилган.
Бугунги кунда вилоятнинг ҳар бир туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларида неврология, кардиология, эндокринология каби йўналишларида элликка яқин янги бўлимлар ташкил этилди. Жумладан, Каттақўрғон туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 105 ўринли туғруқ бўлими, 40 ўринли жарроҳлик бўлими, 30 ўринли шошилинч тез тиббий ёрдам бўлими, жонлантириш бўлими ва қабулхонаси инвестиция дастури доирасида 8 миллиард сўмга яқин маблағ эвазига таъмирдан чиқарилди. Бундан ташқари, 4,8 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига замонавий тиббиёт жиҳозлари олиб келинди. Туман марказларидан 50-80 километр узоқликда жойлашган учта аҳоли пункти (Қўшрабодда Оқчопсой, Нурободда Тепақул, Каттақўрғонда Жизмонсой)да алоҳида тиббий ёрдам бригадалари навбатчилиги ташкил этилди.
— Бундан ташқари вилоят силга қарши кураш сиҳатгоҳи 5,5 миллиард сўм маблағ ҳисобига тўлиқ таъмирланиб, ишга туширилди, — дейди Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Даврон Жуманиёзов. — Вилоят перинатал марказида маҳаллий бюджет ҳисобидан 1,5 миллиард маблағ эвазига қурилиш ва таъмирлаш ишлари якунланди. Оилавий поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктларининг барчасида кундузги стационарлар иш вақти соат 20:00 гача узайтирилди. Барча туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида болалар бўлимлари ташкил этилди. 650 нафар шифокор ва ҳамширалар IT-парк ва марказларда ўқитилди.
Шу тариқа вилоятнинг энг чекка ҳудудларида тиббий хизмат сифат ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари малакали тиббиётнинг аҳолига яқинлашиши ҳамда соғлом турмуш кўрсаткичлари изчил ўсишига сезиларли таъсир кўрсатмоқда.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг