ОЛАМГА НАВОИЙ НАСЛИМАН ДЕГАН, ОВОЗИ БАРАЛЛА БЎЛГАНИ ШУДИР

17:46 24 Ноябрь 2021 Жамият
206 0

Фото: Халқ сўзи

Президентимизнинг 2020 йил 19 октябрдаги “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори асосида Навоий шаҳрида IV халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Унда АҚШ, Канада, Туркия, Озарбайжон, Россия, Эрон, Қозоғистон, Тожикистон, Мўғулистон, Афғонистон каби давлатлардан таниқли навоийшунос олим ва тадқиқотчилар иштирок этди.

Конференция муносабати билан “Алишер Навоий ижодий меросининг башарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзусида навоийшунос олим ва тадқиқотчилар томонидан тақдим этилган икки юздан ортиқ янги маъруза ва мақолалар яхлит тўплам шаклида чоп этилиб, иштирокчилар ҳукмига ҳавола қилинди.

— Ҳазрат Навоийнинг ижоди ва фаолияти тадқиқотига бир қатор Европа мамлакатларида ўн еттинчи асрлардаёқ киришилган, - дейди конференция масъул котиби, навоийшунос олим Улуғбек Сатторов. — Шоир асарлари Европа халқлари тилларига таржима қилинган. Ўн тўққизинчи асрнинг 60-йилларида Ўрта Осиёни қадам-бақадам кезиб чиққан Арминия Вамберининг ушбу ҳудудда яшаётган кишилар Навоий ғазаллари ва унинг ҳаёти фаолиятини ёд билишидан ҳайратга тушганлигини бир эсга олайлик. Афсуски, кейинчалик мустабид тузум мафкураси туфайли Навоийдан йироқлашдик. Тадқиқотларнинг аксариятида унинг давлат арбоби сифатидаги фаолиятига кўпроқ эътибор қаратилди.

Мана, қарийб уч аср ўтиб, яна юртимиз навоийшунослик тадқиқотлари марказига айланиб бормоқда. Мисли кўрилмаган илмий изланишлар олиб борилиб, тадқиқот ҳадларидан чегаралар олиб ташланди.

Модомики, сўз адабиёт ва эркинлик хусусида бораркан, Навоий асарлари маддоҳлик ва хушомадгўйликлардан йироқлиги туфайли на замон ва на макон танлайди. Инсон ички олами, маънавий комиллиги ҳар доим шоир ижодининг диққат марказида бўлган.

Конференция иштирокчилари дастлаб улуғ шоирнинг Навоий шаҳридаги муаззам ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, ғазал мулки султони сиймосига эҳтиром кўрсатдилар. Шундан сўнг вилоят Маънавият ва маърифат марказида конференциянинг очилиш маросими ҳамда ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими в.б. Н.Турсунов анжуман иштирокчиларини қутлаб, мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган мазкур халқаро илмий анжуманга тобора қизиқиш ортиб бораётганлигини таъкидлади.

— Бугун дунёга янги тафаккур ва янги фикр билан қараётган Ўзбекистонда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган мамлакатимиз раҳбарининг даъватларида ҳазрат Навоий орзуларининг рўёби ўз ифодасини топмоқда, - деди Н. Турсунов. — Зеро, Навоий бобомиз халқ ғамини ўйламайдиган, унинг дардларини тингламайдиган кишиларни ҳақиқий инсон деб бўлмаслигини таъкидлаб, “Менга юз жафо етказсалар, бир марта ҳам нолимайман, аммо халққа бир жафо қилсалар, юз марта фарёд қиламан” деб ёзган эдилар.

Шунингдек, конференция иштирокчилари Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиева, НКМК Бош директори Қувондиқ Санақулов, Озарбайжон Миллий илмлар академияси бўлим бошлиғи Олмос Улви, Эски Чаноққалъа университети ректори Абдураҳмон Гўзал (Туркия), Хўжанд давлат университети доценти Бахтиёр Файзуллоев (Тожикистон), Британия Колумбия университети тадқиқотчиси Дилсора Комил Бурлей (Канада), Навоий давлат педагогика институти ректори Баҳодир Собиров, Россия Федерацияси Шарқ давлат музейи директори ўринбосари Илья Зайцев, АҚШлик навоийшунос Азизуллоҳ Аррал ( ZOOM орқали) ва бошқа бир қатор олимларнинг шоир ижодининг қардош халқлар адабиётида тутган ўрни, давлат арбоби сифатида фалсафий қарашлари, буюк мутафаккирнинг ёш авлод тарбияси учун ибратомуз фаолияти юзасидан маърузаларини тингладилар.

— Навоий шеъриятининг адабий анъаналари Озарбайжон шоирлари учун асрлар давомида илҳом манбаи бўлиб келмоқда, - дейди Олмос Улви. — Чунончи, XIX асрда яшаб ижод қилган қорабоғлик шоир Абдулла Бек Асий эски ўзбек тилида бир қатор ғазал ва таржибандлар яратган. Шунингдек, XIX аср озарбайжон адабиётининг Шемахи, Ордубада, Дербент каби шаҳарларида яшаб, ижод этган шоирлари адабий меросида ҳам Алишер Навоий шеъриятининг улкан таъсирини кузатиш мумкин.

Конференция ўз ишини етти шўъбага бўлинган ҳолда давом эттирди. Уларда “Навоий ижодиёти: ғоя ва бадиият олами”, “Навоий ижодининг тасаввуфий қатлами ва матншунослик масалалари”,”Навоий ижодиёти: муосир адабиёт ва фольклор”, “Алишер Навоий ва адабий таъсир масалалари”, “Навоий жаҳон шарқшунослиги нигоҳида”, “Алишер Навоий ва замонавий таълим”, “Навоий ижоди ва тилшунослик масалалари” мавзуларида тадқиқотчилар томонидан тақдим этилган мақола ва маърузалар муҳокама этилди.

— Алишер Навоийнинг 1500 йилда ёзилган “Маҳбуб ул-қулуб” девони давлатчилик тарихи ва анъаналарини, бошқарувнинг илғор усуллари, ҳукмдор ва халқ муносабатларини ўзида ифода этади, - дейди Туркиядаги Эски Чаноққалъа университети ректори Абдураҳмон Гўзал. — Ўрта аср Европа файласуфларига шу жиҳатлари билан ибрат бўлади. Ёки 1496 йил “Насойим ул-муҳаббат” девонини олайлик. Унда сўфизмнинг 750 шайхлари ҳақида маълумот берилган. Шуниси билан мазкур девон сўфизм тарихининг нодир манбаси ҳамдир.

Анжуман доирасида ўтган матбуот конференциясида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

— Мазкур анжуман, энг аввало, геосиёсий глобаллашув жараёнлари минг-минг йиллар давомида шаклланиб, ўз такомилини топган умумбашарий қадриятлар, миллий анъаналар, асрий маънавий бойликларга таҳдид солаётган замонамизда Навоий ижоди ва фаолияти, шахсий намунаси ҳар доим йўлчи юлдуз, ибрат мактаби бўлиб қолади, - дейди Навоий вилояти ҳокими ўринбосари Яшин Душанов. — Бу мерос бугунги кунда нафақат туркий халқлар, балки башариятнинг мулкига айланиб, инсоний муносабатлар, халқлар ўртасидаги дўстлик, қардошлик ришталарини тобора мустаҳкам боғламоқда.

Конференциянинг ёпилиш маросими эртага шаҳардаги “Фарҳод” Маданият саройида бўлиб ўтади. Унда шоир ғазалларига басталанган куй ва қўшиқлардан иборат катта концерт дастури намойиш этилади.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?