“Ой ёғдусида айтилган алла“

Тошкент фотосуратлар уйида шу номда давом этаётган Ўзбекистоннинг кўҳна ҳунармандлик анъаналари ҳамда бой маданий-тарихий меросини оммалаштиришга қаратилган, юртимизнинг Тошкент, Андижон, Хива ва Ғиждувон каби шаҳарларидаги пешқадам бешиксоз усталарнинг ижодий ишлари билан таништираётган кўргазма томошабинларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Кўргазманинг очилиш маросимида бешик навқирон ҳаётнинг рамзи, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ҳунар, анъанавий маданиятларни бир-бирига туташтириб турган бебаҳо қадрият экани ҳақида сўз борди. Дарҳақиқат, бешик миллий қадриятларимиздан ҳисобланади. Бу маҳсулотни тайёрлаш ва безашда юртимиздаги ҳар бир вилоятнинг ўзига хос анъанаси бор. Кўргазмада халқ усталари ўз асарларини мўъжаз ашёларига қадар ранг-баранг нақшу нигорлар билан тақдим этгани ўзбек бешигининг тарихи ва аҳамиятини очиш имконини беради.
- Азалдан бешик Марказий Осиё маданиятида мустаҳкам ўрин эгаллаган. Ўзбек халқи бешик тимсолида миллий қадриятлари, ўзлиги ва анъаналарини тасаввур қилган, - дейди саънатшунос Бинафша Нодир. - Бу ҳунармандчилик ота-боболаримиздан фарзандлари ва набираларига мерос қолган. Кўргазмада сулолавий усталар ишлаб чиқарган бешиклар ўзлигимизни намоён этади. Улар асрлар мобайнида фойдаланилган тайёр қолип-андозалар асосида янгича, айни чоғда, бешиксозлик анъаналарини давом эттирувчи ҳунармандлик намуналарини яратаётгани қувонарли.
Тошкент фотосуратлар уйида анъанавий бешик тарихига бағишлаб ташкил этилган кўргазма жорий йилнинг 25 ноябрига қадар давом этади.
Адиба Умирова,
“Халқ сўзи“.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 2023 йилдан автомобиль нархи пасайди — UzAuto Motors
- Буюк Британия бош вазири жаримага тортилди
- Ўзбекистон Президенти Ли Куан Ю номидаги мактабга ташриф буюрди ва Сингапурнинг ишбилармон доиралари билан учрашув ўтказди
- НАТО Украина масаласида Россия билан музокара қилишнинг ягона йўлини маълум қилди
- Энергия таъминотини яхшилаш масалалари кўриб чиқилди
- Мактабларда тил ва касб ўргатишни ривожлантириш чоралари белгиланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг