Олийгоҳлардаги 78 фоиз профессор-ўқитувчиларнинг чет тилини билиш даражаси қониқарсиз. Бу каби ҳолатларни бартараф этиш учун аниқ таклифлар билдирилди
Таълим тизимида 2 мингдан ортиқ чет тили ўқитувчиси лавозими вакант. 1400 та мактабда чет тилини ўқитиш сифати мутлақо қониқарсиз. Ўқитувчиларнинг атиги 4 фоизи тил сертификатига эга. Чет тили ўқитувчиларининг 49 фоизи тестдан ўта олмаган. Олийгоҳлардаги 78 фоиз профессор-ўқитувчиларнинг чет тилини билиш даражаси қониқарсиз.
Президент Шавкат Мирзиёев куни кеча чет тилларни ўқитиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида юқоридаги муаммоларни санаб ўтар экан, мамлакатимизда хорижий тилларни ўргатиш бўйича келажак учун мустаҳкам пойдевор бўладиган янги тизимни йўлга қўйиш вақти-соати келганини таъкидлади.
— Биз рақобатдош давлат қуришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эканмиз, бундан буён мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юрти битирувчилари камида 2 та чет тилини мукаммал билишлари шарт. Бу қатъий талаб ҳар бир таълим муассасаси раҳбари фаолиятининг асосий мезонига айланиши лозим, — деди давлатимиз раҳбари.
Видеоселектор йиғилишида шу мақсадда Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ташкил этилиши маълум қилинди ва агентликнинг асосий вазифалари белгиланди. Яъни, агентлик «боғча – мактаб – олий таълим – корхона» занжири орқали, аҳолининг барча қатламига мос бўлган методика, тавсия ва дарсликларни ишлаб чиқади ҳамда жорий этади.
Энди ҳар бир вилоятда биттадан университет чет тиллари бўйича таянч муассаса сифатида фаолият кўрсатади ва малакали ўқитувчилар рағбатлантирилиб борилади. Жумладан, халқаро сертификатга эга бўлган ўқитувчиларнинг ойлик маошига 50 фоизгача устама берилади.
Чет тили бўйича энг яхши мактабларни аниқлаш учун Президент соврини таъсис этилади ва туман, шаҳар, вилоят ва республика даражасида танлов ўтказилади. Танлов ғолиблари 100 миллион сўмдан 500 миллион сўм миқдорида мукофотланади.
Йиғилишда олий таълимда мутахассислар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди ва хориж тиллари бўйича қабул квоталари 2 баравар кўпайтирилиб, давлат гранти эса 3 бараварга оширилиши белгиланди. «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали хорижий докторантурада таълим олиш учун йилига 20 та ўрин ажратилади. Ҳафтанинг бир куни хорижий тилларни ўрганиш куни этиб белгиланади.
Мамлакатимизда хорижий тилларни ўқитиш ва ўрганишга бежиз бу даражада эътибор қаратилаётгани йўқ. Чунки ёшларимизнинг чет тилларни ўрганишга бўлган интилиши бугун ҳар қачонгидан ҳам юқори. Бунинг асосий сабаби – Янги Ўзбекистон дунёга ўз эшикларини янада кенгроқ очди ва дунё ҳам очиқлик ва ошкорлик йўлидан собитқадамлар билан кетаётган мамлакатимиз билан янада яқин муносабатлар ўрнатишга ҳаракат қилмоқда.
Жамшид ҚОСИМОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг