Олий Мажлис Сенатининг 2023 йилдаги фаолияти сарҳисоб қилинди

10:49 19 Январь 2024 Сиёсат
656 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Сенатнинг қирқ тўққизинчи ялпи мажлисида Олий Мажлис Сенатининг 2023 йилдаги фаолияти якунларига бағишланган масала кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, ўтган йил давомида Сенат Конституция ва қонунларда белгиланган ваколатлари, шунингдек, 2022−2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида акс этган устувор йўналишлардан келиб чиқиб фаолият юритди.

Жумладан, қонунчилик фаолиятини такомиллаштириш, парламент назоратини кучайтириш, халқаро ва парламентлараро муносабатларни кенгайтириш, маҳаллий Кенгашлар фаолиятига кўмаклашиш, халқ билан мулоқот самарадорлигига эришишда парламент таъсирини ошириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Қайд этиш жоиз, жорий йилда миллий тараққиётимизнинг устувор йўналишларини қамраб олган ҳамда инсон қадри деган улуғвор тамойилни ўзида жамлаган янгиланган Конституция қабул қилинди.

Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган “Ўзбекистон — 2030” стратегияси эса бошланган ислоҳотларимизни сифат ва мазмун жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиши билан аҳамиятлидир.

Бундай фаол янгиланишлар шароитида парламент, хусусан Сенатнинг ҳам ўрни ва роли тобора ошиб бормоқда. Айниқса, сенаторлар жорий йилда ҳудудларда сермаҳсул фаолият юритиб, долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар ечимига ўз ҳиссаларини қўшди.

Қонунчилик йўналишида жами 91 та қонун кўриб чиқилди. Қонунларни тизимли таҳлил қилиш ва уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш амалиёти давом эттирилиб, бир қатор қонунлар ижроси, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилинишини мониторинг қилиш якунлари бўйича Ҳукумат олдига тегишли вазифалар қўйилди.

Парламент назорати доирасида Сенат ялпи мажлисларида 8 маротаба ҳукумат аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ҳудудлар раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.

Сенаторлар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган масалаларни ўрганишга алоҳида эътибор берган ҳолда, сенаторлар томонидан Сенат ялпи мажлислари муҳокамасига 17 та муаммоли масалалар олиб чиқилди ва улардан 9 таси ижобий ҳал этилди. Қолган 8 таси бўйича ҳозирги вақтда муаммоларни ижобий ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, бюджетни ижтимоий йўналтириш, жумладан маблағларни ҳудудларда аҳолини ташвишга солаётган долзарб масалаларни ҳал қилишга йўналтиришда Сенат фаол иштирок этмоқда.

Йил давомида Сенатнинг ҳудудларда олиб борган ўрганишлари ва унинг якунлари асосида ҳукуматга киритган таклифлари асосида жойлардаги муаммоли масалаларни (мактаб, боғча, касалхона, сувдан фойдаланиш, йўл қуриш ва ҳ.к.) ҳал қилишга умумий ҳисобда 1 трлн сўмдан зиёд бюджет маблағлари йўналтирилиши таъминланди.

Сенат қўмиталари томонидан назорат-таҳлил фаолияти доирасида ҳудудларда 80 га яқин ўрганиш ўтказилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Халқаро парламент муносабатлари доирасида хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар, халқаро молия тузилмалари ва бизнес вакиллари билан ўтказилган 200 дан зиёд учрашувларда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Икки томонлама парламент алоқаларини ва ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида парламентлараро гуруҳларнинг 10 та йиғилиши бўлиб ўтди. Сенат ташаббуси билан 4 та халқаро тадбир ўтказилди.

Маҳаллий Кенгашлар фаолиятига услубий-амалий ёрдам кўрсатиш учун маҳаллий Кенгашлар депутатлари учун мунтазам равишда ўқув курслари, семинарлар ташкил этилди.

Маҳаллий Кенгашлар фаолиятини услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан маҳаллий бюджет ижроси устидан депутатлик назоратини ташкил этиш бўйича ҳамда парламент дипломатияси бўйича амалий қўлланмалар ишлаб чиқилди.

Бундан ташқари, Сенат Раиси бошчилигида коррупция, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш, хотин-қизлар масалалари, гендер тенгликни таъминлаш, халқаро рейтинглар билан ишлаш каби қатор долзарб йўналишларда миллий тузилмалар фаолияти изчил давом эттирилди.

Қайд этилган йўналишларда олиб борилган ислоҳотлар натижасида мамлакатимиз учун устувор этиб белгиланган нуфузли халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг ўрни кўтарилди.

Мажлис давомида Сенат фаолияти якунлари кўриб чиқилгач, 2024 йилга мўлжалланган парламент юқори палатасининг устувор вазифалари ҳам белгилаб олинди.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?