Олий Мажлис Сенати Кенгашининг навбатдаги сайёр мажлиси Қашқадарё вилоятида ўтказилди
Олий Мажлис Сенати томонидан республикамиз туман ва шаҳарларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг самарали ижро этилиши устидан парламент назорати амалга оширилиб, бу борада услубий ва амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Сенат Кенгашининг навбатдаги сайёр мажлиси Қашқадарё вилоятида ўтказилди ва унда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда аҳолини сифатли ижтимоий хизматлар билан таъминлаш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ижроси муҳокама қилинди.
Сўзга чиққанлар вилоятда ушбу йўналишда қатор натижаларга эришилганлигини алоҳида таъкидладилар.
Хусусан, сўнгги 7 йилда Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифаларни ижросини таъминлаш натижасида ялпи ҳудудий маҳсулот 1,3 баробарга, саноат ишлаб чиқариши 1,5 баробарга, қурилиш ишлари 1,5 баробарга ва хизматлар 1,9 баробарга ошган.
Ушбу даврда 5,2 минг км ичимлик суви тармоқлари тортилиши натижасида ичимлик суви таъминоти 29,8 фоиздан 59,4 фоизга етказилган. 7,7 минг км узунликдаги таъмирталаб йўллар ҳолати яхшиланди, 480 га яқин кўп қаватли уйлар қурилиб фойдаланишга топширилган.
2023 йилда инвестиция дастурлари доирасида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш бўйича 836 млн долларлик 1 340 та лойиҳа ишга туширилган. 377 млн доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилган. Маҳаллийлаштириш дастури бўйича 391,6 млрд сўмлик импорт ўрнини босувчи 25 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилган.
Ҳудудий бандлик дастури доирасида доимий, вақтинчалик ва мавсумий иш ўринларида ўтган йилда 474 минг аҳолининг бандлигини таъминлашга эришилган.
Муҳокама жараёнида сенаторлар ҳудудда амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга айрим камчиликлар ва ўз ечимини кутаётган муаммоларга ҳам эътибор қаратди.
Хусусан, иқтисодий ўсишни таъминлаш, инвестицияларни жалб қилиш, экспорт прогнози кўрсаткичлари ижросини таъминлашда айрим туманларда ишлар етарли даражада ташкил этилмаган.
Жумладан, 2023 йилда Деҳқонобод туманида саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, Китоб, Миришкор, Ғузор ва Қарши туманларида эса асосий капиталга инвестициялар ҳажмида ўсиш суръатлари таъминланмаган.
Экспорт прогнози кўрсаткичлари Муборак, Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманларида атиги 50-55 фоизга бажарилган.
2023 йилда якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолиятини бошлаган 7,5 мингта субъектнинг 36 фоизи фаолиятини тўхтатиб қўйган. Ушбу кўрсаткич Китоб, Косон, Кўкдала ва Чироқчи туманларида юқори. Бу ҳолатни сабаби таҳлил қилиниб тегишли чоралар кўрилмаган.
Бўш турган давлат объектларига тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш ишлари самарадорлиги ҳам паст. Аукцион савдоларига чиқарилган 130 га яқин бўш турган бинолар 3 ойдан ортиқ вақт мобайнида сотилмаган.
Жорий йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, солиқ тўловчиларнинг бюджет олдидаги муддати ўтган қарздорлиги ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15 фоизга ошган.
Шунингдек, мажлисда сенаторлар томонидан вилоятда хизматлар соҳасини янада ривожлантириш, паст қувватда ишлаётган саноат корхоналари билан ишлаш, инвестициялар жалб қилиш, экспорт ҳажмини ошириш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, муқобил энергияни жорий қилиш, сув тежовчи технологияларни ўрнатилиши юзасидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда йўл қўйилган камчиликлар масъул вазирлик ва идораларга кўрсатиб ўтилди ҳамда қатор таклифлар билдирилди.
Маҳаллий бюджет даромадлари барқарорлигини таъминлашда иқтисодий комплекс раҳбарларининг масъулиятини ошириш, фаолияти тўхтаб қолган тадбиркорлик субъектларининг муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирларни қабул қилиш, ишсиз хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш ҳамда бу борада мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш шулар жумласидандир.
Муҳокама якунида Сенат Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг