«Ўхшаши йўқ бу гўзал бўстон»

17:07 30 Январь 2025 Жамият
220 0

Рустам НУРМАТОВ/«Халқ сўзи». Зомин деганда кўз ўнгимизда виқорли тоғлар, кўм-кўк ястаниб ётган адирлар, иқлим шароити ва соф ҳавоси билан эътиборимизни тортган сеҳрли ўлка келади. Зомин атамаси фақат зоминликлар учун эмас, ҳамма учун қадрли. Жиззахнинг ўтлуғ шоири Ҳамид Олимжон мазкур мисраларни ёзганда нақадар ҳақ эди:

Ўхшаши йўқ бу гўзал бўстон,

Достонларда битган гулистон.

Ўзбекистон дея аталур,

Уни севиб эл тилга олур...

Зомин тоғларини макон тутган юз йиллик арчалар Жиззах вилоятининг кўрку саховатидан нишона. Мутахассислар айтишича, бир туп арча томирлари атрофида 2 тоннагача сув тўпланар экан. Қолаверса, бу дарахт суткасида бир қишлоққа етгулик кислород ишлаб чиқаради. Денгиз сатҳидан 2400 метр баландликда жойлашган 27 минг гектарлик арчазорлар ҳудуд ҳавосини кислород билан муттасил тўйинтиради. Арчалардан ажраладиган эфир бронхиал астма, томоқ оғриғи ҳамда қатор аллергик касалликларга даво ҳисобланади. Шундан шаҳарнинг шовқинли, бироз хиралашган ҳавосидан ёки умуман дунё ташвишларидан холи бўлиш ниятида юртдошларимиз Зоминга келади. Зомин тоғлари этагида кўплаб санаторийлар, ёзги болалар оромгоҳлари, меҳмонхоналар, дам олиш масканлари фаолият кўрсатмоқда. Яъни, хизмат кўрсатиш соҳасида яхшигина рақобат юзага келган. Табиийки, ҳудудда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яқин йилларда атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни бевосита тартибга солувчи ўн бешдан зиёд қонун лойиҳалари қабул қилинди.

Зомин давлат қўриқхонаси 500 дан 2,5 минг ёшгача бўлган ноёб табиий арчазорларни ва арчазорлардаги ҳайвонот ҳамда ўсимлик дунёсини асраш мақсадида 1928 йил Туркистон тоғ тизмасида «Зомин тоғ арчазорлари» Давлат қўриқхонаси ташкил этилган. Орадан 68 йил ўтиб 1994 йил 7 октябрдаги «Зомин давлат қўриқхонаси ҳудудий кенгайтириш ва уни қўриқлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига асосан қўриқхона ҳудудининг аниқ чегаралари белгиланди.

— Қўриқхона ҳудудида фақатгина кузатув ва илмий тадқиқот ишларини олиб боришга рухсат этилади, — дейди Зомин давлат қўриқхонаси илмий ишлар бўйича ўринбосари Қувончбек Тратов. — Бу ерда бошқа, айтайлик, йилнинг ҳар қандай фаслида ҳам қушлар, судралиб юрувчи, сут эмизувчи, ёввойи ҳайвонларни ва умуман қўриқхонада яшаётган ҳар қандай жонзотларни ов қилиш, турли-туман гиёҳ ва ўсимликларни йиғиш-териш, дарахт, айниқса, арчаларни кесиш, ҳатто турли кўчат ва экинларни экиш ҳам, тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш ҳам мутлақо тақиқланади. Ҳозирги пайтда қўриқхона ҳудудида балиқнинг битта тури, яъни қора балиқ, амфибияларнинг 2 тури, судралиб юрувчиларнинг 14 тури, қушларнинг 102 тури, сут эмизувчиларнинг 30 тури мавжуд.

Ўзбекистон ва халқаро «Қизил китоб»га киритилган қор қоплони, Тян-Шан қўнғир айиғи, Туркистон силовсини, илвирс, Северсов қўйи (олқор), сибир тоғ эчкиси, қора гриф, қора лайлак, соқолли калхат, бургут, пакана бургут, оқбошли калхат, лочин ва қизилбошли лочин каби ҳайвон ва қушлар қўриқхона ҳудудида бехавотир яшамоқда. Улардан ташқари бўри, тулки, ёввойи тўнғиз, тасқара, жайра, қуён каби ҳайвонлар, кўплаб чумчуқсимон қушлар ҳам давлат муҳофазасига олинган. Қўриқхона назоратчилари томонидан бир йилда икки марта — кузги ва баҳорги ҳисобот ишлари олиб борилади.

Қиш эрта келадиган тоғли ҳудудларда яшовчи ҳайвонлар гоҳида озуқа тополмай нобуд бўлади. Уларни асраб қолиш учун қўриқхона ходимлари аксарият ҳолларда ўтхўр жониворлар учун ем-хашак, паррандаларга дон қўйиб кетади. Йил давомида ҳайвонларнинг яшаш тарзи, озиқланиши, кўпайиши бўйича илмий-амалий ишлар олиб борилади. Шу сабабли улар юрадиган сўқмоқлар, арчазорларга фотоқопқонлар ўрнатилган. Кечаю кундуз уларнинг ҳаракатлари кузатилади.

Ўтган йилнинг декабрида фотоқопқонга тоғ сувсари «тушди». Аслида Зомин қўриқхонасида сувсар борлигини ҳеч ким билмасди. Қўриқхона ҳудудида ҳайвонларнинг янги тури борлиги аниқланди. Қўриқхона хизматчиларининг вазифалари янада кўпайди. Қўриқхонада миллий бойликларимиз муҳофазага олинган. Уларни асраб келажак авлодга етказиш, экологик муаммоларни бартараф этишга ҳисса қўшишга барчамиз бурчлимиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?